11:46 / 06.10.2021
1 884

Зеленский, Алиев ва Назарбоевнинг сирли рафиқасининг «Пандора архиви»даги офшор схемаларга алоқадорлиги аниқланди

Зеленский, Алиев ва Назарбоевнинг сирли рафиқасининг «Пандора архиви»даги офшор схемаларга алоқадорлиги аниқланди
Владимир Зеленский
Фото: AFP

2021 йил 3 октябрь куни Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми «Пандора архиви»ни (The Pandora Papers) эълон қилди. Бу 117 та мамлакатда 150 дан зиёд ОАВда фаолият олиб бораётган 600 нафардан кўп журналистнинг суриштирувлари натижаси. Тўпламга 14 та офшор регистраторларининг ички архиви киритилган. «Пандора архиви»дан жами 12 миллион ҳужжат ўрин олган. Офшор схемаларга дунё сиёсатчилари, кўплаб амалдорлар ва шоу-бизнес юлдузларининг алоқаси борлиги аниқланган. Meduza улар ҳақида нималар оммага ошкор бўлгани ҳақида маълумотларни келтирган.

Владимир Зеленский
Тахминларга кўра 2012 йилда келажакда Украина президенти бўлишни мақсад қилган комик, «Квартал 95» студиясидаги ҳамкорлари билан офшор фирмалар тармоғини ташкил қилган. Уларнинг айтишига кўра бу ишлар маблағларни ҳукумат ва жиноий гуруҳлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган. Тармоқни айни вақтда Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Баканов бошқарган бўлиши мумкин. Юқорида қайд этилган компаниялар орқали Зеленскийнинг ҳамкорлари Лондондан бир нечта квартира харид қилган.

Бошқа томондан олиб қараганда архивдаги ҳужжатларда «Квартал»га алоқадор офшорлар орқали Зеленский президентликка сайланишидан аввал олигарх Игорь Коломойскийдан 40 миллион АҚШ доллари олингани бўйича айбловларни тасдиқлайдиган далиллар топилмаган. Айбловлардаги фирмалар ҳақиқатан ҳам Зеленскийга тегишли бўлган, аммо ушбу фирмаларнинг ҳисоб рақамларида Коломойскийдан ўғирланган пуллар топилмаган.

Зеленский президентликка сайланишидан маълум вақт аввал Британиянинг Виргинаия оролларида рўйхатдан ўтган Maltex Multicapital Corp. асосий фирмасидаги оилавий улушни ўзининг «Квартал»даги кўп йиллик ҳамкори Сергей Шефирга ўтказган. Шефир бугунги кунда расман президентнинг биринчи ёрдамчиси лавозимида ишламоқда. Ҳужжатларда қайд этилган маълумотларга кўра фирма ҳанузгача президентнинг рафиқаси эгалик қиладиган компанияга дивиденд тўламоқда. Зеленский тўлдирган декларацияларнинг ҳеч бирида Maltex’га эгалик қилганини қайд этмаган.

Илҳом Алиев

Фото: Scanpix
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи архивда келтирилган Британия Виргиниясида рўйхатдан ўтказилган 84 та компанияга алоқадор. Компаниялар Лондоннинг энг серҳашам жойларидан кўчмас мулк сотиб олиш билан шуғилланган. Сотиб олинган мулкнинг умумий қиймати 700 миллион долларга етган. 2015 йилда нефть нархи қулай бошлагач, Алиевлар ҳам кўчмас мулклардан аста-секин қутулишга ўтди, лекин шунда ҳам 191 миллион долларлик кўчмас мулкни ўз ихтиёрларида сақлаб қолишди.

Алиев оиласининг активлари у президентлик курсисига ўтирган дастлабки йиллардаёқ унинг фарзандларига ўтган ва уларни туғилган заҳоти миллионерга айлантирган. Илҳом Алиевнинг ўғли Гейдар биринчи офшор компаниясининг эгасига айланган вақтда бошланғич синфда ўқиган, 11 ёшида қиймати 44 миллион доллар бўлган бутун бошли уй болакайнинг номида эди. Президентнинг қизи Арзу 19 ёшида нархи 7 миллион доллар бўлган Лондондаги кўчмас мулкнинг, шунингдек, катта давлат буюртмаларини амалга оширадиган ишлаб чиқариш заводининг эгаси бўлган.

Нурсултон Назарбоев

Фото: Scanpix
1999 йилда Қозоғистонда мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг иккинчи норасмий рафиқаси — Асел Курманбаева борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. У шу йили 18 ёшида «Мисс Қозоғистон» гўзаллик танловида ғолиб чиққанди. Қозоғистонда фарзандларга бобонинг эмас балки отанинг исмини фамилия сифатида бериш кўп учрайди, янгиликлар сайтларида эълон қилинган турли хабарларда Курманбаевнинг ўғиллари Нурсултанули шарифини олгани маълум бўлган.

«Пандора архиви»да Курманбаеванинг қозоғистонлик олигархлардан ҳеч қандай тижорий фаолият олиб бормаган компаниянинг 30 миллион долларлик акцияларини қабул қилиб олгани фош бўлди. Бундан ташқари архивдаги маълумотлар Курманбаеванинг фирмалари Назарбаев фонди билан тижорий алоқада бўлган: бир нечта ҳолатларда икки томон деярли ҳамкорликда бизнес олиб боргани кўринади.

Андрей Бабиш

Фото: EPA
Чехиянинг амалдаги бош вазири худди Украина президенти Владимир Зеленский каби катта сиёсатга мамлакатда коррупцияга қарши аёвсиз курашишини ваъда қилган ҳолда қадам қўйган. 8—9 октябрь кунлари у навбатдаги сайловларда иштирок этади.

Бабиш сиёсатга киргунига қадар бизнес билан шуғилланган, «Пандора» ҳужжатлари бўйича 2009 йилда у Британиянинг Виргиния оролларида Blakey Finance Limited компаниясини рўйхатдан ўтказган. У бошқа компанияларга 15 миллион евро миқдорида кредит аржатган, бу пуллар эвазига Бабиш Франциянинг Тулона шаҳридан (Ҳаворанг соҳил) вилла сотиб олган. Бабиш декларацияларида қаср ва Францияда яна бошқа кўчмас мулклари борлигини билдирган. Бироқ у декларацияларда Blakey Finance Limited офшорини келтирмаган, шу сабабли 15 миллион евронинг қаердан келиб қолгани ҳанузгача номаълум эди. Бабиш «Пандора архиви» эълон қилинганидан кейин бу пулларнинг Чехиядаги бизнес маҳсули экани ва улар учун давлатга солиқларни тўлаганини маълум қилди.

Синиша Мали

Фото: Getty Images
2015 йилда ОАВда Белград шаҳри мери Синиша Малининг Болгариянинг Қора денгиз соҳилларида 24 та квартирага эгалик қилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Мали ушбу ахборотни кескин инкор қилди. Хатто ушбу ахборотни исбот қиладиган журналистларга ўша квартираларнинг калитларини беришга тайёр эканини айтди. «Пандора» ҳужжатлари унинг Британия Виргиниясидаги офшорлар орқали Болгария фирмаларини сотиб олгани, фирмалар эса квартираларга эгалик қилиши фош бўлди. Сербия пойтахти мерлигига сайланишидан аввал Мали кўчмас мулклари бўйича ҳуқуқларни аста-секин топшира бошлаган, бироқ бу ишни расман қилган бўлса ҳам, алал-оқибат фирмалар орқали бизнесни бошқаришда давом этган. Ҳозирда Мали Сербия молия вазири лавозимида ишлайди ва пул ювиш операцияларини ўтказишга кескин қарши чиқадиган идорага раҳбарлик қилмоқда.

Тони Блейр

Фото: ПА
«Пандора архиви»да Буюк Британия собиқ бош вазири ва унинг рафиқаси Лондон марказидаги Виктория кошонасини қарийб 9 миллион долларга сотиб олишда солиқлардан қочишга урингани бўйича ҳужжатлар келтирилган. Жуфтлик уни бир йўла сотиб олиш ва турли солиқлар учун 400 минг доллар тўлаш ўрнига Британиянинг Виргиния оролларидаги офшор орқали харидни амалга оширган. Офшор фирма аввал Баҳрайн туризм вазири Зайид бин Рашид ал-Заянийга тегишли бўлган. Черри Блер эрининг келишувда иштирок этганини таъкидлаган, аёлнинг ўзи бинони сотиб олмоқчи бўлган, бироқ схема орқали харидни амалга оширишни сотувчининг ўзи таклиф қилган. Черри Блер бу ҳақда билмаганини айтган. Офшор компанияси аллақачон ёпилиб кетган.

Қирол Абдулла II

Фото: AFP
Иордания қироли Абдулла II нинг АҚШ ҳамда Буюк Британияда қиймати 106 миллиондан кўп бўлган 14 та уйи борлиги ошкор қилинган. Тахт эгаси уларни сотиб олиш учун офшор компанияларда фойдаланган. Бундай маълумотларнинг пайдо бўлиши қирол обрўсига жиддий путур етказиши мумкин, сабаби у бир неча ой аввал ўз укасини коррупция ва сохтакорликда, шунингдек, давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишда айблаган. Қиролнинг АҚШ ва Буюк Британиядаги адвокатлари ҳужжатларда Абдулланинг кўчмас мулкларни сотиб олиш учун Иорданияга берилган халқаро молиявий ёрдам маблағларидан фойдаланганини исботлайдиган далиллар йўқ. Уларнинг сўзларига кўра мазкур объектларнинг кўпчилиги монархга умуман алоқадор эмас.

Пеп Гвардиола

Фото: Reuters
Ҳозирда «Манчестер Сити»да бош мураббий бўлиб ишлаётган Пеп Гвардиола ва шоу-бизнеснинг бир нечта вакиллари ҳам «Пандора архиви»да офшор орқали турли схемаларда иштирок этган. Гвардиола, шу билан бирга Клаудия Шиффер, Ринго Старр, Элтон Жон, Шакира ва Энрике Иглесиас офшор ҳисоблар орқали ўзлари миллионлар ишлаб топган мамлакатларнинг солиқларидан қочишга уринган. Жумладан, Гвардиола Панамада офшор компания тузиб, у орқали Андорра банкида ҳисоб рақами очган, Қатар чемпионатида футболчилик даврининг сўнгги йилларида топган пулларини шундай сақлаган. Агар у бундай схемани қўлламаганида Испания фуқароси сифатида мамлакат бюджетини тахминан ярим миллион евро билан тўлдириши мумкин эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский, Алиев ва Назарбоевнинг сирли рафиқасининг «Пандора архиви»даги офшор схемаларга алоқадорлиги аниқланди