19:23 / 21.08.2021
6 435

Путин «Толибон»нинг Афғонистонни эгаллаб олгани юзасидан биринчи марта фикр билдирди

Путин «Толибон»нинг Афғонистонни эгаллаб олгани юзасидан биринчи марта фикр билдирди
Фото: «Коммерсантъ»
Россия президенти Владимир Путин Германия канцлери Ангела Меркель билан музокараларда Афғонистон муаммосини устувор вазифалардан бири деб атади. Путиннинг сўзларига кўра, «Толибон» Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини назорат қилаётгани «бу ҳақиқат, айнан шу воқеликдан келиб чиқиб ҳаракат қилиш керак».

Унинг фикрича, ҳозир энг муҳими, террорчиларнинг қўшни давлатларга, жумладан, қочқинлар ниқоби остида кириб келишига йўл қўймаслик. Президент, шунингдек, «Толибон» жанговар ҳаракатлар тугаганини эълон қилганини, жамоат тартибини ўрната бошлаганини, фуқаролар ва чет элликлар хавфсизлигини кафолатлаганини қайд этди. Владимир Путин улар ўз мажбуриятларини бажаришига умид билдирди. Унинг қўшимча қилишича, халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу жараённи кузатиши керак.

Путин «бегона қадриятларни сингдиришга қаратилган масъулиятсиз сиёсат»ни ва тарихий, диний, миллий хусусиятларни ҳисобга олмасдан, «бошқа мамлакатларда бегона намуналар бўйича демократия қуришга уриниш»ни тўхтатишга чақирди. Путин, шунингдек, Афғонистонга бегона қадриятларни юклаш самарасиз эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай тажрибалар фақатгина давлатнинг парчаланишига олиб келади. Ҳозир эса Афғонистон яхлитлигини сақлаш муҳим.

Ўз навбатида, Меркель Афғонистондаги ҳокимиятнинг «Толибон»га ўтишини «дилни хира қиладиган лаҳза» деб атади. У Москвадан «Толибон» билан музокараларда гуманитар ёрдам масалаларига эътибор беришни сўради.
«Мен Россиядан ‘Толибон’ билан музокараларда БМТнинг Афғонистондаги гуманитар ёрдам масалаларига алоҳида тўхталишини сўрайман, ушбу ёрдамни кўрсатишда давом этиш учун бу муҳим. Бизнинг фикримизча, бизга ёрдам берган одамлар, бундесвер, федерал полиция, улар Афғонистонни тарк этиш имконига эга бўлиши керак», — деди канцлер.

Владимир Путин ва Ангела Меркель ўртасидаги музокаралар Кремлда бўлиб ўтди. Суҳбат қарийб уч соат давом этди. Музокараларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Зайберт ва Федерал канцлернинг ташқи ва хавфсизлик сиёсати гуруҳи раҳбари Ута Кристина Байнхофф ҳам иштирок этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин «Толибон»нинг Афғонистонни эгаллаб олгани юзасидан биринчи марта фикр билдирди