10:11 / 19.08.2021
2 805

“Мен сотқин эмасман” - Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгандан кейин илк мурожаат билан чиқди

“Мен сотқин эмасман” - Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгандан кейин илк мурожаат билан чиқди
Фото: Getty Images
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Афғонистонда ҳокимият тепасига «Толибон» келганидан кейин мамлакатдан қочиб кетган президент Ашраф Ғани ва унинг оила аъзоларига хавфсиз бошпана бергани маълум бўлди. Бу ҳақда 18 август куни БАА Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги баёнот берди, деб ёзмоқда «ТАСС».

«БАА Ашраф Ғани ва унинг оиласига инсонийлик нуқтаи назаридан хавфсиз бошпана тақдим этди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Ашраф Ғани 15 августда «Толибон» ҳаракати вакиллари Кобулга кира бошлаганидан кейин мамлакатни тарк этган. Аввалроқ KabulNews нашри унинг Уммонда эканлиги ва у ерга Тожикистон орқали самолётда парвоз қилгани ҳақида хабар берган. Эроннинг Mehr агентлиги эса Ғанининг Ўзбекистон орқали Уммонга учиб кетганини қайд этган. Ашраф Ғани билан бирга Кобулдан рафиқаси Рула Ғани, яна икки киши, жумладан, маслаҳатчиси билан бирга чиқиб кетган. Бир неча кундан бери Ғанининг қаерда эканлиги ҳақида расмий маълумот берилмаётган эди.

БАА Ташқи ишлар вазирлиги биноси
Фото: Shutterstock

Воқеалардан кейин собиқ президентнинг ўзи Facebook’даги саҳифасида давлат раҳбарлигидан мамлакатдаги қонли тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида истеъфога чиққани ҳақида ёзган. Кейинчалик Ашраф Ғанининг Кобулдан қочаётган вақтида вертолётга сиғмайдиган даражада кўп пулларни олиб чиқиб кетишга урингани тўғрисида маълумотлар тарқалган.

Кобулда ҳукуматни тинчлик йўли билан топшириш мувофиқлаштирувчи кенгашининг аъзолари Ғанига кенгаш манфаати учун истеъфо беришни сўраган, бироқ у ушбу таклифга рад жавобини берган. Bloomberg агентлигининг хабарига кўра, ҳукуматни топшириш бўйича музокаралар Қатар пойтахти Доҳада Афғонистонда ҳокимият тепасига «Толибон» вакилларининг келишидан бир неча ҳафта илгари бошланган. Аввалги ҳукумат аъзоларининг «Толибон»нинг янги раҳбарлик тузилмаларига кириши мумкинлиги тахмин қилинаётганди, аммо Ғанининг мамлакатдан қочиб кетиши ушбу умидларни пучга чиқарди.

Ашраф Ғанининг БААда эканлиги маълум бўлганидан кейин Афғонистон ТИВ собиқ маслаҳатчиси Фахриддин Гаризода президентнинг Абу-Дабидаги шифохоналардан бирига жойлаштирилганини билдирган. Бу ҳақда Эроннинг Young Journalists Club агентлиги хабар қилди.

«Абу-Дабига қочиб келган Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғанининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бир қанча дипломатик манбаларнинг айтишича, Ғани соғлиғи ёмонлашгани туфайли бир неча соат илгари шаҳардаги шифохоналардан бирига ётқизилган», — деган Гаризода.

Ушбу хабарлардан сўнг CNN ўз манбаси ахборотига асосланиб, Ашраф Ғанининг видеомурожаат билан чиқиш қилмоқчи эканлигини маълум қилган.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, Ашраф Ғани Facebook’даги саҳифаси орқали видеомурожаат йўллади. У ўз мурожаатида БААда бўлиб турганини расман тасдиқлаган.

«Мени Кобулдан чиқиб кетишга мажбур қилишди, сабаби пойтахтда зўравонликлар ва қон тўкилишини истамадим. Улар мени қидиришди. Қўриқлаш хизмати ходими ёнимга келиб, толибларнинг пойтахтга кирганини айтган вақтида мен саройда эдим», — дея қайд этган Ашраф Ғани.

Афғонистон собиқ президенти ўз мурожаатида мамлакатга яқин вақт ичида қайтмоқчи эканлигини билдирган.
«Мен Бирлашган Араб Амирликларидаман, лекин яқин келажакда ватанимга қайтаман», — деган собиқ президент.

Шунингдек, у Афғонистонга қайтиш борасида хориждаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар олиб бораётгани ва афғонистонликлар манфаатлари учун адолатли қарор чиқарилишига бор кучи билан ҳаракат қилишини таъкидлаган.

Ғани, шунингдек, мамлакатни катта миқдорда пул билан тарк этгани ҳақидаги айбловларни ёлғон ва “мутлақ асоссиз” деб айтган. “Мени ўзим билан пул олиб кетганликда айблашмоқда. Бунинг барчаси ёлғон, мен мамлакатдан бир кўйлак, салла ва туфлида кетдим ва ўзим билан бирга фақат бир сумкада бир нечтагина китобни олдим”, деб айтган сиёсатчи.

У ўзини сотқин деб ҳисобламаслигини айтди ҳамда “мамлакатдан ўз ҳаётини сақлаб қолиш ва ўз манфаатлари учун қочиб кетгани” ҳақидаги гапларга ишонмасликка чақирди.
Мен ўз ватанимни сотмадим ва барчадан турли миш-мишларга қулоқ солмасликни илтимос қилиб қоламан. Биз Кобул учун тинчликни ва у вайрон бўлмаслигини хоҳлагандик. Мен Афғонистондаги уруш якунланишига умид қилиб қоламан. Қуролли кучларимиз ушбу муваффақиятсизлик учун жавобгар эмас, барча жавобгарлик сиёсатчилар зиммасида”, деб таъкидлаб ўтган Ғани.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Мен сотқин эмасман” - Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгандан кейин илк мурожаат билан чиқди