Фото: AFP
30 октябр куни Грузияда маҳаллий мэрлик лавозими учун сайловлар ўтказилди. Марказий сайлов комиссиясининг бошланғич ҳисоб-китобларига кўра, 20 та муниципалитетдан фақат биттасида мухолифат вакили ғолиб бўлган. Қолган барча ҳудудларда «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси етакчилик қилмоқда. Мухолифат эса бу натижаларни тан олмай, «ўғирланган ғалаба» учун «аёвсиз кураш бўлишини» ваъда қилган.
Биринчи турда номзодлардан бирортаси сайловчиларнинг ярмидан кўп овозига эга бўлмаган ҳудудларга иккинчи тур сайловлари ўтказилди. Кураш асосан ҳукмрон «Грузия орзуси» ва асосий мухолифат «Ягона миллий ҳаракат» ўртасида кечди. 44 ҳудудда эса 2012 йилдан буён ҳукуматни бошқараётган «Грузия орзуси» партияси вакиллари биринчи турдаёқ ғалабани тантана қилган.
МСК маълумотига кўра иккинчи турда миллиондан ортиқ одам овоз берган. Бу эса сайловчиларнинг ярми дегани. Сайловлар мухолифатга қарши ёв кайфиятда ўтгани айтилмоқда. «Ягона миллий ҳаракат» асосчиси Михаил Саакашвили айнан сайлов арафасида мамлакатга қайтган эди. 8 йиллик танаффусдан кейин ватанига қайтган Грузия собиқ президенти ушланибоқ қамоққа олинганди. Саакашвили 1 октябр куни қўлга олинган ва ўшандан буён очлик эълон қилган. У ўзига тиббий ёрдам кўрсатишларини ҳам рад этиб келмоқда.
Ягона истисно
Грузия пойтахти Тбилисидаги сайловлар доимгидек диққат марказида бўлди. Пойтахтдаги иккинчи турда ярим миллионга яқин одам овоз берди. Бирламчи маълумотларга кўра, иккинчи турда амалдаги пойтахт мэри, собиқ футболчи Каха Каладзе ғалаба қозонган. Собиқ «Милан» ҳимоячиси бўлган Каладзе ҳукмрон партия вакили ҳисобланади ва у 56 фоиз овоз тўплагани айтилди. Унинг рақобатчиси мухолифат вакили Ника Мелия эса 44 фоиз овоз олгани айтилди.
Фото: Getty Images
Ҳукмрон партия марказга бўйсунувчи Рустави, Кутаиси, Поти ва Батумида ҳам ғалаба қозонган. Грузия ғарбидаги Цаленжихадагина вазият бошқача. Бу ерда мухолиф «Ягона миллий ҳаракат» вакили Георгий Харчилава ҳукмрон партия номзоди Гога Гулердавани икки фоизга ортда қолдирган.
Тбилиси мэрлигига номзод Ника Мелия сайловларда мухолифатнинг «овозлари ўғирланганини» айтди.
Фото: Getty Images
«Грузия орзуси» ҳукмрон партияси сайловлардаги ишончли ғалабаси ҳақида эълон қилди. Партия етакчиси Ираклий Кобахидзе мухолифат сайловларни референдум деб атаганини эслатди. Ўшанда мухолифат Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда имзоланган келишувга асосланган эди. Унга кўра ҳукмрон партия овоз бериш жараёнида 43 фоиздан кам овоз олса, кейинги йил муддатидан аввал парламент сайловлари белгиланиши келтирилган.
«Улар референдум деб айтишди, лекин биз 47 фоиз овоз олган эдик. Кейин иккинчи турда ҳам референдум ҳақида гапиришди, лекин биз 55 фоиз атрофида овоз олдик. Агар бу референдум бўлса, улар биринчи турда ҳам, иккинчи турда ҳам мағлуб бўлишди», деди Кобахидзе.
Сайловларда «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси 43 фоизлик чегарадан ўтди. «Ягона миллий ҳаракат» эса 31 фоиз овоз тўплаб, мамлакатдаги асосий мухолиф статусини сақлаб қолди. Саакашвили асос солган партия вакиллари биринчи тур сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, иккинчи турда ғалаба қозонса, бошқа мухолиф партия вакилларига ҳам мэр ўринбосари ва бошқа лавозимларни таклиф қилган.
«Аёвсиз кураш»
Мухолифат сайлов натижаларининг бирламчи натижаларидан рози бўлмади. Тбилиси мэрлиги сайловларида расман енгилгани айтилаётган Ника Мелия сайловда мухолифатдан ғалаба тортиб олинганини маълум қилди.
«Кимдир бу давлатда Иванишвили (ҳукмрон партияси асосчиси ва собиқ раҳбари) қўйган шартлар билан тўғри сайлов ўтказиш мумкин деб ўйласа, алоҳида бир сиёсатчи сифатида шахсан бунга рози бўлмайман. Чунки у ишониб бўладиган одам эмас», деган Мелия МСК дастлабки натижаларни эълон қилгач. У мухолифатнинг қандайдир конкрет режалари ҳақида гапирмади, лекин «Аёвсиз кураш бўлади, ваъда бераман», деди.
Маҳаллий мустақил кузатувчилар сайловларнинг иккинчи турида кўплаб қоида бузилишлари қайд этилганини маълум қилган. Хусусан, улар ўзининг иш жараёнига қаршилик қилингани, ҳатто ҳужумларга учрагани ҳақида гапирган. «Грузия – халқаро шаффофлик» ташкилоти кузатувчилар томонидан 250 дан ортиқ кичик ва жиддий қоида бузилиш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди.
«Халқаро ҳалол сайлов ва демократияни таъминлаш» ташкилоти иккита ҳолатда сайловчиларни сотиб олиш ҳолати содир бўлгани ҳақида маълум қилган. Текширувчиларнинг айтишича, иккинчи турдаги овоз бериш жараёнлари эрталаб тинч ўтган, лекин тушдан кейин кузатувчиларга жисмоний қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кўпайган.
Грузия ички ишлар вазирлиги саккизта ҳолатда журналистларни ҳақорат қилиш ва уларнинг фаолиятига жисмонан қаршилик қилиш ҳолатлари бўйича ўрганиш бошланганини маълум қилди. Халқаро ташкилотлар эса Грузиядаги сайловларнинг иккинчи тури бўйича хулосаларини якшанба куни маълум қилишини билдирган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди