
Фото: The Khaama Press News Agency
Афғонистон ИИВ ходимлари Кобул йўлида «Толибон» эгаллаб олган Ғазни вилоятининг ҳокими Довуд Лагманийни ҳибсга олди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ҳамда Афғонистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Мирвайс Станекзайга асосланиб «Интерфакс» хабар қилган.
Хабарга кўра, Лагманий ва унинг атрофидаги шахслар мамлакат марказидаги Майдон-Вардак вилоятида қўлга олинган. Губернатор билан бирга унинг ўринбосари, ёрдамчиси ва вилоят бошқармасининг раҳбари ҳам ҳибсга олинган.
Маҳаллий матбуот губернатор ва унинг администрасияси ходимларини «Толибон» вакилларига жангсиз таслим бўлиш ва ҳудудни топширганликда айбламоқда.
«Афғонистон вилоятининг губернатори ‘Толибон’ билан келишган, у ва полиция бошлиғига Кобулга кетишига рухаст берилган», — деган Станекзай.
Аввал интернетда қуролланган «Толибон» вакилларининг шаҳарда эркин ҳаракатланаётгани акс этган видеолар тарқалганди.
«Ғазни шаҳрида душманнинг кўплаб муҳим объектлари эгалланди ва энди ‘Толибон’ аъзолари губернатор қароргоҳи томон йўл олмоқда», — деб ёзган «Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид.
Лагманий бир неча ой аввал Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан Фороб вилоятининг губернаторлигига тайинланган, бироқ маҳаллий аҳоли норозилик намойишлари ўтказиб, уни лавозимидан четлатишни талаб қилган. Намойишлар вақтида полиция ҳамда норозилик билдираётган халқ тўқнашувлари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган.
Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, «Толибон» Ғазни шаҳрини эгаллаб олганидан кейин Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари шаҳарда жангарилар тўпланган ҳудудларга ракета зарбалари беришни бошлаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар