13:53 / 12.09.2021
2 458

Франция «Толибон»ни ёлғончиликда айблади ва у тузган ҳукуматни тан олмаслигини маълум қилди

Франция «Толибон»ни ёлғончиликда айблади ва у тузган ҳукуматни тан олмаслигини маълум қилди
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан
Фото: Pascal Rossignol / Reuters

Франция Афғонистонда «Толибон» шакллантирган ҳукуматни қўллаб-қувватламайди ва уни тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан France 5 телеканали орқали қилган чиқишида маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

«Толиблар айрим хорижликлар ва афғонларнинг мамлакатдан эркин чиқиб кетишига шароит яратишни, мамлакатдаги озчилик ҳам давлат бошқарувида иштирок этадиган ҳамда инклюзив ҳукуматни ваъда қилганди, бироқ бу ёлғон бўлиб чиқмоқда», — дея вазир сўзларидан иқтибос келтирган Reuters.

Ле Дрианнинг сўзларига кўра, Франция Афғонистондаги янги ҳукуматни тан олишни ва у билан муносабатлар ўрнатишни истамайди.

Аввал Франция президенти Эммануэль Макрон «Толибон»ни расман тан олиш ҳаракатнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қандай эътибор қаратишига бевосита боғлиқ эканлигини тушунтирганди. Шунингдек, Макроннинг фикрича, толиблар террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиши зарур.

Франция ТИВ 8 сентябрда ҳам толибларнинг ўз ваъдасида турмаганини баён қилган. «Толиблар ваъдани бажариб, ижтимоий ёрдам учун эркин шароит яратиши керак эди. Уларнинг ҳаракатлари берган ваъдаларига мос эмас», — дея қўшимча қилинади вазирлик баёнотида.

«Толибон» мамлакатдаги янги ҳукумат инклюзив бўлиши ва давлат бошқарувида ҳаракат мутлақ устун бўлмаслигини билдирганди. Аммо толиблар янги ҳукумат таркибини эълон қилганида унда бирорта ҳам аёл ёки мамлакатдаги бошқа этник гуруҳлар вакилларининг йўқлиги, вазирлар маҳкамасида фақат гуруҳ аъзолари борлиги маълум бўлди. БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Дебора Лаёнс тузилган ҳукуматни инклюзив эмас деб топган.

«Аввалги ҳукуматнинг собиқ аъзолари ҳам, мамлакатдаги озчилик вакиллари ҳам янги Вазирлар Маҳкамасининг таркибида йўқ», — дея аниқлик киритган у.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Москванинг толиблар тузган ҳукуматни тан олишга шошилмаслиги ва уларнинг кейинги ҳаракатлари қандай бўлишини кузатиб бориш ҳақида гапирган. Шунингдек, у ҳаракат вакиллари билан дўстона муносабатлар ўрнатилишига умид қилишини айтган.

Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небенз эса 10 сентябрда толиблар тузган ҳукумат легитим эмаслигини қайд этган.

«Уларни ҳали ҳеч ким тан олгани йўқ. «Толибон» халқаро стандартларга кўра ҳали легитим Афғонистон ҳукумати эмас», — деган Небенз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Франция «Толибон»ни ёлғончиликда айблади ва у тузган ҳукуматни тан олмаслигини маълум қилди