20:48 / 08.10.2021
1 535

Афғонистондаги масжидда юз берган портлаш оқибатида 100 га яқин одам ҳалок бўлди

Афғонистондаги масжидда юз берган портлаш оқибатида 100 га яқин одам ҳалок бўлди
Фото: AP Photo
Афғонистоннинг шимолидаги Қундуз вилоятида шиалар масжидида кучли портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, деб ёзмоқда «Afghanistan.ru».

Гувоҳлардан бирининг «РИА Новости»га айтишича, ҳодиса оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, 70 киши жароҳатланган.

«Frans-Press» агентлиги манбаларга таяниб, камида 50 киши қурбон бўлгани ва 140 киши яраланганини хабар қилмоқда. Қайд этилишича, барча қурбонлар воқеа содир бўлган шиа масжидининг мутасаддилари. Агентликнинг қўшимча қилишича, бир неча киши касалхонага ётқизилган.

Aamaj News ҳодисага оид видеоматериаллар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб, портлашда 100 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

«Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг аниқлик киритишича, портлаш Хонобод туманидаги масжидда содир бўлган. Унинг қўшимча қилишича, ҳодисани ўрганиш учун «Толибон» махсус кучлари воқеа жойига етиб келган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. Шунга қарамай, матбуотда ўнлаб қурбонлар ва ярадорлар ҳақида хабарлар берилди.

Ҳозиргача ҳеч бир қуролли мухолифатчи гуруҳ портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Бироқ илгари шиаларга қарши кўплаб ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИД бўйнига олганди.

Бу Афғонистонда сўнгги бир ҳафта ичида содир бўлган биринчи портлаш эмас. «Afghanistan.ru» хабарига кўра, ўтган якшанба куни Кобулдаги масжид яқинида портлаш содир бўлган ва бунинг учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Бундан ташқари, 6 октябрь куни кечаси Хост вилоятидаги диний мактаб ташқарисида яна бир ҳужум уюштирилган, 1 октябрь куни эса Парвон вилоятининг шимолида терактлар содир этилгани хабар қилинган.

Мамлакатда давом этаётган портлашлар фонида «Толибон» ИШИД жиддий хавф туғдирмаслигини таъкидлаб, ИШИД аъзолари ҳибсга олинаётгани ва йўқ қилинаётгани ҳақида хабар бермоқда.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондаги масжидда юз берган портлаш оқибатида 100 га яқин одам ҳалок бўлди