17:23 / 26.07.2021
2 772

Агар «Толибон» ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарбалар беришда давом этади


Фото: Anadolu Agency
Агар «Толибон» ҳаракати ҳужумларини тўхтатмаса, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистон қўшинларига ҳаводан жадал ёрдам беришда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Кеннет Маккензи маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».

«АҚШ сўнгги кунларда афғон кучларини қўллаб-қувватлаш учун авиазарбаларни жадаллаштирди. Агар ‘Толибон’ аъзолари ҳужумларда давом этса, биз ҳам яқин кунларда шундай жадал даражада ҳаводан ёрдам беришда давом этаверамиз», — деди Маккензи.

«Очиқчасига огоҳлантиришни истардимки, шу кунларда Афғонистон ҳукумати қийин синовларга дуч келади. ‘Толибон’ уларнинг ғалабаси муқаррарлигини намойиш қилмоқчи. Аммо улар адашади: ‘Толибон’нинг ғалабаси қандайдир олдини олиб бўлмайдиган нарса эмас», — дея қўшиб қўйди Маккензи.

Айни вақтда АҚШ президенти Жо Байден америкаликлар Афғонистонда бўлган вақтда АҚШ қўшинларига турли ёрдамларни кўрсатган афғонистонликларни эвакуация қилиш учун 100 миллион доллар ажратишга рухсат берди.

Қочқинлар ва мажбуран кўчирилаётган шахсларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва кўчириш билан боғлиқ харажатлар АҚШ ҳукумати томонидан давлат фондидан ажратиладиган маблағдан қопланади. Расмий баёнотда қайд этилишича, 100 миллион долларгача миқдордаги маблағ Афғонистондаги вазиятни инобатга олиб, шунингдек, АҚШ махсус иммиграцион визаларини олиш учун мурожаат қилган Афғонистон фуқароларининг эҳтимолий эҳтиёжларини қондириш учун ажратилмоқда.

Ҳозирда 2,5 мингга яқин афғонистонлик Америка махсус иммиграцион визаларини олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Аммо Ғарб ОАВларининг хабарларига кўра, Америка қўшинларига кўмаклашган, шу жумладан, таржимонлик қилган 18 мингга яқин афғонистонлик ва уларнинг 53 минг оила аъзолари бундай визаларни олишга умид қилмоқда.

Айни пайтда Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши фонида мамлакатда ҳукумат ва «Толибон» ўртасидаги зиддият кучайган.
Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.
Германия, Италия ва Австралия эса Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Агар «Толибон» ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарбалар беришда давом этади