13:10 / 15.08.2021
2 006

«Толибон» Кобулга ҳужумдан аввал сўнгги йирик шаҳарни жангсиз эгаллади

«Толибон» Кобулга ҳужумдан аввал сўнгги йирик шаҳарни жангсиз эгаллади
Фото: Reuters
«Толибон» гуруҳи Афғонистоннинг йириклиги бўйича бешинчи ўринда турадиган ва Нангарҳор вилояти маркази бўлган Жалолобод шаҳрини ўз назорати остига олди. Бу ҳақда Reuters афғонистонлик амалдорларга таяниб хабар берди.

«Жалолободда жанглар бўлмаяпти, чунки губернатор ‘Толибон’га таслим бўлди», — деди агентлик ҳамсуҳбати. Унинг сўзларига кўра, бу «тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли» бўлган.

Reuters’нинг яна бир манбаси маълум қилишича, «Толибон» ҳукумат амалдорлари ва хавфсизлик кучлари Жалолободни тарк этиши учун хавфсиз йўлак ташкиллаштириб беришни ваъда қилган. «Қурбонлар ва вайронагарчиликларга» йўл қўймаслик учун шаҳарни топширишга қарор қилинди, деди у.

Нангарҳор вилояти депутати Аброрулло Мурод Associated Press’га маълум қилишича, шаҳарни «Толибон»га топшириш қарорини оқсоқоллар қабул қилган.

«Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳид ўз Twitter’ида ҳаракат Нангарҳор пойтахтини эгаллаб олганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, губернатор, полиция бошлиғи, разведка маркази ва унинг барча бўлинмалари «Толибон» назорати остига ўтган. «Шунингдек, вилоятдаги барча ускуналар, қуроллар ва жиҳозлар мужоҳидлар қўлига ўтди», — деди у.

Жалолобод шаҳри Афғонистон шарқида, Покистон билан чегара яқинида жойлашган. У Кобул билан бир қаторда расмий ҳукумат назорати остида бўлиб турган сўнгги йирик шаҳарлардан бири эди. Шаҳарнинг олиниши «Толибон» учун пойтахтга, тахминан, 150 километрлик тўғри йўл очиб беради.

Аввалроқ «Толибон» террорчилик ҳаракати 14 август, шанба куни Афғонистондаги тўққизта вилоят марказлари унинг назорати остига ўтганини маълум қилганди.

«Пактика, Пактия, Фарёб, Балх ва Лағмон Ислом амирлиги («Толибон» ўзини шундай атайди) қўл остига ўтди. Уларни эгаллаш чоғида душман томондаги минглаб аскарлар, полиция ва бошқа қуролли кучлар қуролларини ташлаб, Ислом амирлиги мужоҳидларига қўшилди», — дейилади 14 август куни кечқурун эълон қилинган баёнотда.

Балх вилояти собиқ губернатори, Ислом жамияти партияси (Жамияти Исломий, Афғонистоннинг, асосан, тожик ва форс тилли аҳолисини бирлаштиради) етакчиларидан бири Ато Муҳаммад Нур ҳудуднинг фитна оқибатида эгаллаб олинганини маълум қилди.

«Фитна оқибатида барча ҳукумат объектлари ва кучлари ‘Толибон’га топширилди. Бу фитна кўлами кенг ва чуқур эди, улар маршал Абдулрашид ва мени тузоққа туширмоқчи эди», — деб ёзди у ўз Facebook’ида ва уларнинг жангги бу билан якунланмаслигини қўшиб қўйди.

Таъкидланишича, энди Афғонистон ҳудудининг, тахминан, учдан икки қисми «Толибон» томонидан назорат қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Кобулга ҳужумдан аввал сўнгги йирик шаҳарни жангсиз эгаллади