
B-52 бомбардимончи ракета ташувчи самолёт
Фото: U.S. Air Force
Афғонистон шимоли-ғарбидаги Жузжон вилоятида берилган авиазарба оқибатида «Толибон» ҳаракатининг қарийб 200 нафар жангариси, шу жумладан, уларнинг командири ҳам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Афғонистон миллий армиясининг махсус топшириқли корпуси 8 август куни хабар берган.
«Кечқурун (7 август куни) ҳарбий-ҳаво кучлари Жузжон вилояти пойтахти Шибирғон шаҳридаги Тепайи Тагишаҳр туманида мудофаа ва хавфсизлик кучларига ҳужум уюштиришни режалаштирган ‘Толибон’ жангарилари оломонига зарба берди. Дастлабки хабарларга кўра, 200 га яқин террорчи, шу жумладан, уларнинг етакчиси ҳам ўлдирилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, зарба оқибатида 100 дан ортиқ мотоцикл, катта миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ҳам йўқ қилинган.
Авиазарбадан олдин «Толибон» икки кеча-кундуз давом этган жанглар оқибатида Жузжон вилоятининг Шибирғон шаҳрини қўлга киритган эди. У «Толибон» томонидан сўнгги бир сутка ичида эгаллаб олинган иккинчи маъмурий марказга айланганди.
Бунгача улар Эрон билан чегарадаги Нимруз вилояти пойтахти Саранж шаҳрига бостириб кирган эди, бу эса «Толибон» сўнгги беш йил ичида Афғонистон вилоятларидан бирининг маъмурий марказини эгаллаб олиши билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлди.
Туркманистон чегарасига яқин жойлашган ва Афғонистон собиқ вице-президенти маршал Абдурашид Дўстумнинг таянч шаҳри сифатида танилган Шибирғонда ярим миллиондан ортиқ одам яшайди, аҳоли асосан этник туркман ва ўзбеклардан иборат.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар