17:52 / 06.09.2021
2 959

«Толибон» талаба қизларнинг таълимни давом эттириши юзасидан ўз шартларини эълон қилди

«Толибон» талаба қизларнинг таълимни давом эттириши юзасидан ўз шартларини эълон қилди
Фото: Reuters
«Толибон» Афғонистондаги хусусий университетларда ўқийдиган хотин-қизларга дарс пайтида абайя — бутун танани ёпадиган узун анъанавий либос кийиш, шунингдек, фақат кўз қисми очиқ бўладиган ниқоб тақишни мажбурий этиб белгилади. Бу ҳақда AFP хабар берди.

«Толибон» янги ўқув йилининг бошланиши юзасидан фармон чиқарди. Унда қайд этилишича, аёллар эркаклардан алоҳида ўқитилади, айрим истисно ҳолатларда дарсхонанинг талаба қизлар жойлашган қисмига парда тортилган бўлиши зарур. Талаба қизларга фақат аёл ўқитувчилар дарс бериши мумкин, бунинг иложи бўлмаган ҳолларда «обрўси баланд» кекса эркак ўқитувчилар дарс ўтишига рухсат этилади.

Фармонга кўра, таълим муассасасида аёллар ва эркаклар учун алоҳида-алоҳида кириш йўлаклари ажратилади. Талаба қизлар учун дарслар беш дақиқа олдин тугайди. Бу орқали қизларнинг университет ташқарисида талаба йигитлар билан учрашиб қолмаслигини таъминлаш мақсад қилинган.

Қоидалар хусусий коллеж ва университетларга тааллуқли бўлиб, бундай ўқув даргоҳларининг сони 2001 йилда «Толибон»нинг биринчи ҳукмронлик даври тугаганидан кейин кескин кўпайган.

«Толибон» мамлакатда яна ҳокимият тепасига келган август ойида ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёлларга «ислом қонунлари доирасида» ишлаш, ўқиш ва жамият бошқарувида иштирок этишга рухсат берилишини айтган. Шу билан бирга, толибларнинг шартларига кўра, Афғонистонда аёлларнинг барчаси ҳижоб (паранжи) кийиши керак бўлади. «Толибон» аввалги бошқаруви давридан фарқли равишда бу сафар аёлларнинг уйдан ёлғиз, эркаклар ҳамроҳлигисиз чиқа олиши мумкинлигини кафолатламоқда.

Кейинчалик Мужоҳид Афғонистондаги ишлайдиган аёлларни ўз хавфсизлиги учун уйдан чиқмасликка чақирган. «Бизнинг хавфсизлик кучларимизга аёллар билан қандай муносабатда бўлиш, улар билан қандай мулоқот қилиш ҳақида ўргатилмаган. Мамлакатда тўлиқ хавфсизлик ўрнатилмагунча аёллардан уйда қолишини сўраймиз », — деган ҳаракат вакили.

Шунингдек, «Толибон» аёлларга ҳукумат таркибида лавозимлар берилмаслигини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» талаба қизларнинг таълимни давом эттириши юзасидан ўз шартларини эълон қилди