14:38 / 28.11.2021
1 556

Виктор Янукович Украина президенти лавозимидан четлатилиши юзасидан судга шикоят қилди

Виктор Янукович Украина президенти лавозимидан четлатилиши юзасидан судга шикоят қилди
Фото: ТАСС
Украинанинг собиқ президенти, мамлакатни 2010-2014 йиллар давомида бошқарган Виктор Янукович президент лавозимидан четлатилиши юзасидан Киев судига шикоят қилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Юрий Кирасир маълум қилди.

Таъкидланишича, Янукович Киев маъмурий судига Олий рада устидан даъво аризаси топширган. Собиқ президент раданинг уни президент лавозимидан четлатиш ҳақидаги қарори қонунийлиги юзасидан баҳслашмоқчи.

Гап Олий раданинг 2014 йил 22 февралдаги “Украина президентини конституциявий ваколатларини бажаришдан четлатиш ва навбатдан ташқари Украина президенти сайловларини ўтказиш ҳақида”ги қарори ҳақида бормоқда.

Кирасирнинг таъкидлашича, Янукович радани “давлат тўнтарувини амалга оширишда” айбламоқда.

Янукович 2014 йил февралда Украинадаги сиёсий инқироз вақтида рада томонидан ўз лавозимидан четлатилганди. Кейинроқ у Украинани тарк этган ва Россиядан бошпана олган.

Янукович лавозимидан четлатилгач, Украинада унга қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилган. Жумладан, Киев туман суди уни давлатга хиёнат қилиш ва Украинага қарши урушни режалаштириш, уни авж олдириш ва олиб боришда айбдор деб топиб, сиртдан 13 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилган.

2015 йил февралда рада Януковични Украина президенти унвонидан маҳрум этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Виктор Янукович Украина президенти лавозимидан четлатилиши юзасидан судга шикоят қилди