10:43 / 27.11.2021
2 127

Қидирувдаги шахснинг отиб ўлдирилгани сабабли Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида митинг уюштирилди

Қидирувдаги шахснинг отиб ўлдирилгани сабабли Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида митинг уюштирилди
Хоруғдаги митинг
Фото: Pamir Dayli news

25 ноябрь куни Тожикистоннинг Хоруғ шаҳри ва шаҳар атрофи аҳолиси шаҳарнинг марказий майдонида митингга йиғилди. Уларнинг талаби Роштқалъа туманида яшовчи Гулбиддин Зиёбековни отиб ўлдирган орган ходимларини жавобгарликка тортиш бўлган, деб ёзади Asia Plus.

Asia Plus хабарига кўра, Хоруғдаги митинг чоғида ўт очилган. Намойишчилардан 6 киши яраланган, нашр манбасига кўра, бир киши ҳалок бўлган. Роштқалъа туманида яшовчи яна бир шахс бедарак йўқолган.

Нашрнинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу маълумотни на тасдиқлаган, на инкор қилган. Ички ишлар вазирлиги ҳозирча воқеаларга изоҳ бермаган. «Бу ҳақда хабарларни ҳам ўқидик, улар асоссиз. Ҳар ҳолда, ҳозирча расмий хабар бўлмади», — дея Тожикистон ИИВ матбуот хизмати маълумотларини келтирмоқда нашр.

Хоруғликларнинг сўзларига кўра, митинг Тавдем жамоатида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши ортидан уюштирилган. Унинг жасади марказий майдонга олиб чиқилган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг сўзларига кўра, 25 ноябрь куни соат 11:30 да Зиёбековнинг уйига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Зиёбековни ҳибсга олмоқчи бўлишганида у қаршилик кўрсатиб, орган ходимларига мушти билан ташлангани айтилмоқда. Бунга жавобан ОМОН ходимлари ўт очишган ва натижада улар 3 кишини ярадор қилган.

Гувоҳнинг айтишича, Гулбиддиннинг ўзи ҳам яраланган ва уни машинага ўтқазишган. «Кейин унинг ўлими ҳақида хабар беришди», — дейди гувоҳ. Шундан сўнг одамлар митингга тўпланишган.

Гулбиддинни нега олиб кетишмоқчи эди?
Тоғли-Бадаҳшон автоном республикаси прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, Тавдем қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган Гулбиддин Зиёбеков бир қатор жиноятларни — уюшган гуруҳ томонидан гаровга олиш, ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний (конфессиявий) душманликни қўзғатишни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган. 25 ноябрь куни соат 11:30 ларда у қўлга олиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар давомида «Макаров» тўппончаси билан ҳуқуқ-тартибот органлар ходимларига қуролли қаршилик кўрсатгани қайд этилган.

Митинг эртаси куни ҳам давом этган
Asia Plus хабарига кўра, Хоруғ марказидаги митинг 26 ноябрь куни ҳам давом этган. Намойишчилар тунни шаҳар ҳокимияти ёнидаги майдонда ўтказган.

Хоруғ шаҳар ҳокими Ризо Назарзода нашрга шаҳарда вазият тинчлигини айтган: «Ҳаммаси тинч, хавотир олманг! Одамлар ўз ишлари билан банд». Хоруғ ҳокими шунингдек, шаҳар тўлақонли ҳаёт кечираётганини таъкидлаган: «Болалар мактабга, талабалар университетга, одамлар ишга бормоқда».

Айни пайтда, «Asia-Plus» манбаларининг хабар беришича, вилоятнинг бошқа туманлари аҳолиси ҳам Хоруғга келишда давом этган айниқса, эрталаб уларнинг оқими кўпайган.

Ҳозирча ҳокимиятдан ҳеч ким намойишчилар олдига чиқмаган.

26 ноябрь кунидаги митинг иштирокчилари Гулбиддин Зиёбековнинг ўлими ва тинч аҳолига қарата ўқ узилгани бўйича ишни имкон қадар тезроқ кўриб чиқишни, Хоруғ шаҳридаги ҳарбийларнинг 60-70 фоизини олиб чиқиб кетиш ва уларнинг ўрнига вилоят аҳолисини жалб этишни, тартиб ва ​​қонунчиликни таъминлаш бўйича идоралараро штабни тарқатиб юборишни, Хоруғдаги назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашни, вилоят раисини алмаштиришини, интернетга уланиш тикланишини талаб қилган.

Бундан ташқари Facebook ижтимоий тармоғида Тоғли Бадахшон аҳолиси номидан хабар тарқалган. Унда айбдорларни жазолаш талаби илгари сурилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қидирувдаги шахснинг отиб ўлдирилгани сабабли Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида митинг уюштирилди