20:22 / 21.07.2021
3 293

Порошенко бир йил ичида Қримни Украина таркибига қайтаришга ваъда берди


Фото: Getty Images
Украина собиқ президенти ва «Европа бирдамлик» партияси раҳбари Пётр Порошенко Россия тимсолидаги «босқинчи»ни енгиб, бир йил ичида Қримни «уйга» қайтаришга ваъда берди. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилган, деб ёзади «РБК».

Facebook’даги пости орқали у Қрим татарларига ва «барча украиналик мусулмонларга» уларни Қурбон ҳайити билан табриклаш учун мурожаат қилди. Сиёсатчи бир йилдан сўнг Қримдаги мусулмонлар байрами Украина таркибида нишонланишига умид билдирди.

«Ишонаманки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз босқинчини албатта мағлуб қиламиз ва Қримни уйига қайтарамиз. Тез орада маҳаллий Қрим татарлари Қурбон ҳайитини бемалол Украина Қримида нишонлайди», — деб ёзган Порошенко.

2020 йилнинг июнь ойида Порошенко коронавирус туфайли юзага келадиган иқтисодий инқироз «Россияни Донбасс ва Қримдан чиқиб кетишга мажбур қилиш учун шароит яратиши мумкинлигини айтганди.

Собиқ президентнинг сўзларига кўра, Россия ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизга пасайиши билан чуқур инқирозга кира бошлаганда, Украинада халқаро ҳамжиҳатликни кучайтириш ва Россияни «Нормандия формати»нинг умумий босими остида имзоланган мажбуриятларни бажарган ҳолда Донбасс ва Қримдан чиқиб кетишга мажбур қилиш учун имконият пайдо бўлган.

Ўз навбатида, Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Цеков Украина собиқ президентининг Россиядаги ЯИМнинг пасайиши Қримни қайтариш учун «ноёб имконият» экани ҳақидаги баёнотини иқтисодий жараёнлар нуқтаи назаридан мантиқсиз деб атади. Шунингдек, у тарихий ва миллий жараёнлар нуқтаи назаридан Қрим Россиянинг бир қисми бўлиши мутлақо табиий ҳол эканини айтди.

Маълумот учун 2014 йил март ойида Қримда референдум бўлиб ўтган, унда яриморол аҳолисининг аксарияти Россияга қўшилишни қўллаб-қувватлаган. Украина ва бир қатор Ғарб давлатлари овоз бериш натижаларини тан олмайди ва содир бўлган воқеаларни «аннексия» (босиб олиш) деб ҳисоблайди. АҚШ Қримнинг Россияга қўшилишини ҳеч қачон тан олмасликка сўз берган. Россия ҳукумати бир неча бор Қрим масаласи тарихан ёпиқ эканини таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Порошенко бир йил ичида Қримни Украина таркибига қайтаришга ваъда берди