16:36 / 16.09.2021
870

АҚШ, Буюк Британия ва Австралия AUKUS мудофаа альянсини тузди

АҚШ, Буюк Британия ва Австралия AUKUS мудофаа альянсини тузди
Фото: «Interfax»
АҚШ, Буюк Британия ва Австралия хавфсизлик соҳасида уч томонлама ҳамкорликни йўлга қўймоқда. «The Guardian» ушбу иттифоқни тузишдан бош мақсад Хитойга қарши туриш эканини тахмин қилмоқда.

AUKUS (уч мамлакат номлари қисқартмасидан олинган — таҳр.) номини олган ушбу ташаббус старт олганини АҚШ президенти Жо Байден, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва Австралия бош вазири Скотт Моррисон АҚШда бўлиб ўтган онлайн брифингдан сўнг маълум қилишди.

Борис Жонсоннинг айтишича, янги альянс уч инглиззабон мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаб, кўплаб янги иш ўринлари очилади. Эътиборли жиҳати, янги иттифоқ тақдимотида ҳеч бир томон уни тузишдан асосий мақсади Хитойни тийиб туриш эканини очиқчасига тилга олмади.

Бутун дунё учун муҳим сигналлардан бири шу бўлдики, келгуси 18 ой давомида уч ҳамкор Австралияни ядровий реакторлар ўрнатилган сувости кемаларига эга еттинчи мамлакатга айлантириш режаси устида иш олиб боришади. Ядровий реакторлар билан ҳаракатланувчи сувости кемалари дизел двигателли субмариналарга қараганда шовқинсизроқ ишлайди, кўздан пана бўлиш имконияти ҳам анча юқори.

Ўз навбатида, Австралия ядро қуроли яратишга интилмаслигини қатъий таъкидлади. Уч мамлакат раҳбарлари альянс ташқи таҳдид ва чорловларга қарши ҳамкорликни янада жипслаштиришга хизмат қилишини билдиришган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » АҚШ, Буюк Британия ва Австралия AUKUS мудофаа альянсини тузди
[/banner_pushhouse