23:14 / 20.07.2021
5 948

Кузьминкидаги оммавий муштлашувдан сўнг Москвада «Мигрант» операцияси бошланди


Москва полициячилари «Мигрант» шартли номи остида операция ўтказишни бошлади: «Кузьминки» метро станцияси ёнидаги муштлашувдан сўнг улар ҳар куни ўнлаб мигрантларни рўйхатга олмоқда. Бу ҳақда Baza Telegram-канали хабар берди.

Хабарда айтилишича, Москванинг барча районларидаги полиция бўлинмаларига МДҲ мамлакатларидан келган мигрантлар олиб келинмоқда. Полициячилар уларни суратга тушириб, бармоқ изларини олмоқда, маълумотлар базасига киритмоқда. Ҳар бир бўлинмага кунига ўн нафаргача мигрант олиб келиняпти.

Эслатиб ўтамиз, 12 июл куни Москвада «Кузьминки» метро бекати ёнида марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани хабар қилинганди. Турли маълумотларга кўра, муштлашувда 50дан 200 нафаргача одам иштирок этган. ОАВда можаро ўзбек ва қирғиз ишчилари ўртасида рўй бергани айтилганди.

Кейинроқ Москва шаҳар ИИВ бош бошқармаси оммавий муштлашувда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қатнашгани, унинг иштирокчилари Россиядан депортация қилиниши ҳақида хабар қилди.

Бундан ташқари, улар суд қарорига кўра, жаримага тортилади. «Қатор шахсларга нисбатан» Россияга кириш тақиқланади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг