12:12 / 12.08.2021
7 458

Россия мудофаа вазири Толибоннинг Ўзбекистонга дахлдор ваъдасини очиқлади


Фото: AP
«Толибон» ҳаракати қўшни давлатларга ҳужум қилмаслик, чегарани бузиш каби хатти-ҳаракатларни содир этмасликка ваъда бермоқда. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «Тафаккур ҳудуди» деб аталган маърифий форумда маълум қилди. Шу билан бирга, у толиблар Ўзбекистон ҳамда Тожикистон чегарасида аллақачон назорат ўрнатганини ҳам қайд этган.

Айни кунларда Афғонистон ҳукумати ҳамда «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳаёт-мамот кураши кетмоқда. «Ассошиэйтед пресс» агентлиги хабарига кўра, чоршанба куни толиблар яна уч вилоят пойтахтини эгаллаб, мамлакат шимоли-шарқида тўлиқ назорат ўрнатди. Бадахшон, Бағлон ва Фараҳ вилоятлари маъмурий марказларининг (Файзобод, Пули-Хумри, Фараҳ) қўлдан кетиши ўзи шундоқ ҳам заифлашиб бораётган марказий ҳукуматнинг шаштини пасайтирди.

Президент Ашраф Ғани рақибларнинг галдаги нишони бўлиши кутилаётан Мозори шариф шаҳрига борган. У тожик диаспораси раҳбари Атто Муҳаммад Нур ва ўзбеклар етакчиси Абдулрашид Дўстум билан кучларни бирлаштиришни муҳокама қилмоқчи. Мамлакат мудофаа вазири Холид Поянда эса истеъфо бериб мамлакатни тарк этган. Вазирнинг истеъфоси муҳим божхона постлари «Толибон» назоратига ўтгани ва бюджет тушуми кескин камайгани билан изоҳланган.

Сўнгги пайтларда толиблар шиддатли ҳужумлар билан бирин-кетин йирик шаҳарларни босиб олмоқда. Масалан, 6 август куни Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳри эгалланди. Бунинг ортидан яна 7 маъмурий марказ,  жумладан, Қундузда назорат ўрнатилди. Қундуз шаҳрининг «Толибон» ихтиёрига ўтиши экспертлар томонидан жангдаги бурилиш нуқтаси ўлароқ баҳоланди.

Ғалабалардан руҳланган толиблар расмий ҳукуматнинг сулҳ ҳамда муваққат ҳукумат тузиш борасидаги таклифларини ҳам рад этмоқда. АҚШ эса турли сиёсий кучлар вакилларидан иборат ўтиш даври ҳукумати мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлидаги муҳим қадам бўлишига умид қилаётган эди.

Ҳозирча Афғонистон ҳукуматининг бош қўрғони – Кобул хавфдан холи. Аммо «The Washington Post» нашри АҚШ ҳукуматидаги манбаларига таяниб пойтахт ҳам 30 кундан 90 кунгача бўлган муддатда толиблар қўлига ўтишини башорат қилди. Таҳлилчиларга кўра, воқеалар бу тахлит ривож топгудек бўлса, мамлакат яна терроризм ўчоғига айланиши ҳеч гап эмас. Қочқинлар муаммоси ҳам яна-қайта кун тартибига чиқади.

Cўнгги 20 йил ичида сиёсий жараёнлардан четда бўлган «Толибон» ҳаракати хорижий кучлар Афғонистонни тарк этаётган паллада қайта бош кўтарди. 20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этмоқда. Толибон ҳаракати ҳамда АҚШ президенти маъмурияти ўртасида 2020 йил февраль ойида имзоланган битим ана шуни тақозо этади. Президент Жо Байден қўшинни олиб чиқиш жараёни 11 сентябрга қадар тўлиқ якунланишини маълум қилган.

Вазият қалтислашиб Афғонистон ҳукумати бирин-кетин мағлубиятга учраётганига қарамай, Оқ уй раҳбари қўшинни олиб чиқиш қароридан афсусда эмаслигини билдирди.

«Биз 20 йил ичида триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфладик. Афғонистон хавфсизлик кучларининг 300 минг зиёд аъзоларини жангга ҳозирладик ва замонавий аслаҳалар билан таъминладик. Биз минглаб одамларимизни йўқотдик. Энди улар курашишлари керак. Улар толиблардан сон жиҳатдан кўпроқ», – деди президент Байден.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» 1996-2001 йилларда Афғонистонни идора қилган. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ бошчилигидаги кучлар Афғонистонда аксилтеррор операцияларини амалга ошириб толиблар бошқарувига барҳам берган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия мудофаа вазири Толибоннинг Ўзбекистонга дахлдор ваъдасини очиқлади