23:58 / 03.11.2021
1 578

Эмомали Раҳмон БМТ саммитида Тожикистондаги иқлим ўзгариши муаммоларини санаб ўтди

Эмомали Раҳмон БМТ саммитида Тожикистондаги иқлим ўзгариши муаммоларини санаб ўтди
Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сув ва иқлим муаммолари бўйича олий даражадаги учрашувида онлайн тарзда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.

«Музликларимиз тез эриб кетмоқда. Шу кунгача Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи тўлиқ эриб кетган», — деди давлат раҳбари. Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча ўн йилликда Тожикистонда Марказий Осиё минтақаси сув ресурсларининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этувчи музликларнинг умумий ҳажми қарийб учдан бир қисмга камайган.

«Ушбу жараённинг давом этиши оғир оқибатларга олиб келишини инобатга олиб, биз аввалроқ 2025 йилни Халқаро музликларни ҳимоя қилиш йили деб эълон қилишни ва 'Бутунжаҳон музликлар куни'ни ўтказишнинг аниқ санасини белгилашни таклиф қилган эдик. Музликларни сақлаш халқаро жамғармасини яратиш зарурлиги ҳақида аввал ҳам гапиргандим», — деб эслади Тожикистон Республикаси президенти ўз нутқида.

Унинг қайд этишича, Тожикистон бу ташаббусларни турли даражаларда фаол илгари сурмоқда, улар Сув ва иқлим коалицияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига умид қилмоқда. Эмомали Раҳмон келаси йили Душанбеда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ҳамкор давлатлар билан бирга учрашувнинг ўн йиллиги бўйича халқаро конференция ўтказилишини, унда сув ресурслари ва иқлим ўртасидаги муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилишини айтди.

«Душанбе конференцияси Тожикистон ва Нидерландия ҳамраислигида БМТнинг 2023 йилда ўтказиладиган сув бўйича ўн йиллик таҳлилига тайёргарлик жараёнининг асосий йўналиши бўлади», — деди Тожикистон раҳбари.

Шунингдек, у ҳозир минтақада электр ва сув ресурсларига талаб сезиларли даражада ошиб бораётганини айтди.

«Бунинг сабаби, сўнгги ўн йилликларда биз минтақамиздаги иқлим циклининг сезиларли ўзгаришини тобора кўпроқ қайд этмоқдамиз. Қишимиз совуқроқ ва узоқроқ, ёзимиз эса иссиқ ва қуруқроқ бўлди. Бундан ташқари, гидрологик цикл ўзгариб бормоқда, бу эса минтақадаги дарёлар оқимини ҳажм ва вақт бўйича ўзгаришига олиб келади. Шу билан бирга, минтақадаги мавжуд объектлар ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш, ҳам сув ресурсларини тартибга солиш нуқтаи назаридан аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира олмайди», — деди Тожикистон Республикаси президенти.

Мисол тариқасида у ўтган йилнинг ёзида Тожикистон қўшни давлатларга электр энергияси экспортини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини келтирди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари айни суғориш мавсумида сув танқислигига дуч келди.

«Бу йил қишнинг эрта келиши, совуқ ва узоқ давом этиши олдимизга янги вазифаларни қўйди. Қолаверса, бу йил кучли қурғоқчилик минтақанинг айрим мамлакатларида кўплаб чорва моллари ва ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келди», — деди Эмомали Раҳмон.

У Тожикистон минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини янада фаолроқ ҳаракатларга жалб этиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар кўриш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш ниятида эканига ишонтирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эмомали Раҳмон БМТ саммитида Тожикистондаги иқлим ўзгариши муаммоларини санаб ўтди