10:11 / 17.08.2021
2 980

«Толибон» афғонистонлик амалдорларга қурол эвазига пора берган

«Толибон» афғонистонлик амалдорларга қурол эвазига пора берган
Фото: AP Photo
«Толибон» афғонистонлик амалдорларга қурол эвазига пора берган. Бу ҳақда The Washington Post АҚШ ва Афғонистондаги манбаларига таяниб хабар қилди.

2020 йил бошидан буён томонлар битим тузиб келади, Афғонистон расмий вакиллари уни «ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимлар» деб атайди.

WP маълумотларига кўра, аслида, келишувлар пул эвазига толибларга қурол-яроғ топшириш ҳақида бўлган. «Толибон»нинг мамлакатни эгаллашига айнан шу битимлар сабаб бўлди, деб ёзади нашр.

Бир ярим йил давомида бундай келишувлар турли даражаларда тузилган: аҳоли пунктларидаги мансабдорлардан тортиб Афғонистон вилоятлари раҳбариятидаги амалдорларгача. WP манбаларига кўра, бундан ташқари, бир қатор ҳолларда музокаралар «ҳукумат кучларининг таслим бўлишига» олиб келган.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, 2020 йил февраль ойида Доҳада АҚШ ва иттифоқчиларининг 14 ой ичида Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши тўғрисида АҚШ—«Толибон» келишуви имзолангандан сўнг афғон хавфсизлик кучларининг айримлари «тез орада Американинг самолётлари ва бошқа ёрдамларига таяна олмаслигини тушунган.»

Улар Афғонистонда толиблар ҳокимиятга қайтишига ишонган ва «ғолиблар тарафидан ўзларига жой ҳозирлашни» истаган. «Баъзиларга шунчаки пул керак эди», — деди Афғонистон разведкаси ходими.

Нашр манбаларининг айтишича, Доҳадаги музокаралар кўплаб афғон хавфсизлик ходимларининг руҳини тушириб юборган ва улардан кейин бир неча ой давомида «Толибон» билан таслим бўлиш тўғрисида битимлар тузилган. Вазият АҚШ президенти Жо Байден апрель ойида қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишини эълон қилганидан кейин ёмонлаша бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» Афғонистоннинг бутун ҳудудини ўз назорати остига олганини эълон қилди. Шу куни «Толибон» Кобулдаги президент саройига кирди. Кейинроқ ҳукумат кучлари тарк этган барча давлат муассасаларини ва давлат телевидениесини эгаллаб олди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг