10:38 / 21.08.2021
2 660

«Толибон» Афғонистонни қайта тиклашда ёрдам сўради

«Толибон» Афғонистонни қайта тиклашда ёрдам сўради
«Толибон» Кобулдаги президент саройида
Фото: AP Photo

«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин чет мамлакатларга Афғонистонни тиклашда ва унинг табиий ресурсларини қазиб олишда қатнашишни таклиф қилди, деб ёзади «Коммерсантъ». Унинг сўзларига кўра, бу таклиф барча мамлакатларга тегишли.

«Биз эндигина уруш ва вайронагарчиликлар босқичидан чиқиб, янги даврга кирдик, бунда Афғонистон халқига бошқа мамлакатларнинг ёрдами зарур бўлади. Улар бизга соғлиқни сақлаш, инфратузилма, таълим ва бошқа секторларда ёрдам бериши керак. Улар келиб, бизнинг табиий ресурсларимизни қазиб олиши мумкин», — деди Муҳаммад Суҳайл Шоҳин.

Унинг таъкидлашича, ҳаракатнинг таклифи «барча мамлакатларга» қаратилган бўлиб, «Толибон» «Афғонистон тарихидаги шундай қийин бир пайтда ҳар қандай давлатнинг ёрдамини қадрлайди».

Аввалроқ «Толибон» БМТдан мамлакатда қолишни ва инсонпарварлик фаолиятини давом эттиришни сўраган эди. БМТнинг Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича координатори Рамиз Алакбаровнинг таъкидлашича, ташкилот «Толибон» билан аниқ келишувларга эга эмас.

Бу орада «Толибон» баъзи афғонистонлик амалдорларни ҳибсга олди. Мамлакат собиқ ҳукуматининг баъзи вакиллари оила аъзолари хабар қилишича, қариндошлари ғойиб бўлган ёки «Толибон» томонидан қўлга олинган.

ToloNews телеканали маълумотларига кўра, «Толибон» ҳаракати, хусусан, Лағмон вилояти собиқ губернатори ва собиқ полиция бошлиғини ҳибсга олган, Ғазни вилояти собиқ полиция бошлиғи ҳам ғойиб бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистонни қайта тиклашда ёрдам сўради