14:14 / 16.08.2021
3 973

Дунё «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабасига қандай муносабат билдирди?

Дунё «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабасига қандай муносабат билдирди?
«Толибон» патрули Қандаҳорда, 2021 йил 15 август
Фото: EPA

15 август куни «Толибон» жангарилари Афғонистоннинг бутун ҳудудини эгаллаб олди ва ҳокимиятни ҳам деярли ўз қўлига олди. Бу АҚШ ўз қўшинларини у ердан олиб чиқиб кетганидан кейин бир неча ҳафта ўтиб юз берди. Meduza бутун дунё 15 август, якшанба куни Афғонистонда содир бўлган воқеаларга қандай муносабат билдиргани ҳақида мақола тайёрлади.

Афғонистон
Мамлакат президенти Ашраф Ғани истеъфога чиқишга рози бўлди ва мамлакатни тарк этди.

Собиқ президент Ҳамид Карзай эса оиласи билан мамлакатда қолишини маълум қилди. У, шунингдек, зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. «Ҳурматли Кобул аҳолиси! Мен шу ерда сизлар билан қолмоқчиман, оилам, қизларим, болаларим билан биргаликда. Умид қиламанки, мамлакатимиз ва пойтахтимиз муаммолари тинч ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади», — деб ёзди у Facebook’да. «Биз Афғонистон муаммосини «Толибон» етакчилари билан биродарлик ва ватанпарварлик асосида, тинч йўл билан ечишга интиляпмиз», — дея қўшиб қўйди у.

Афғонистон мудофаа вазири генерал Бисмилла Муҳаммадий Кобул аҳолисини улар хавфсизликда эканига ишонтирмоқчи бўлди: «Барчангизни ишонтириб айтаманки, Кобулнинг хавфсизлиги таъминланган», — деди Муҳаммади 15 август, якшанба куни сўзлаган нутқида. «Халқаро кучлар Афғонистон хавфсизлик ва мудофаа кучлари билан ҳамкорликка тайёр», — дея қўшиб қўйди.

АҚШ
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «Толибон»нинг ҳужуми улар кутгандан кўра эртароқ юз берганини тан олди. Аммо унинг фикрича, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ўзини оқлади: «У ерда ўз кучларимизни қолдириб, статус-квони (урушгача бўлган ҳолат) сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақидаги ғоя шунчаки нотўғри», — деди Блинкен CNN мухбирига ва АҚШнинг бош мақсади энди барча америкаликларни мамлакатдан эсон-омон чиқариб кетиш эканини айтди. «Биз (эвакуация учун) ‘Толибонъдан ҳеч нарса ҳақида илтимос қилмадик. Биз ‘Толибонъга агар улар бу жараёнга аралашса, биз томонимиздан тезкор ва қатъий жавоб берилишини айтдик».

Аввалроқ АҚШ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод «Толибон»дан АҚШ фуқаролари эвакуация қилинмагунича Кобулга кирмасликни талаб қилганди. АҚШ ўз элчихонасининг барча ходимларини 17 август эрталабгача олиб кетишни режалаштирмоқда.

Покистон
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги 15 август куни мурожаат билан чиқиш қилди, унда айтилишича, мамлакат «Афғонистондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатмоқда». «Афғонистондаги томонларнинг барчаси ушбу ички сиёсий инқирозни ҳал қилиш учун биргаликда ишлайди деб умид қиламиз», — деди Покистон ТИВ матбуот котиби Захид Хафиз Чаудри. «Покистоннинг Кобулдаги элчихонаси покистонликларга, Афғонистон фуқароларига, дипломатик ва халқаро жамоатчиликка консуллик иши ва Пакистан International Airlines парвозлари координацияси бўйича зарур ёрдамни кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Покистон ҳукумати Афғонистонда ҳокимият алмашганидан хурсандлигини яширмаяпти.

Германия
Германия Кобулдаги элчихонасини Хамид Карзай номидаги аэропортга кўчириб ўтказди, энди ўз ходимларини эвакуация қилиш бўйича тезкор чоралар кўради, дея маълум қилди Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Twitter’да. «Элчихона ходимлари аллақачон аэропортга етиб келди ва ишга киришмоқда».

«Бугун (15 август) хавф остидаги ишчилар ва бошқа одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Афғонистонда олиб кетиш учун шошилинч чоралар кўриш мақсадида Германия федерал ҳукуматининг хавфсизлик хизмати ходимларини тўпладим», — қўшиб қўйди у.

Буюк Британия
Буюк Британия ўз фуқароларига Афғонистондан чиқиб кетишга ёрдам беради, деб хабар берди мамлакат Ички ишлар вазирлиги. Унда айтилишича, 3300 дан ортиқ афғонистонлик ходимлар ва уларнинг оилалари аллақачон кўчириб ўтилган.

Бундан ташқари, Британия парламенти Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч тарзда таътилдан қайтади.

Канада
Канада хавфсизлик нуқтаи назаридан Кобулдаги элчихонаси ишини тўхтатди. Ташқи ишлар, иммиграция ва мудофаа вазирлари Канада ходимларининг хавфсизлиги бирламчи вазифа эканини маълум қилди ва улар Канадага эсон-омон қайтаётганини қўшиб қўйди.

«Айни пайтда Афғонистон халқи тушган вазиятдан жуда қайғудамиз», — деди Канада бош вазири Жастин Трюдо. «Афғонистон келажагига ишонган ва ишонишда давом этаётган канадаликларнинг талафотларини ҳисобга олганда бу айниқса муҳим. Бу ҳаракатлар беҳуда бўлмаслиги учун биз иттифоқчиларимиз ва халқаро ҳамжамият билан ишлашда давом этамиз».

Франция
Франция ҳукумати мамлакат элчихонасини Кобул аэропортига ўтказишга қарор қилди. «Франция хавф остида бўлиб турган Афғонистон фуқаролик жамияти арбоблари, ҳуқуқ ҳимоячилари, рассомлар ва журналистларни ҳимоя қилишда давом этиш учун барча имкониятларини ишга солади. Айни вақтда Кобул аэропортидан визалар бериш имкониятини сақлаб қолишга интиляпмиз. Франция озодликни ҳимоя қилувчиларнинг барчаси билан бир томонда», — дейилади Франция ички ишлар вазири Жан-Ив Le Drian хабарида.

Россия
Россия ТИВ хабарига кўра, мамлакат Кобулдан дипломатларни эвакуация қилишни режалаштирмаяпти. Россия элчихонаси аввалги режимда ишлашда даавом этади, чунки «Толибон» бошқа мамлакатлар дипломатик миссиялари билан бир қаторда, уларнинг ҳам хавфсизлигини кафолатлади, дейилади ТИВ хабарида. Шунингдек, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескин эканини, аммо дипломатик миссия учун хавф йўқлигини маълум қилди. Кейинроқ «ТАСС» Россиянинг Кобулдаги элчихонасига таяниб, мамлакат Афғонистондаги ўтиш даври ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин Афғонистондаги воқеалар ривожини атрофлича муҳокама қилиш учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан шошилинч равишда қўнғироқлашди, дейилади Кремль сайтида.

Москва ҳозирча «Толибон»ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаяпти. «Ҳамма нарсанинг ўз мавриди келади», — дейилади Россия ТИВ хабарида.

Ватикан
Ватиканда Рим папаси Франциск якшанба кунги ибодати чоғида зиддиятни ҳал қилиш учун «мулоқот»га чақирди. «Афғонистондаги вазият юзасидан билдирилаётган хавотирларга қўшиламан, сиздан биргаликда дуо қилишингизни сўрайман, токи қуроллар шовқини тўхтаб, ечим музокаралар столи атрофида топилсин», — деди Франциск. «Ушбу мамлакатнинг жабрланган аҳолиси — кекса эркаклар, аёллар ва болалар — фақат шу йўл билан ўз уйларига қайтиб, тинчлик ва хавфсизликда яшай олиши мумкин».

Ўзбекистон
15 август тонгида Ўзбекистон томони Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳни қабул қилгани (улар орасида уч нафар ярадор ҳам бўлган), улар ДХХ Чегара қўшинлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлиб туриши ташкил этилгани маълум бўлди. Соат 10:00 га келиб, ушбу кўприкдаги вазият юмшади. Афғонистонликларнинг асосий қисми кўприкни тарк этди. Пешинга яқин эса Ҳайратон кўприги атрофидаги вазият бутунлай барқарорлашди.

Ўзбекистон расмийларининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори-Шарифаги консуллиги фаолиятини давом эттирмоқда ва ходимлар ҳали эвакуация қилингани йўқ.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг телефон орқали суҳбатидан кейин Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг қайд этишича, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунё «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабасига қандай муносабат билдирди?