17:28 / 11.11.2021
2 308

Польша Путинни чегарадаги инқирозда айблади. Москва қандай жавоб қилмоқда?

Польша Путинни чегарадаги инқирозда айблади. Москва қандай жавоб қилмоқда?
Фото: Getty Images
Польша бош вазири Матеуш Моравецкий сешанба куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг Беларусь билан чегарасида юзага келган миграция инқирози учун жавобгар эканини айтди. Москвадагилар бу айбловни масъулиятсизлик ва ахлоқсизлик деб атади. Бу борадаги мунозара қандай авж олмоқда?

Польша бош вазири нима деганди?
«[Беларусь президенти Александр] Лукашенко сўнгги ҳужумнинг ижрочиси саналади. Аммо бу ҳужумнинг буюртмачиси бор, у Москва шаҳрида ўтиради. Бу буюртмачи эса - президент Путин», деди Моравецкий Польша парламентида бўлиб ўтган шошилинч йиғилиш чоғида (иқтибос Euronews’ники).

У чегарадаги вазиятни Россиянинг ўтмишда советлар таъсирида бўлган минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниши деб баҳолаган.

«Бизнинг шарқий чегараларимиз хавфсизлиги қўпол тарзда бузилмоқда. Бу сўнгги 30 йил ичида чегараларимиз дахлсизлиги синовдан ўтказилди деб айтиш мумкин бўлган илк ҳолатдир», деди польшаликлар бош вазири.

Яқин Шарқдан келган минглаб қочқинлар тўпланган чегарадаги вазият кескинлигича қолмоқда. Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчакнинг маълум қилишича, 10 ноябрга ўтар кечаси Польша-Беларусь чегарасини бузиб ўтиш учун кўп уринишлар амалга оширилган

Натижада ноқонуний мигрантларнинг икки гуруҳи Польша ҳудудига ўтишга муваффақ бўлган. Аммо уларнинг барчаси тез орада қўлга олинган.

Чоршанба куни польшалик чегарачилар Беларусдан ноқонуний миграцияга воситачилик қилган Россия фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар беришди. Ундан ташқари Швеция ва Литва фуқаролари ҳам ушланган.

Москванинг жавобида нима дейилади?
Москва ўзи ва Лукашенкога қаратилган айбловларни - ўринсиз деб ҳисоблайди.

Чоршанба куни бош вазир Моравецкийнинг айбловларига Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков жавоб қайтарди. «Биз Польша бош вазирининг Россия бу вазият учун жавобгарлиги ҳақидаги сўзларини мутлақо масъулиятсизлик деб ҳисоблаймиз. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган баёнотдир», деган Кремль вакили.

Песков Польша расмийларини қоралаб, ушбу мамлакатнинг Беларусь билан чегарасида гуманитар ҳалокат юзага келаётгани ва Европа ўзи даъво қилган инсонпарварлик идеалларидан чекинаётганини қайд этган.

«Гап минглаб кишиларнинг ҳаёти ва соғлиги ҳақида кетмоқда, бу қочқинлар ҳатто Польшада ҳам қолмасликлари ва ЕИ ҳудудига ичкарироқ киришни исташларини айтишмоқда», дея эслатган у.

Аввалроқ Россиядаги ахборот агентликлари қочқинлар тилидан шундай иқтибослар келтирганди. Чоршанба куни РИА Новости Польша чегарасидан ўтиш мақсадидаги қочқинлардан бири билан интервьюни нашр қилди.

«Биз Ироққа қайтмоқчи эмасмиз - бу 100, 200 фоизга аниқ. Биз шу ерда қоламиз. Ёки биз ўламиз, ёки улар чегарани очишади. Уларда икки вариант бор. Биринчиси - чегарани очиш ва биз кетамиз. Иккинчиси - биз шу ерда қоламиз, озиқ-овқатларимиз тугаши ва совуқ кунлар келишидан қатъи назар. Биз ўлсак ўламиз, аммо ҳеч қаерга кетмаймиз», деган у.

Шунингдек, Песков Беларусь-Польша чегараси бутунлай ёпилиши эҳтимолини Беларусни «бўғишга уриниш» деб атаган.

Лекин Кремль вакили Беларусь чегарасидаги вазият туфайли Россия қандайдир ҳарбий кучларни ҳаракатга келтириши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб беришни истамаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия учун рисклар йўқ, Беларусь-Польша чегарасида «зарур чоралар кўрилмоқда», Беларусь миграция органлари «жуда масъулиятли позиция»ни эгаллаган.

Ўз навбатида, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров чоршанба куни Польша ҳукумати ва қўшни Литва Москвага ҳамкорлик борасида мурожаат қилмагани билдирди: «Поляклар ҳам, литваликлар ҳам, ҳеч ким воситачилик масаласида ва бу муҳокамаларда иштирок этиш бўйича алоқага чиққани йўқ. Улар, менимча, умуман ҳеч кимга мурожаат қилишмаган».

Лавров Варшава ва Вильнюсни танқид қилишда сўз танлашда тийилиб ўтирмади, унинг сўзларига кўра, «Бу давлатлар юзага келган вазият учун Беларусни айблаб, бу воқеалар ортида Россия тургани ҳақидаги шов-шувли баёнотлари билан ўзларини зўр деб ҳис қилиб роҳатланишади».

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова эса миграция инқирози юзага келишида биратўла Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ва ўзини Венесуэла президенти деб эълон қилган мухолифатчи Хуан Гуайдони ҳам айблаб юборди.

«Улар ҳам шунга ўхшаш гапларни - ўз мамлакати ҳудудида қола олмасликлари ва ўзларини вақтинчалик кўчирилган одам ёки қувғиндаги қочқин деб ҳисоблашларини айтишганди. Улар ҳам ҳимоя, қўллаб-қувватлов ва ёрдам излашганди», дея изоҳлади ўз мантиғини Захарова (унинг «Соловьев Live» YouTube-каналидаги чиқишидан «МК» иқтибос келтирган).

«Ҳайратланарлиси, албатта, биз Варшавадан эшитган гаплар. Бу, тўғрисини айтганда, менимча, соғлом ақл дорирасидан буткул чиқишдир. Мен мамлакатимизга қаратилган айблар, умуман, вазиятга баҳо бериш ҳақида гапиряпман», деган у польшаликлар бош вазирининг Путин Беларусь-Польша чегарасидаги миграция инқирози учун жавобгар экани ҳақидаги баёнотига жавобан.

Лукашенко эса мигрантлар орқали унинг 2020 йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмаган Ғарбга қарши гибрид уруш олиб бораётгани тўғрисидаги айбловларни рад этишда давом этмқда.

«Ҳа, ҳозир улар Беларусда «туйнук» топишди. Беларусь орқали Европага ўтиб олишни исташмоқда. Улар мутлақо қонуний парвозлар орқали бизга келишмоқда. Лекин улар Ғарб авиакомпаниялари учмайдиган аэропортга келишмоқда. Яъни Ғарб Беларусь аэропортини ўзлари учун ёпиб қўйишган. Аммо бу жой ҳеч қачон бўш турмайди. Бу ерга Яқин Шарқдан, Узоқ Шарқдан, бомбардимон қилинган давлатлардан ўнлаб самолётлар парвоз қилмоқда», деган у мигрантларнинг ҳаракатига баҳо бераркан.

Бу вақтда, Германия ҳукумати вакили Штеффан Зайбертнинг маълумот беришича, канцлер Ангела Меркель Путин билан телефон орқали мулоқот қилган ва ундан қочқинлар билан боғлиқ вазиятда Минскка босим ўтказишни сўраган.

Reuters’нинг ёзишича, Меркель Путин билан мулоқотда «Беларусь режими томонидан мигрантлардан фойдаланиш ноинсонийлик эканлиги»ни таъкидлаган. Ўз навбатида, Кремль Путин «муаммони ЕИга аъзо мамлакатлар вакиллари ва Минск ўртасида тўғридан тўғри контакт ўрнатган ҳолда муҳокама қилиш» таклифини билдирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Польша Путинни чегарадаги инқирозда айблади. Москва қандай жавоб қилмоқда?