18:30 / 31.08.2021
4 119

Пентагон АҚШнинг Афғонистондаги жами талафотларини ошкор қилди

Пентагон АҚШнинг Афғонистондаги жами талафотларини ошкор қилди
Фото: Reuters
АҚШ Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштироки мобайнида 2 мингдан ортиқ одамни йўқотди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кеннет Маккензи маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Бу миссия осон бўлгани йўқ. Биз 2461 нафар Америка ҳарбийлари ва тинч фуқароларининг ўлими ҳамда 20 мингдан ортиқ одамнинг яраланиши билан ҳақ тўладик», — деди у. Шунингдек, ушбу миссия АҚШга 1-2 триллион долларга тушган.

АҚШ президенти Жо Байден 23 август куни АҚШнинг Афғонистондаги миссияси давомида 2448 нафар америкалик ҳалок бўлганини маълум қилганди. У ҳар куни талафотлар статистикаси билан танишиб чиқишини айтганди. «Бу қоғозчани ҳар куни ўзим билан олиб юраман — унда 2448 америкалик ҳалок бўлиб, 20 722 нафари яралангани қайд этилган», — деган эди сиёсатчи.

Маккензи ошкор этган янги рақамларга 26 август куни Кобул аэропорти яқинидаги теракт оқибатида ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар ҳам киради. Аэропортга кираверишда тўпланган оломон орасида худкуш террорчи ўзини портлатгач, камида 185 киши ҳалок бўлганди. Портлаш учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди, АҚШ бунга жавобан Афғонистондаги ИШИД позицияларига бир нечта авиазарбалар берди.

АҚШ қўшинлари Афғонистонга 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин кирди. Ўшанда «Ал-Қоида» жангарилари тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олган, уларнинг иккитаси Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига бориб урилган эди. Оқибатда жами 2977 киши ҳалок бўлган.

BBC ёзишича, қарийб 20 йиллик миссия мобайнида Афғонистонда 800 мингдан ортиқ Америка ҳарбий хизматчилари ва 25 минг оддий фуқаролари хизмат ўташга улгурган.

Апрелда АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрь воқеаларига 20 йил тўладиган кунгача Афғонистондан қўшинлар олиб кетилишини эълон қилганди. «Мен тарихимиздаги энг узоқ давом этган урушни якунлаб, Америка қўшинларини уйга қайтариш вақти келди, деган хулосага келдим», — деди Байден.

У АҚШнинг мақсади мамлакатни бирлаштириш эмас, балки «Ал-Қоида»ни йўқ қилиш бўлганини тушунтирди. Шунингдек, президент афғон кампанияси АҚШга кунига 150-300 миллион долларга тушганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Америка армияси ўз контингентини Афғонистондан олиб чиқишни якунлади. АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси қарийб 19 йил-у 11 ой давом этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пентагон АҚШнинг Афғонистондаги жами талафотларини ошкор қилди