14:20 / 25.08.2021
3 339

Панжшер сулҳ тузиш тарафдори, аммо ҳужумга ҳам тайёр. «Толибон»га қарши кучлар жойлашган ҳудудда нималар бўляпти?

Панжшер сулҳ тузиш тарафдори, аммо ҳужумга ҳам тайёр. «Толибон»га қарши кучлар жойлашган ҳудудда нималар бўляпти?
«Толибон» Панжшер муаммосини тинч йўл билан ҳал қилмоқчилигини бир неча марта билдириб ўтган. Ҳатто уни қамалга олганидан кейин ҳам ҳаракат аъзолари музокаралар ўтказишни таклиф қилмоқда. Панжшерда Қаршилик фронтига раҳбарлик қилаётган Аҳмад Масъуд ҳам масаланинг тинч ечимини топиш истагини билдирган. Агар иккала томон ҳам шуни истаса, нима учун келишиб олмайди?

Бу саволга жавоб «Толибон»ни Панжшерга ҳужумни режалаштиришга, Панжшерни эса қаршилик кўрсатишга ундади, деб ёзади Asia-Plus.

«Толибон» Масъуддан нима истаяпти?
Афғонистонлик журналистлардан бирининг сўзларига кўра, «Толибон»нинг Масъуд билан музокаралари шундан иборат бўляптики, улар унга таслим бўлишни таклиф қиляпти. Яъни, «бизнинг ғалабамизни тан ол, кейин, агар истасак, сенга қандайдир лавозимни берамиз».

Сулҳ ва кенг қамровли ҳукумат ҳақида бошқа ҳеч қандай гап йўқ.

Манба хабар беришича, 23 август куни «Толибон» Аҳмад Масъуд билан музокаралари муваффақиятсизликка учрагани ва улар Панжшерга ҳужум қилишга қарор қилгани ҳақида эълон қилган. Улар бир нечта туманлардан ўз кучларини сафарбар қилган.

Андаробга ҳужум ушбу режанинг бир қисми бўлди, у Панжшер билан чегарадош бўлиб, Андароб тўлиқ эгаллаб олинган тақдирда, «Толибон» қамал ҳалқасини тепадан Панжшер бўйлаб тортиши мумкин эди.

«Толибон» Панжшер томонга қараб юриш учун Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидан ўзининг 3 мингга яқин жангариларини жалб қилди. Бир кун аввал, 23 август куни тунда қаршилик кучлари Соланг назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олиб, ҳужум йўлини тўсиш учун ўша ер яқинидаги кўприкни портлатиб юборган. Натижада, хабарларга кўра, «Толибон» Панжшерга ўта олмаган.

«Толибон» кучлари Панжшер атрофида тўпланган ва баъзи туманларда қаршилик кучлари билан тўқнашмоқда.

Ҳозирча, ишончли манбаларга кўра, «Толибон» Панжшернинг ўзига етиб бормаган ва у ерда жанговар ҳаракатлар олиб борилмаяпти.

Asia-Plus’нинг Афғонистондаги манбаси маълум қилишича, Панжшер ичкарисида тайёргарлик ишлари олиб борилган ва барча тоғ чўққиларига, йўлларга, Панжшер яқинидаги Гулбаҳор туманида қояларга танклар ва бошқа жанговар техника жойлаштирилган бўлиб, улар «Толибон» ҳужум қилган тақдирда, уларни янчиб ташлашга тайёр.

Аҳмад Вали Масъуд идораси вакили айтишича, «Толибон» Панжшерга ҳужум қилмоқчи бўлган, аммо Андаробдаги жанг уларни бу режани кейинга қолдиришга мажбур қилган.

«Толибон» Панжшерга муваффақиятсиз ҳужумдан кейин яна музокараларни бошлади. Улар доктор Абдулла Абдулладан панжшерликлар билан музокаралар олиб боришни сўраган.

Шунингдек, 23 август куни Аҳмад Масъуд «Толибон»нинг Кобулдаги жорий етакчиларидан бири Абдураҳмон Моттакий билан телефон орқали суҳбатлашган.

Суҳбат чоғида Моттакий Масъудни қаршилик кўрсатмасликка ва «Толибон» ҳукуматига қўшилишга чақирган. Уларнинг қаршилиги мантиқсиз экани, чунки «Толибон»ни йирик мамлакатлар қўллаб-қувватлаётганини айтган.

Аҳмад Масъуд: «Биз озод ва гуллаб-яшнаётган Афғонистонни кўришни хоҳлаганимиз учун бош кўтардик, бунга эса музокаралар ва ҳамжиҳатлик орқали эришилади, лекин агар гап куч ва уруш ҳақида борса, бизни биласиз. Мен отамнинг ўғлиман ва барча кучимни ватанни ҳимоя қилишга йўналтираман», — деган.

Ҳалигача музокаралар ҳеч қандай натижа бермагани ҳақида Аҳмад Вали Масъуднинг ўзи 24 август куни кечқурун Афгҳанистан International каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Панжшер озодлик рамзи бўлган ва ҳозир ҳам шундай»
Asia-Plus’нинг Панжшердаги манбаси маълум қилишича, у ерда одамлар яхши кайфиятда юрибди.

«Турли жойларда, айниқса, қаршилик кучлари шаклланган Парвон ва Кописо вилоятларида одамлар тайёргарлик кўрмоқда. Бундан ташқари, сўнгги бир неча кундан буён ‘Толибон’ аъзолари бир-бири билан душманлик кайфиятида, пуштун ва пуштун бўлмаган ‘Толибон’лар ўртасида зиддиятлар юзага келди. Кобулда ва бошқа вилоятларда баъзи тўқнашувлар ва кескинликлар кузатилди, одамлар ‘Толибон’дан норози бўлиб намойиш қилди ва уларнинг ўзлари вазиятни тушунди», — деди Asia-Plus манбаси.

«Томонлардан бири уруш билан муваффақиятга эришмоқчи бўлса, тинчлик келишувини тузмаса ва у ҳақда гапирмаса, мамлакатни куч билан эгаллаб олмоқчи бўлса, унда куч ва урушга қарши туриш ягона йўл бўлиб қолади. Ҳуқуқларингиз бузилса, одамлар ўлдирилса, ерингиз ва мамлакатингиз олиб қўйилса, уйингизни эгаллаб олишса ва номусингизга тажовуз қилишса, қаршилик кўрсатиш ягона йўл бўлади. Аслида, қаршилик — уруш эмас, балки урушга қаршилик. Бу ҳар бир кишининг табиий ҳуқуқи», — деди Аҳмад Масъуднинг амакиси Аҳмад Вали Масъуд.

У баёнот билан чиқиб, қаршилик кучлари «Толибон»дан одамлар илтимосини қондириб, ҳукумат тузишни талаб қилди. «Лекин улар мамлакатни куч билан эгаллаб олганини, энди биз бориб, уларга содиқликка қасамёд қилишимизни талаб қиляпти».

«Толибон»нинг ушбу ғояси Панжшерда ҳеч ким томонидан қабул қилинмаяпти, шунинг учун тинчлик масаласи ҳужум, мағлубият ва қаршилик билан бир қаторда муҳокама қилинмоқда. Аммо Моттакий билан сўнгги суҳбатида Аҳмад Масъуд шундай деди:

«Панжшер узоқ вақт давомида қаршилик кучларининг таянчи ҳамда мамлакат мустақиллиги ва озодлиги ҳимояси бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қадриятларни ҳимоя қилади. Афғонистон халқига зарар етмаслиги учун Панжшер тинчлик сулҳини тузиш ва келишувга эришишни таклиф қилмоқда. Аммо агар иккинчи томон уруш қилишни хоҳласа, амин бўлингки, Панжшер аҳолиси жанг қилишга тайёр, чунки Панжшер озодлик рамзи бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Ва худо хоҳласа, у муваффақиятга эришади».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Панжшер сулҳ тузиш тарафдори, аммо ҳужумга ҳам тайёр. «Толибон»га қарши кучлар жойлашган ҳудудда нималар бўляпти?