20:32 / 21.07.2021
2 120

Тожикистонда афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик лагер қурилади


Фото: EADaily
Тожикистоннинг Жайҳун туманида афғонистонлик қочқинларни вақтинчалик жойлаштириш учун база қуришга махсус жой ажратилди, деб хабар бермоқда Asia-Plus.

Хатлон вилояти раҳбари Қурбон Ҳамкимзода маълум қилишича, лагер қурилиши учун маблағ бюджетдан ажратилган, уни қуриш билан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда шуғулланади.

Қурбон Ҳакимзоданинг сўзларига кўра, Хатлон вилояти ҳудудида Қуйи Панж кўприги орқали давлат чегарасини кесиб ўтган илк қочқинлар 113 нафар ҳарбий бўлган, улар ўзлари билан қурол ва техника олиб келган.

«Биз уларни қабул қилдик, чодирлар ва иссиқ овқат билан таъминладик. 94 киши Шамсиддин Шоҳин тумани ҳудудида чегарани кесиб ўтди. Улар учун чегара яқинидаги бозорда чодир шаҳарчасини ташкиллаштирдик. Марказлашган чодирли шаҳарча Мўминобод туманидаги Мумиракда ҳам барпо этилди», — дея қўшиб қўйди вилоят раҳбари.

Қурбон Ҳакимзода қайд этишича, Хатлон вилояти ҳудудида бўлган қочқинлар ва Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида давлат чегарасидан ўтганлари ҳам самолётларда Кобулга қайтиб кетган.

«Бир нарсани унутмаслигимиз керакки, мамлакатимиздаги фуқаролар уруши чоғида афғонистонликлар бизнинг фуқароларимизни қабул қилган, уларни бир неча ойлаб бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлаган. Энди улар фалокатга йўлиқди ва биз шунчаки инсонийлик юзасидан ёрдам беришимиз шарт. Албатта, хавфсизлик ва санитария меъёрларини ҳисобга олган ҳолда», — деди Ҳакимзода.

Эслатиб ўтамиз, 13—14 июль кунлари Тожикистондаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб тумани Қизил-Работ қишлоқ жамоати орқали қирғиз миллатига мансуб 347 нафар Афғонистон фуқароси Тожикистон чегарасини кесиб ўтганди. Кейинроқ уларнинг барчаси, улардан аввалроқ чегарани кесиб ўтган афғон қочқинларининг қолганлари ҳам ўз ватанига қайтган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонда афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик лагер қурилади