12:28 / 13.08.2021
2 524

Воронежда автобус портлаши оқибатида 18 киши жабрланди, улардан бири вафот этди (видео)

Воронежда автобус портлаши оқибатида 18 киши жабрланди, улардан бири вафот этди (видео)
Россиянинг Воронеж шаҳрида йўналишли автобус портлаб кетди, деб ёзади Meduza. Сўнгги маълумотларга кўра, жами 18 киши жабрланган. Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг маълум қилишича, улардан бири реанимацияда вафот этган, яна уч киши оғир аҳволда.

Автобусда 35 киши бўлган. Портлаш у бекатда турган вақтида юз берган. Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчиси Алексей Олейников дея ўзини таништирган одам иштирокидаги видео тарқалди. У автобус бекат турган пайтида портлаганини айтган. «Энди йўлга чиқмоқчийдим — гумбур-гумбур, ойналар, тутун, нима бўлганига тушунмай қолдим», — деди Олейников. Ижтимоий тармоқларда портлаш акс этган видеоёзув ҳам тарқалди.

Дастлаб портлашга газ ускунасининг носозлиги сабаб қилиб келтирилди, аммо кейинроқ автобус дизелда юриши маълум бўлди. «Интерфакс» манбаси Воронеждаги транспорт назорати хизматларига таяниб, автобус томига қўлбола усулда ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаганини айтганди. Аммо ҳайдовчи автобусда газ қурилмаси бўлмагани, у дизель ёнилғисида ҳаракатланганини маълум қилди. Буни ташувчи компания ва шаҳар ҳукумати ҳам тасдиқлади. База ахборотига кўра, автобус кўпи билан бир ой аввал техник кўрикдан ўтган.

«112» Telegram-канали маълум қилишича, портлаган автобусга эгалик қилган компания аввалроқ газ баллонларини ноқонуний ўрнатганлик учун жавобгарликка тортилган.

Айни пайтда теракт версияси кўриб чиқилмаяпти, дея «Интерфакс»га маълум қилди Сергей Соколов. «Ҳозирча унинг теракт бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи ҳеч нарса йўқ», — деди у. База қайд этишича, портлашдан кейин ҳосил бўлган кўп миқдордаги тутун газ портлашига эмас, балки аммиак селитраси каби айрим моддаларгагина хос.

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев Воронеждаги барча автопаркларни текширишни буюрди. «Эртанги кундан Воронежнинг барча охирги бекатларида йўловчи транспортини текшириш ташкил қилинади. Ҳайдовчилар йўловчиларни ҳар қандай ёт нарсаларга эътибор қаратиш ҳақида хабардор қилади. Барча автобазаларда транспорт воситалари пухталик билан кўрикдан ўтказилади», — деди Гусев.

Тергов қўмитаси йўловчи ташиш бўйича талабга жавоб бермайдиган хизмат кўрсатилгани юзасидан жиноят иши қўзғатди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Воронежда автобус портлаши оқибатида 18 киши жабрланди, улардан бири вафот этди (видео)