09:25 / 26.11.2021
1 565

Британиялик олимлар коронавируснинг дельта штаммидан ҳам хавфлироқ тури ҳақида огоҳлантирди

Британиялик олимлар коронавируснинг дельта штаммидан ҳам хавфлироқ тури ҳақида огоҳлантирди
Фото: Reuters
Британиялик олимлар коронавируснинг янги штамми пайдо бўлгани ҳақида маълум қилди. У кўп сонли мутацияларга эга бўлгани сабабли дельта («ҳиндча») штаммидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин, деб ёзади Daily Mail эксперт маълумотларига таяниб.

Янги штаммнинг тарқалишига биринчи бўлиб эътибор қаратган Империал коллежи вирусологи Том Пекок ушбу вариант мутацияларининг комбинациясини «даҳшатли» деб атади. Унинг сўзларига кўра, янги штамм «қолган ҳаммасидан», шу жумладан, дельта штаммидан ёмонроқ бўлиши мумкин. У 32 та мутацияни ўз ичига олади, уларнинг кўпчилиги штаммнинг тарқалишини ва вакцинага чидамлилигини оширади.

Daily Mail маълумотларига кўра, унинг мутациялари қаторига, масалан, «африкача», «ҳиндча» (дельта) ва Нью-Йоркда топилган штаммларнинг мутациялари киради.

Шу билан бирга, олимларнинг таъкидлашича, кўп сонли мутациялар вируснинг ўзига қарши туриб, уни беқарор қилиши ва шу билан унинг кенг тарқалишининг олдини олиши мумкин.

Олимларнинг тахминига кўра, штамм Африка давлати Ботсванада пайдо бўлган. У билан касалланиш Жанубий Африка ва Гонконгда ҳам қайд этилган. Ҳозиргача бундай инфекцияга чалиниш бўйича ўнта ҳолат маълум. Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича, ҳозирча ушбу штаммнинг тез тарқалишини кўрсатувчи белгилар йўқ.

Олимларнинг таъкидлашича, мавжуд вакциналарнинг бу штаммга қарши курашиши қийин бўлиши мумкин, чунки улар иммунитет тизимини вируснинг эски версиясини танишга ўргатади. Лондон университет коллежи генетики, профессор Француа Баллоу коронавируснинг янги варианти антитаналарга нисбатан чидамлироқ бўлишини айтди. Унинг фикрича, кўп сонли мутациялар иммунитети заиф бўлган одамда, масалан ОИТС билан касалланган беморда бу штамм ривожланганидан далолат бериши мумкин.

Шарқий Англия университети микробиологи, профессор Дэвид Ливермор ҳам мутацияларнинг кенг доираси штаммга мавжуд вакциналар билан яхшироқ курашиш имконини бериши мумкин, деб ҳисоблайди, бироқ унинг таъкидлашича «ҳар доим ҳам шундай бўлиб қолмайди».

Британиялик олимлар аввалроқ ўлим даражаси 35 фоиз бўлган янги коронавирус штамми пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Уларнинг сўзларига кўра, вакцинанинг қўшимча дозалари билан эмлаш, шунингдек, коронавирус тарқалиши ва чет элдан янги штаммларнинг кириб келиши хавфини минималлаштириш йўли билан ушбу сценарийнинг олдини олиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британиялик олимлар коронавируснинг дельта штаммидан ҳам хавфлироқ тури ҳақида огоҳлантирди