11:50 / 30.07.2021
3 117

Хитой «Толибон»ни қўллаб-қувватлашга ваъда берди


Фото: South China Morning Post
Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида «Толибон» делегацияси ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб ёзади Anadolu Agency.

Sinxua ахборот агентлигининг хабар беришича, «Толибон» делегациясини ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий бюроси раҳбари Мулла Абдул Ғани Биродар бошқарган.

Учрашув давомида Хитой дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, Пекин ҳар доим Афғонистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳамда бу мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори бўлган.

Вазирлик раҳбари Вашингтоннинг афғон сиёсати барбод бўлганини айтиб, «Афғонистонни афғонлар бошқариши керак» тамойили асосида мамлакатда иложи борича тезроқ тинчлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. «Афғонистон афғон халқига тегишли, Афғонистон келажаги ва тақдирини афғон халқининг ўзи ҳал қилиши лозим», — деди Хитой ТИВ раҳбари.

Хитой Афғонистондаги барқарорликни тиклаш жараёнида «Толибон»нинг ролини қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Шу билан бирга музокаралар чоғида Ван И «Толибон»дан уйғур айирмачи ташкилоти бўлган Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати билан барча алоқаларини узишни талаб қилди.

«Толибон» хабарида ҳам ҳаракатнинг 9 аъзосидан иборат делегация Хитойга икки кунлик ташриф билан кетгани айтилган. Делегация Хитой ташқи ишлар вазири билан Афғонистондаги тинчлик жараёни ва хавфсизлик масалалари бўйича музокаралар ўтказди, дейилади хабарда.

Ҳаракат вакиллари Афғонистон халқи билан, хусусан, коронавирусга қарши курашда олиб борилаётган доимий ҳамкорлик учун Хитойга миннатдорлик билдирди ва Афғонистон ҳудудидан бирор мамлакатга қарши фойдаланилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Қатардаги «Толибон» сиёсий бюросининг матбуот котиби Муҳаммад Наим Twitter’даги саҳифасида учрашувда икки мамлакат сиёсати, иқтисодиёти ва хавфсизлиги, шунингдек, Афғонистондаги ҳозирги вазият ва тинчлик жараёни билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинганини ёзди.

Хитой—Афғонистон чегарасининг узунлиги 76 километрни ташкил қилади, чегара Хитойнинг энг муаммоли ҳудуди — Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидан ўтади, вилоятда вақти-вақти билан оммавий намойишлар ёки уйғур мусулмонларининг ҳокимиятга қарши қуролли ҳаракатлари бўлиб туради.

Тяньцзиндаги музокаралар «Толибон» жангарилари июль ойининг ўрталарида Вахон чегара туманини ўз назорати остига олиб, Хитой билан чегарага етиб келганидан кейинги биринчи музокаралардир.

Хитой «Толибон» делегациясини расмий даражада биринчи марта 2019 йил июнь ойида қабул қилган. Айрим хабарларга кўра, Хитой вакиллари ва «Толибон» ўртасидаги алоқалар Покистон воситачилигида анча олдин бошланган. 2019 йилнинг сентябрь ойида «Толибон» Пекинга бориб, маҳаллий ҳукумат билан «Толибон» ва АҚШ ўртасида тинчлик битимининг шартларини муҳокама қилган, у эса охир-оқибат 2020 йил февралида тузилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой «Толибон»ни қўллаб-қувватлашга ваъда берди