12:53 / 22.08.2021
5 811

Афғонистонда этник ўзбеклар ва тожиклар «Толибон»га қарши коалиция тузмоқда (видео)

Афғонистонда этник ўзбеклар ва тожиклар «Толибон»га қарши коалиция тузмоқда (видео)
Фото: «Centralasia.media»
Афғонистоннинг Панжшер вилоятида «Толибон»га қарши коалиция шаклланмоқда, деб ёзади «РБК». У, асосан, этник тожик ва ўзбеклардан иборат. Қаршилик кучларига Ёрмуҳаммад Дўстум — собиқ вице-президент маршал Абдурашид Дўстумнинг ўғли бошчилик қилмоқда.

Афғонистоннинг Панжшер вилояти — «Толибон» назорати остига ўтмаган ягона ҳудуд бўлиб, у ерда қаршилик отрядлари етакчиларидан бири Аҳмад Масъуд («Толибон»га қарши коалициянинг собиқ етакчиси Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли) ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ жойлашиб олган. 17 август куни президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетгач, Солиҳ ўзини давлат раҳбари деб эълон қилди ва жангариларга ҳеч қачон таслим бўлмасликка ваъда берди.

«Толибон» ҳаракатининг сиёсий идораси вакили 21 август куни Россиянинг Афғонистондаги элчихонасига ташриф буюрган, бу ҳақда элчи Дмитрий Жирнов маълум қилди.

«Бугун элчихонамизга ‘Толибон’ сиёсий идораси вакили келиб, панжшерликларга сиёсий сигнал беришимизни сўради», — деди дипломат.

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» вакили Россиядан Панжшер етакчилари ва аҳолисига ҳаракат вакиллари ҳозирги пайтгача вилоятга куч билан киришга уриниб кўрмаганини етказиб қўйишни сўраган. «Гуруҳ вазиятни ҳал қилишнинг тинч йўлини топишга умид қилмоқда, масалан, сиёсий келишувга эришиш орқали», — деди дипломат. «Толибон» даъво қилишича, улар музокараларга тайёр ва қон тўкилишини истамайди, дея қўшиб қўйди элчи.

Жирновнинг фикрича, ушбу мурожаат орқали «Толибон» жангарилари улар бошқалар тасаввур қиладиган даражада «даҳшатли эмаслиги»ни кўрсатмоқчи ва «вазиятни Солиҳдан кўра маданиятлироқ тарзда тартибга солмоқчи».

Элчининг сўзларига кўра, ҳокимият «Толибон» томонидан эгаллаб олингач, Кобулдаги вазият тинч, «кетма-кет саккиз кундан буён ҳаммаси яхши». «Бунга ўз кўзимиз билан ишонч ҳосил қилиш учун биз бугун шаҳарга чиқиб келдик», — деди у. Жирновнинг қўшимча қилишича, у «Толибон»нинг Марказий Осиё мамлакатларига ёйилиши мумкинлигига ишонмайди: «У ёқларга боришига ишонмайман. Уларнинг уйда қиладиган ишлари жуда кўп».

14 август куни Афғонистон ҳукуматининг мамлакат шимолидаги сўнгги таянчи ҳисобланган Мозори-Шариф шаҳри «Толибон» назорати остига ўтди. Шаҳарни ташлаб қочган Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучлари, жумладан, Термиз—Ҳайратон кўпригига йиғилган ва чегаранинг Ўзбекистон томондан очилишини кутган.

Маълумотларга кўра, улар орасида Афғонистон ўзбеклари етакчиси Дўстум ва тожиклар етакчиси Ато Муҳаммад Нур ҳам бўлган. Бироқ уларнинг айни вақтда қаерда экани расман номаълум. Ато Муҳаммад Нур 15 августга ўтар кечаси Twitter’даги саҳифасида хабар қолдириб, ўзи ва маршал Дўстум «хавфсиз жойда» эканини маълум қилган эди.

15 август куни Дўстум куни кеча Афғонистон—Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ва ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида бўлиб тургани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги Ашраф Ғани, Абдурашид Дўстум, Ато Муҳаммад Нур ва бошқа афғон етакчилари Ўзбекистонда эмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ ўзини қонуний давлат раҳбари деб эълон қилган, унинг кучлари Кобулдан шимолда жойлашган Парвон вилояти маркази Чорикор шаҳрида туманлардан бирини «Толибон»дан олиб қўйишга муваффақ бўлган эди. Унинг айтишича, айни пайтда Панжшер вилоятида жанглар кетмоқда.

Кейинроқ Аҳмад Масъуд АҚШ ва Ғарбга мурожаат қилиб, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» жангариларига қарши курашиш учун қурол-яроғ ва аслаҳалар етказиб беришни сўради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда этник ўзбеклар ва тожиклар «Толибон»га қарши коалиция тузмоқда (видео)