00:11 / 17.08.2021
3 426

Путиннинг махсус вакили: Афғонистондан қочиб кетган Ашраф Ғани афғон халқи томонидан суд қилиниши керак

Путиннинг махсус вакили: Афғонистондан қочиб кетган Ашраф Ғани афғон халқи томонидан суд қилиниши керак
Замир Кабулов
Фото: «Коммерсантъ»

Истеъфога чиққанини эълон қилган ва мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон президенти Ашраф Ғани афғон халқи томонидан суд қилиниши керак. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилган, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ашраф Ғани телевидение орқали халққа йўллаган мурожаатида охиригача курашишга ва жонини ҳам беришга тайёрлигини таъкидлаган, аммо якунда шармандали тарзда қочиб кетган.

«Президентликка сайланишида ҳам шубҳалар бўлганди, бошқарувда ҳам ёмон ишлади ва давлат раҳбарлиги фаолиятини ҳам шармандали якунлади. Бу борада бундай одамга бошқача таъриф айта олмайман. У (Ашраф Ғани) афғон халқи томонидан суд қилиниши ва жавобгарликка тортилиши зарур», — деган Замир Кабулов.

Шунингдек, эксперт Россиянинг «Толибон» олиб бораётган сиёсатдан қониқиш ҳосил қилаётганлигини қайд этган.
Ўз навбатида Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси матбуот котиби Никита Ишенко «РИА Новости» агентлигига берган интервьюсида Ашраф Ғанининг Кобулдан пулларни қандай олиб чиқишга урингани ҳақида гапириб берган.

«Тўртта машина пул билан тўлдирилганди, вертолётга ҳам пул ортишга уринишди, аммо ҳамма маблағ учун жой етмади. Пулларнинг бир қисми учиш майдончасида қолиб кетди», — дея Ашраф Ғанининг Афғонистондан қочиши ҳақида ҳикоя қилган Ишенко.

Ашраф Ғанининг айни вақтда қаерда экани ҳанузгача номаълум. Аввал унинг қўриқчиси собиқ президентнинг рафиқаси билан бирга Тошкентга келганини хабар қилганди. ОАВда Ашраф Ғанининг Тожикистонга қочган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам, бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳам Ашраф Ғанининг ўз ҳудудларида эканлигини расман тасдиқламаган.

«Радио Озоди» нашри ўз манбаларига таянган ҳолда Ашраф Ғанининг Душанбега келгани ва бу ерда узоқ вақт қолмай, самолётда Уммонга учиб кетганини хабар қилган. Нашрнинг ёзишича, Тожикистон авиацияси Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон ҳукуматлари билан Афғонистон собиқ президентининг ушбу мамлакатлар ҳудудидан учиб, Уммонга кетиши масаласини келишган бўлиши мумкин. Эроннинг Меҳр агентлиги Ашраф Ғани Уммонда эканлигининг эҳтимоли мавжудлиги ва сиёсатчи у ердан АҚШга кетиши мумкинлигини тахмин қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путиннинг махсус вакили: Афғонистондан қочиб кетган Ашраф Ғани афғон халқи томонидан суд қилиниши керак