07:34 / 09.08.2021
5 126

«Шимол дарвозаси» Кундуз қўлдан кетди. Толиблар уч кунда уч вилоят марказини эгаллади


Толиблар Афғонистон шимолидаги Кундуз вилояти маркази, стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Қундуз шаҳрини эгаллади. Бунгача икки кун ичида яна икки вилоят маркази - жанубдаги Нимрўз вилояти маркази Заранж ҳамда шимолдаги Жузжон вилояти маркази Шибирғон ҳам толиблар қўлига ўтганди.


Маҳаллий расмийларнинг BBC’га маълум қилишича, Кундузнинг барча туманлари «Толибон» назоратига ўтган, фақат аэропорт ҳудуди ҳукумат ҳарбийлари қўлида қолмоқда. Хабарларга кўра, шаҳарда ёнғин бошланган, Кундуз марказида «Толибон» байроғи ўрнатилган.

Reuters агентлиги тинч аҳоли орасида қурбонлар борлигини хабар қилган, жумладан аёллар ва болалар ҳам ҳалок бўлган.
Кундуз мудофааси учун Афғонистон армиясининг махсус бўлинмалари ташланганди / Reuters
Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва Марказий Осиёга дарвоза вазифасини ўтовчи ушбу 270 минг кишилик аҳолига эга шаҳар учун сўнгги ҳафталарда жанглар давом этаётганди.

Кундуз Афғонистоннинг толиблар қўлига ўтган учинчи вилоят маркази бўлди, бу ҳозирча «Толибон»нинг энг катта ғалабасидир.
Қуйидаги Афғонистон харитасида 6 август кунги ҳолат акс этган, аммо мамлакатдаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда.

Америкалик ҳарбийлар Афғонистондан олиб чиқилиши фонида толиблар кенг кўламли ҳарбий кампания бошлаганди. Аммо август ойи бошига қадар ҳукумат кучлари вилоятлар марказларини ўз қўлида сақлаб турган, америкалик ҳарбийлар авиация орқали уларни қўллаб турганди.

Сўнгги ҳафталар давомида толиблар Афғонистоннинг кўплаб туманларини эгаллаб олганди, энди эса ҳаракат аъзолари йирик шаҳарлар ва вилоятларнинг маъмурий марказларини қўлга олиш учун ҳаракат бошлади - сўнгги уч кунда эса уч вилоят маркази қўлга киритилди.

Жума куни мамлакат жануби-ғарбидаги Нимрўз вилояти маркази Заранж деярли жангсиз уларнинг қўлига ўтганди. 
Хабарларга кўра, айни вақтда Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор каби шаҳарлар учун ҳам шиддатли жанглар кечмоқда.

АҚШ ва Британия ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ Афғонистонни тарк этишга чақирмоқда. Америка ҳукумати ватанга қайтиш учун чиптага тўлов қила олмайдиган фуқароларга кредитлар таклиф этмоқда.

Сўнгги 48 соат ичида эса шимолдаги Жузжон вилояти маркази Шибирғон ҳам босиб олинди.

Шибирғон бой берилишидан кейин ижтимоий тармоқларда толиблар маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан тантана билан қарши олингани акс этган видеолар тарқалди, видеоларда жангарилар Америка томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо Humvee русумли жипларни ўлжа қилиб олишганини кўриш мумкин. Бу видеоёзувлар ҳаққонийлиги ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

«Афғонистон хавфсизлик хизмати кучлари «Толибон»нинг ёппасига амалга оширган тарғибот ишлари туфайли жанговар руҳини йўқотган. Толиблар ҳужум бошлашидан олдин кўплаб ҳарбийлар қуролларни ташлаб, формаларини ечишди ва ўз постларини қолдириб, қочиб кетишди», дея шахсини сир тутишни сўраган ҳолда гапирган шибирғонлик амалдорнинг сўзларини келтиради Франс-пресс.

Толиблар қамоқхонани эгаллашгани ва у ердаги барча маҳбусларни қўйиб юборишганини маълум қилишган. Уларнинг орасида ҳаракат аъзолари ҳам, бошқа турли жиноятларда айбланиб қамалганлар ҳам бор.

Вилоят кенгаши раҳбари Бобур Эшчи BBC билан суҳбатда жангарилар Шибирғонни тўлиқ забт этишгани, фақат ҳарбий база атрофида жанглар давом этаётгани ҳақида айтган.
«Афсуски, шаҳар қулади», деган Жузжон вилояти вице-губернатори Кадер Малия Франс-пресс учун берган интервьюсида.
Америка йўлтанламасидаги ҳукумат ҳарбийлари / EPA
Вице-губернатор ҳукумат ҳарбийлари ва давлат амалдорлари шаҳар ташқарисидаги аэропортга чекингани ва жангарилардан ҳимояланишга тайёрланаётгани ҳақида гапирган.

Ўз навбатида, Афғонистон мудофаа вазирлиги расмийси BBC билан суҳбатда ҳукумат кучлари Шибирғоннинг бир қисми устидан назоратни сақлаб қолгани ва тез орада толиблар чекинтирилиши ҳақида айтган.

Шибирғон мамлакат шимолидаги ўзбеклар етакчиси, 2020 йилга қадар мамлакат вице-президенти ҳисобланган маршал Абдулрашид Дўстумнинг таянчи эди. У мамлакатдаги энг қудратли ва жанговар дала қўмондони ҳисобланарди.

Дўстум қатор давлат тўнтаришлари ва исёнларда иштирок этган, советпараст социалистик ҳукумат тарафида туриб ҳам, Америка армияси тарафида туриб ҳам урушган. Унинг отрядлари ҳарбий асирларни ўлдириш билан боғлиқ жиноятларда ҳам айбланган.
Франс-пресснинг ёзишича, яқинда Туркиядан қайтган дала қўмондони айни вақтда Кобулда бўлиши мумкин.

Сўнгги хабарларга кўра, шимолдаги яна бир шаҳар Сарипул ҳам толиблар томонидан босиб олинган, аммо бу маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Шимол дарвозаси» Кундуз қўлдан кетди. Толиблар уч кунда уч вилоят марказини эгаллади