Фото: AP Photo / Себастиан Счеинер
Исроил хавфсизлик кучлари қарийб икки ҳафта муддат давомида қамоқхонадан шунча вақт аввал қочган маҳбусларни излади ва қаттиқ қўриқланадиган жазони ижро этиш муассасасига уларни қайтарди. Энди Исроилдаги ваколатли органлар ҳодиса юзасидан тергов ўтказиши ва қамоқхоналарда маҳбусларга яратилган шароитлар ва тартиб ўзгартирилиши мумкин. Ўз навбатида фаластинликлар ушбу қочишни босқинчиларга қарши қаҳрамонона ҳаракат деб ҳисобламоқда.
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати қаҳрамонларни Исроил билан анча вақтдан буён давом этаётган ва ҳали муваффақиятли якунланмаган асирлар алмашинуви бўйича музокараларда Фаластинга қайтариш таклифини бермоқчи. «Коммерсантъ» нашри маҳбусларнинг фильмлардаги каби қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган олтовлон ва уларнинг амалга ошган режаси ҳақидаги маълумотларни тақдим қилган.
ҲАМАС асирлар алмашинуви бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган «йўл харитаси»ни эълон қилди ва энди қарор қабул қилиш Исроил ҳукуматига боғлиқ. Бу ҳақда ҳаракат сиёсий қанотининг аъзоси Заҳер Жабарин маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, фаластинлик маҳбусларни ҳам алмаштириш энг асосий мақсадлардан бирига айланган.
Май ойида Ғазо секторида Исроил билан навбатдаги жанговар ҳаракатлар якунига етгач, ҲАМАС 1111 нафар фаластинлик маҳбусларни Исроил қамоқхоналаридан озод қилиш режаси борлигини билдирган. Мазкур алмашинувда 2014 йилдан бери ҲАМАС ихтиёрида бўлиб турган икки нафар фуқаро ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари Исроилга қайтарилиши мумкин. Ўз навбатида Исроил Ғазо секторидаги лойиҳаларини қайта тиклаш, асирлар ва ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини олиш эвазига ушбу келишувга рози бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Заҳер Жабариннинг таъкидлашича, ҲАМАС Исроилнинг мазкур режаларига рози эмас. Ҳаракат вакиллари ўз рўйхатидаги маҳбусларни, жумладан, 2011 йилдаги келишувдан кейин такроран ҳибсга олинган мингдан зиёд маҳкумларни ортга қайтармоқчи. Ўн йил аввал исроиллик аскар Гилод Шалитни топшириш эвазига мингдан зиёд маҳбуслар озод қилинганди. Шунингдек, ўтган ҳафтада ҲАМАС ҳарбий қаноти вакили Абу Обейда сентябрь ойида қамоқхонадан қочган олти нафар маҳбусни озод қилиш ҳам бўлажак келишувнинг бир қисми бўлишини ваъда қилган.
Исроил шимолида жойлашган Гильбоадаги қамоқхонадан «Ислом жиҳоди» ҳаракатининг беш нафар аъзоси ҳамда «Ал-Ақсо гуруҳлари» («Фатҳ» ҳаракатининг ҳарбий қаноти) Заҳарий Зубейдининг қочгани ҳақида 6 сентябрь куни оқшомда маълум қилинган.
Қочқинлар 2000 йилларда террорчиликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосини олган ёки кўп йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Қочоқларнинг энг таниқлиси Заҳарий Зубайдий 2019 йилда ҳибсга олинган. 2000 йиллар бошида Исроил ҳарбийлари уни ушлаш ёки йўқ қилиш учун бир неча марта уринган, бироқ у ҳар сафар қочиб қутулишга муваффақ бўларди. 2008 йилда Фаластин ҳукуматининг илтимосига кўра, Исроил уни қидирувга берилган террорчилар рўйхатидан чиқаришга рози бўлди. Аммо маълум вақт ўтгач, вазият яна ўзгарди. Оқибатда у Бейт-Элдаги отишма ҳамда бошқа ҳужумлар учун ҳибсга олинди. У 15 йилга қамалиши мумкин, лекин тергов ҳаракатлари якунига етмаган.
Исроил қамоқхоналарида Фаластин жангарилари гуруҳларини одатда бир-бирида ажратган ҳолда сақлашади, шунга қарамай Гильбоа маъмурияти Заҳарий Зубайдийнинг ўзини «Ислом жиҳоди» гуруҳи вакиллари сақланаётган камерага ўтказишни сўраб қилган илтимосини қаноатлантирган. Қўриқлаш хизмати вакиллари кузатув тизими орқали камерадаги фаолликка ҳам етарли даражада эътибор қаратмаган.
Маҳбуслар кавлаган туннел йўлининг чиқиш нуқтаси
Фото: Reuters / Гил Элияҳу
Қочиш амалга ошганидан кейин ўтказилган тергов давомида маҳбусларнинг камерадаги туннел қазиш ишларини ўтган йили ноябрь ойида ўткирлаштирилган идиш-товоқ ушлагичлари воситасида бошлагани аниқланган. Исроил ОАВ туннелнинг ҳожатхона орқали қазилгани ва маҳбусларнинг канализация шахтаси орқали ташқарига чиқишга муваффақ бўлгани ҳақида хабарлар берган.
Минорадаги қўриқлаш ходимаси иш жойида ухлаб қолгани ва маҳбусларнинг қамоқхона ҳудудидан қочганини пайқамаганини тан олган.
Қочиш амалга ошганини шох-шаббалар ортида яшириниб юрган бир хил қамоқхона кийимидаги олти кишини кўрган ҳайдовчи хабар қилган. Ишни ўрганиш давомидаги яна бир антиқа ҳолат кузатилган, яъни турмалар лойиҳаларини ишлаган «Поре Яакови Карни» архитектура бюросининг расмий сайтида Гильбоа ҳамда Исроилдаги бошқа қамоқхоналарнинг батафсил тархи (чизмаси) жойлаштирилгани аниқланган.
Фаластинлик олтовлон қамоқхонадан қочгач, икки гуруҳга бўлиниб таъқибчилардан яширинишга уринган. Улар озодликдаги шериклари ёрдам беришига умид қилган, аммо якунда ҳеч ким қочқинларга кўмак бермаган. Бунга асосий сабаблардан бири — қочиш муддатининг ўзгарганлиги. Маҳбуслар қўриқчилар қазилган тешикни пайқаб қолишидан чўчиб, эртароқ қочиб кетишга қарор қилган.
Бундан ташқари, олти нафар маҳбуснинг аксар қисми узоқ вақт давомида қамоқхонада бўлган ва янги кузатув ҳамда қидирув технологиялари ёрдамида қочоқларни тез топиб олишлари мумкинлигини ҳисобга олмаган. Қочоқларнинг бир қисмининг қаерда экани улар яқин қариндошларига қўнғироқ қилиб суҳбатлашганидан кейин аниқланган.
Биринчи жуфтлик 10—11 сентябрда Исроил ҳудудида ушланган. Яна икки маҳбус якшанбага ўтар кечаси Фаластиннинг Женин шаҳрида ҳибсга олинган. Олти нафар маҳбуснинг ҳаммаси ҳуқуқ-тартибот идораларига қаршилик кўрсатмаган ҳолда таслим бўлган.
Қўлга олинган қочоқлар
Фото: Reuters
Араб фуқароларининг қочоқларга ёрдам бермагани Исроил учун яхши хабар бўлди. Фаластинликлар учун эса аксинча Исроил ҳамда Фаластин чегарасида турлича томонларда яшайдиган гуруҳлар ўртасида муносабатларни ойдинлаштириш бошланиб кетди. Ғарбий соҳилдаги Рамалла маъмурияти Исроил билан ҳамкорлик қилганлиги юзасидан айбловлар янгради, Женинда ҳам исроилликларга фаол қаршилик кўрсатилмаганди. Фаластин бош вазири Муҳаммад Штайя мазкур ҳолатлар туфайли ҳукуматнинг Исроил қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг иши қандай кечаётганини доимий равишда кузатиб турганини маълум қилган.
Фото: Reuters / Аммар Авад
Гарчи қочқинларнинг озодликдаги сайри узоқ давом этмаган бўлса ҳам Араб ОАВ қайд этганидек «Озодлик туннели» операцияси фаластинликлар томонидан чинакам қаҳрамонлик деб эътироф қилинмоқда. Фаластиндаги радикал ҳаракатлар ушбу воқеадан ўз мақсади йўлида фойдаланишга уринмоқда. «Фаластин маҳбуслари клуби» ташкилотининг президенти Каддура Фарес Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида фаластинликлар ҲАМАСнинг қамоқхонага қайтарилган қочоқларни озодликка чиқариш борасида берган ваъдасини асло унутмаслиги ҳақида гапирган. Шунингдек, у Гильбоадан қочиш фаластинликлар учун ядро қуролига эга Исроил устидан пухта режа ва ишончли ҳаракатлар эвазига ғалаба қозониш умидини берадиган ўзига хос тимсолга айланганини қайд этди.
У қочоқларнинг ўз хавфсизлик тизимини мукаммал деб ҳисобловчи исроилликларни шокка тушириб қўйгани, шу билан бирга, бутун дунёда фаластинлик маҳбусларга нисбатан раҳм-шафқат билан муносабатда бўлишга туртки берганини таъкидлаган.
Каддура Фареснинг сўзларига кўра, фаластинликлар ушбу қочиш Исроил қамоқхоналарида қатъий чоралар кўрилиши ҳамда маҳбусларнинг шароитлари оғирлашиши мумкинлигини ҳисобга олган, шу сабабли кўплаб ҳибсхоналарда маҳбусларнинг очлик эълон қилиши ҳақида хабарлар тарқалган. Мамлакатда олти нафар маҳбус очликни бошлашга ҳам улгурган.
Улар ўзларининг маъмурий қамоқда ушлаб турилганидан норози. Айримлар икки ойдан буён овқатланишдан бош тортиб келмоқда. Қуддус яқинидаги Офер қамоқхонасида ҳам 100 нафар маҳбус очлик эълон қилган. Улар «Озодлик туннели» операциясидан кейин қамоқхонадаги шароитлар оғирлашганини айтиб, бундай тартибни бекор қилишни сўрамоқда.
Исроил ҳукумати мураккаб вазиятда қолган. Бир томондан қамоқхонадан қочиш сабабларини ўрганиш ва сўнгги йиллардаги жазони ижро этиш муассасаларидаги тизимни тартибга келтириш лозим. Gaarets маҳаллий нашри фаластинлик қочоқларнинг қамоқхона ҳудудида «давлат ичида давлат» тузиб олгани ҳақида ёзган, маҳбуслар турмадаги барча жараённи бошқарган ва хавфсизлик хизмати вакиллари уларга таъсир кўрсата олмаган.
Газета жазони ижро этиш тизимидаги давлат назоратининг кучсизлигини қайд этган. Бошқа томондан эса маҳбусларга ўтказиладиган ҳар қандай босим Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳамда Ғазо секторидаги хавфсизликка таҳдидлар пайдо бўлиши ва вазият чигаллашиб кетиши мумкин. Олти нафар қочоқ мавзуси барча фаластинликларда бирдамлик туйғусини уйғотди, сабаби ҳозир Исроил қамоқхонасида бўлган ва қачонлардир турмада сақланганлар кўпчиликни ташкил қилади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?