21:37 / 12.11.2021
3 032

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилади

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилади
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Истанбул яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтаётган саммитдаги нутқида айтиб ўтди.

«Умумий тил ва муштарак қадриятлар бирлиги асосида шаклланган кенгашимиз доирасида бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Оғир пандемия даврида ҳам биз шериклигимизни кенгайтиришга, бир-биримизга ёрдам бериб, алоқаларимизни мунтазам ривожлантиришга интилиб келмоқдамиз.

Аминманки, бугун қабул қилинаётган қарорга биноан Туркий Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади
», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари саммитда рақамлаштириш, экология, маданият ва ёшлар масалалари борасида қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан:
  • «ақлли» шаҳарларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IТ-мутахассислар учун доимий платформа яратиш;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш;
  • «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олган «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш;
  • Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев 2022 йилни Туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилишни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига келди. У ерда давлат раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреевни қабул қилди.

Шунингдек, Президент 12 ноябрь куни Истанбулда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳар икки давлат ўртасидаги келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқотда Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, бугун саммит доирасида Туркий кенгаш котибиятининг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Венгрия, Туркманистон ва ташкилотнинг байроқлари кўтарилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилади