21:30 / 04.08.2021
2 570

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида бир суткада 40 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлди


Фото: menafn.com /Лашкаргоҳ шаҳри
Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида ўтган бир кунда содир этилган тўқнашувлар чоғида 40 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA)га таяниб, Anadolu Agency хабар берди.

UNAMA маълум қилишича, жанговар ҳаракатлар пайтида 118 нафар тинч фуқаро яраланган.
«Агар томонлар тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилмаса, бу катта фожиага олиб келади», — дейилади баёнотда. Миссиянинг таъкидлашича, давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли минглаб афғонлар ўз уйларини ташлаб кетган.

Афғонистон жанубидаги вилоятлар Қандаҳор, Ҳелманд ва ғарбий Ҳирот вилоятида «Толибон» жангарилари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашувлар қарийб бир ҳафтадан буён давом этмоқда. Ҳукумат қўшинлари «Толибон»га қарши кенг кўламли операция ўтказишга тайёргарлик кўраётган пайтда Афғонистон армияси Ҳелманд вилоятининг маъмурий маркази Лашкаргоҳ шаҳридаги тинч аҳолидан уйларини тарк этишни сўраган.

«Толибон» баёнотига кўра, ҳаракат вилоят губернаторлиги биноларидан бир неча метр нарида жойлашган. Катта йўқотишларга қарамай, «Толибон» чекинмаяпти. Жангарилар Лашкаргоҳнинг марказий қисмидаги бир неча мудофааланган мажмуаларда ҳукумат кучларини қамал қилган.

Айни пайтда Афғонистон армияси ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари бир неча кундан буён шаҳарга авиазарбалар йўлламоқда. Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, ҳужумлар натижасида кўплаб бинолар вайрон бўлган, тинч аҳоли яраланган. Хавфсизлик бошқармасидаги манбанинг айтишича, 2 август куни кечки пайт қамал қилинган ҳукумат кучларига ёрдам бериш учун қўшимча кучлар — махсус кучлар бўлинмалари юборилган.

Таъкидлаш жоизки, Ҳелманд вилоятининг тўртта ҳудудий телеканали, шунингдек, маҳаллий радиостанциялари ўз фаолиятини тўхтатган, чунки улар жойлашган туманлар «Толибон» назорати остига ўтган.

Аввалроқ БМТ Афғонистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони рекорд даражага етганини хабар қилганди.

Ҳукумат ва «Толибон» ўртасидаги тўқнашувлар тинчлик жараёни масаласининг ноаниқлиги шароитида давом этмоқда. Толибон Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарани деярли тўлиқ назорат қилмоқда. Ўзбекистонга борадиган асосий савдо йўлида жойлашган «Ҳайратон» назорат-ўтказиш пункти икки томондан «Толибон« қўлида. Жангарилар жануби-ғарбий Ғазни вилоятида ҳам ҳужумларни кучайтирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида бир суткада 40 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлди