20:20 / 18.08.2021
2 352

АҚШ Афғонистоннинг Америка банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди

АҚШ Афғонистоннинг Америка банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди
Фото: «Яндекс»
АҚШ Афғонистон ҳукуматининг Америка банкларидаги захираларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда The Washington Post манбаларга таяниб хабар берди.

Ушбу қарорни АҚШ молия вазири Жанет Еллен Ташқи активларни назорат қилиш бошқармаси ва Давлат департаменти билан келишган ҳолда қабул қилган. 15 августда, «Толибон» Кобулни эгаллаб олган куни, шундай қарорга келинган.

Халқаро валюта фонди (ХВФ) маълумотларига кўра, 2021 йил апрель ойи ҳолатида Афғонистон ҳукумати захиралари 9,4 миллиард доллар бўлган, бу мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Бу маблағлар асосан АҚШда сақланади, Америка банкларидаги маблағларнинг аниқ миқдори номаълум, аммо Washington Post маълумотларига кўра, бу миллиардлаб долларни ташкил қилади.

Шунингдек, АҚШ «Толибон»нинг ХВФдаги қарийб 500 миллион долларлик захираларга киришини тўсишга ҳаракат қилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта «Толибон» Афғонистоннинг бир қанча вилоят марказларини эгаллаб олганидан сўнг, АҚШ Молия вазирлиги пул «Толибон» қўлига тушмаслиги учун мамлакатга нақд доллар етказиб беришни тўхтатиш тўғрисида шошилинч қарор қабул қилганди. Валютанинг навбатдаги партияси аллақачон жўнатишга тайёр эди, дейилади Dow Jones хабарида.

15 август куни мамлакатни тарк этган Афғонистон Марказий банки губернатори Ажмал Аҳмадийнинг журналистларга айтишича, Афғонистон марказий банкининг захиралари 9 миллиард долларга яқин, лекин уларнинг деярли барчаси мамлакат ташқарисида сақланади.

«АҚШ бу захираларга киришни тўсиш чораларини кўргач, ‘Толибон’ ушбу миқдорнинг тахминан 0,1 фоизини олиши мумкин бўлади», — деди Аҳмадий.

17 август куни АҚШ ҳукумати «Толибон»га қарши қўшимча иқтисодий санкциялар жорий этиш имкониятини расман эълон қилди. Таъкидланишича, «Толибон»ни Афғонистондаги мажбуриятларини бажаришга ундаш учун АҚШ санкциялар киритиши, шунингдек, «халқаро айблов ва яккалаб қўйишдан фойдаланиб» чоралар кўриши мумкин.

«Мен нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида тўлиқ режа тафсилотларини айтмоқчи эмасман. Аммо санкциялар жорий этиш, халқаро айблов ва яккалашдан фойдаланиш, шунингдек, бошқа қадамлар билан боғлиқ аниқ жиҳатлар бор», — деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Афғонистоннинг Америка банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди