07:30 / 24.07.2021
2 352

Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун янги шартномалар тузади


Фото: Тожикистон давлат раҳбарининг матбуот хизмати
Тожикистон ҳукумати тегишли тузилмаларга Қирғизистон билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ҳужжатларни мувофиқлаштириш ва имзолашни буюрди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

Хусусан, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида стандартлаштириш, метрология, маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш ва аккредитация қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим тузилиши кутилмоқда.

Шартнома лойиҳаси матнида ушбу ҳужжат «иқтисодий ва савдо муносабатларидаги техник тўсиқларни бартараф этишга» қаратилгани айтилган. Бундан ташқари, томонлар ўзаро келишиб, пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома лойиҳасини имзолайди.

Шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандумлар лойиҳалари келишув ва тасдиқлаш босқичида турибди.

Ушбу икки томонлама шартномалар тегишли тузилмалар томонидан маъқулланиб, уларнинг имзоланиш санаси ва жойи икки мамлакат ташқи ишлар идоралари томонидан аниқлангандан кейин тузилади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар баҳсли чегара ҳудудларидаги қуролли тўқнашувдан кейин ёмонлашди. Можаро натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар турли даражаларда жароҳат олганди. Шунингдек, 300 дан ортиқ уй ва инфратузилма объектлари вайрон қилинган, айримлари ёниб кетган.

Шу муносабат билан Қирғизистон тожикистонлик фуқаролар ва транспорт воситалари учун ўз чегараларини бир томонлама ёпиб қўйди.
Қирғизистон президентининг июнь ойи охирида Душанбега расмий ташрифи ва Тожикистон раҳбари билан ўтказган музокараларига қарамай, икки давлат ўртасидаги муносабатларда алоҳида илиқлик сезилмади. Масалан, Тожикистоннинг 60 та юк машинаси Қирғизистонда уч ойдан буён ушлаб турилмоқда, тожикистонликлар учун Қирғизистон чегараси ёпиқ қолмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, икки томонлама тожик-қирғиз муносабатларининг шартнома-ҳуқуқий базаси 100 дан ортиқ ҳужжатларни ўз ичига олади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун янги шартномалар тузади