13:35 / 04.10.2021
1 948

Пандора ҳужжатлари: давлат раҳбарларининг махфий бойликлари фош қилинди

Пандора ҳужжатлари: давлат раҳбарларининг махфий бойликлари фош қилинди
Фото: ICIJ
Ҳужжатларда Иордания қироли Абдуллоҳ II, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путиннинг «энг яхши имижмейкери» Константин Эрнст ва бир қанча давлат раҳбарларининг офшор компанияларга алоқадорлиги келтириб ўтилмоқда.

Дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилди. Янги офшор файлга Пандора ҳужжатлари деб ном берилган.

Халқаро журналист-суриштирувчилар консорциуми 650дан ортиқ журналист бошчилигида миллионлаб файлларни ўрганиб чиққан ва 35та ҳозирги ва собиқ давлат раҳбарлари ва уч юздан ортиқ амалдорлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилмоқда.

Қайд этилишича:

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг оиласи ўз мамлакатини талон-торож қилишда айбланган. Сўнгги йилларда Алиевлар ва уларнинг яқин шериклари Буюк Британияда 400 миллион фунт стерлингдан зиёд мулкий битимлар тузишган. Хусусан, президентнинг 11 ёшли ўғли Ҳайдар Алиев учун Лондонда 33 млн долларлик мулк харид қилинган. Майфейрдаги яна бир бино эса Илҳом Алиев оиласига тегишли Mallnick Holdings томонидан сотиб олинган ва бир ой ўтиб мулк Алиевлар билан оилавий яқин алоқалари бор Гайдар компанияси томонидан қайта харид қилинган.

Иордания қироли Абдуллоҳ II АҚШ ва Буюк Британиядан 100 миллион долларга махфий равишда кўчмас мулклар харид қилган. Йигирма йиллик ҳукмронлик даврида доимий равишда авторитаризм айбловларига дучор бўлган қирол Калифорния ва Англиянинг энг марказий ва замонавий ҳудудларидан 15та уй ва квартиралар сотиб олган. Қироллик ҳуқуқшуносларининг таъкидлашича, Абдуллоҳ II барча мулкларни Иордания фуқароларининг эҳтиёжлари учун ўз шахсий жамғармасидаги маблағлари ҳисобидан харид қилган. Улар офшор компаниялар орқали рўйхатдан ўтишни хавфсизлик ва махфийлик нуқтайи назаридан машҳур одамлар орасида кенг тарқалган амалиёт деб аташган.

Кения президенти Ухуру Кенятта ва унинг оиласининг олти аъзоси яширин равишда офшор компаниялар тармоғига эгалик қилишган. Улар 11та офшор фирма билан алоқа боғлаган — улардан бири 30 миллион долларлик активларга эга бўлган.

Кипр президенти Никос Анастациадес таъсисчиси бўлган адвокатлик фирмаси бир қанча офшор компанияларнинг ҳақиқий эгаси бўлган собиқ россиялик сиёсатчини яшириш мақсадида бир қанча сохта мулкдорлардан фойдаланган бўлиши мумкин. Ҳужжатлар юридик фирма россиялик миллиардер ва собиқ сенатор Леонид Лебедевга тўртта компаниянинг мулкини яширишга ёрдам берганини аниқлаган. Бироқ юридик фирма буни рад этмоқда. Йирик нефт магнати бўлган Лебедев энергетика соҳасида 220 миллион долларни ўзлаштирганликда айблагандан кейин Россиядан қочиб кетган. Шунингдек, кипрлик юридик фирма рус пўлат магнати Александр Абрамов учун ҳам маълумотномалар тайёрлаганликда айбланмоқда.

Покистон бош вазири Имрон Хон ва яқинлари, мамлакат вазирлар маҳкамаси ҳамда уларнинг оилалари миллионлаб долларлик офшор компанияларга эга. 2016 йил апрелида Панама ҳужжатлари бўйича Покистонда тергов бўлганида Имрон Хон жуда хурсанд бўлган. Панама ҳужжатларида ўша вақтдаги Покистон бош вазири Навоз Шарифнинг фарзандлари офшор компаниялар билан алоқада бўлганлиги келтириб ўтилганди. Бу эса Имрон Хонга сиёсий рақибини «коррупционерлар коалицияси» раҳбари сифатида айблашга имкон берган.

«Ривожланаётган мамлакатларда одамлардан талон-торож қилиш жирканчликдир» деган Имрон Хон 2016 йилда Тhe Guardian нашрига берган интервьюсида. Охир-оқибат, Покистон олий суди Новоз Шарифни Панама ҳужжатлари сабаб бўлган тергов натижасида лавозимидан четлатди. Имрон Хон эса кейинги миллий сайловда унинг ўрнини эгаллаган. Бугунги кунга келиб эса Имрон Хонга яқин одамларнинг офшор ҳолдинглар ташкил қилгани ошкор қилинмоқда. Улар орасида унинг молия вазири ва молиявий масалалардаги ёрдамчиси ҳам бўлиши мумкин.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш томонидан Францияда 22 миллион долларлик кинотеатр ва иккита сузиш ҳавзасига эга бўлган қаср офшор инвестиция компанияси ёрдамида харид қилинган. Ҳужжатда бош вазир мамлакатида иқтисодий ва сиёсий коррупциясига қарши курашган «миллиардер» сифатида тавсифланган.

Ливаннинг собиқ вазири ва Ал-Маварид банки раиси Марван Хайриддин 2019 йилда мамлакатда оғир иқтисодий инқироз ҳукм сураётган ва аҳолининг ярми қашшоқлик билан курашаётган бир пайтда 2 миллион долларлик яхталарга эгалик қилган BVI компаниясининг раҳбари сифатида битимлар имзолаган. Ливан фуқароларидан бирининг таъкидлашича, аҳоли кундалик яшаш учун курашаётган бир пайтда «сиёсатчилар ва банкирлар» мамлакат пулларини чет элга «инвестиция» қилган.

Пандора ҳужжатлари шуни кўрсатадики, собиқ Буюк Британия бош вазири Тони Блейр ва унинг рафиқаси Чери 8,8 миллион долларлик кўчмас мулкка эга ва ҳозирда бу ерда Чери Блейр юридик фирмаси жойлашган. Ушбу бино Баҳрайн саноат ва туризм вазири Зайид бин Рашид оиласига тегишли офшор компаниядан харид қилинган. Бу харид оилани 400 минг долларлик мол-мулк солиғи тўлашдан «қутқариб» қолган. Блейр ва Зайид бин Рашиднинг таъкидлашича, улар дастлаб бир-бирларининг битимга алоқадорлиги ҳақида билишмаган.

Рус-телевизион ижрочиси ва Оскар мукофотига номзод продюсер Константин Эрнст ҳам офшор компанияларга алоқадорликда айбланмоқда. У Путиннинг энг яхши имижмейкери, президентни «Россиянинг қутқарувчиси» деган фикр билан халқни сотган ижодий истеъдод сифатида таърифланган. Пандора ҳужжатлари шуни кўрсатадики, Эрнстга 2014 йилги Сочи қишки олимпиада ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларини тайёрлаганидан сўнг, даромадли ишларда иштирок этиш имконияти берилган. У ҳукумат томонидан молиялаштирилган офшор компаниялар орқали Москва шаҳридан ўнлаб кинотеатрлар ва бошқа мулкларни сотиб олиш бўйича битим тузган. Маълумотларга кўра, 2019 йилга келиб Эрнстнинг мулклардаги шахсий улушининг қиймати 140 миллион доллардан ошган. Эрнст хусусийлаштириш битимларида қатнашганлигини инкор этмаслигини, аммо бу 2014 йилги Олимпиада ўйинларига умуман дахли йўқлигини таъкидлаган.

Ҳужжатларга кўра, Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг офшор компаниядаги 25 фоиз улушини сайлов компанияси бошланишидан олдин яқин дўсти, ҳозирда президентнинг бош маслаҳатчиси бўлган Серхий Шефирга ўтказиб берган. Лондон кўчмас мулкининг яна бир эгаси президент Зеленскийнинг собиқ бизнес шериги, сценарий муаллифи ва «Студия 95» телесериали директори Андрей Яковлевдир. Шунингдек, Украина президентининг ака-ука Шефирлар билан биргаликда асос солган офшор ширкати Украина хавфсизлик хизмати раҳбарининг ишончли бошқарувидалиги хабар қилинмоқда. Бундан ташқари, Владимир Зеленский миллиардер олигарх Коломойскийга боғлиқ тузилмалардан 40 миллион доллар миқдоридаги ўтказмаларга алоқадор бўлиши мумкин. Пандора ҳужжатлари олигарх Игор Коломойский тузилмаларидан Владимир Зеленский ва унинг шерикларининг офшор компанияларига пул ўтказиш схемасини қисман тасдиқлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пандора ҳужжатлари: давлат раҳбарларининг махфий бойликлари фош қилинди