10:10 / 01.12.2021
1 947

«Толибон» аҳолининг смартфонларини текшириб, мусиқа ва видео олиб юрганларни калтаклаётгани хабар қилинди

«Толибон» аҳолининг смартфонларини текшириб, мусиқа ва видео олиб юрганларни калтаклаётгани хабар қилинди
Фото: AP Photo
Афғонистонда «Толибон» жангарилари жамоат жойларида одамларни тўхтатиб, уларнинг смартфонларини текширмоқда. Афғонистон фуқароларининг «Озоди» радиосига айтишича, қуролланган шахслар мобил қурилмаларида мусиқа ёки видео олиб юрган одамларни калтаклаган ёки таъқиб қилган. Кўп ҳолларда телефонлар аҳолидан тортиб олинади ёки улардаги барча маълумотлар ўчирилади, деб ёзмоқда Asia Plus.

Афғонистон фуқароларидан бири Кобулдаги дўконини беркитиб, уйига кетаётганида «Толибон» жангарилари уни тўхтатиб, смартфонини кўрсатишни талаб қилган.

«Улар телефонимни текширди ва спорт билан шуғулланаётганим, залда машқ қилаётганим, дўстларим билан сайрга чиққаним акс этган суратларимни кўрди, телефонимда мусиқа борлиги учун мени уриб, тепкилади. Қандай жиноят қилдим, деб ҳайрон бўлишдан бошқа иложим қолмаганди», — деган қўрқув сабаб исмини ошкор этмаган фуқаро.

Бутун мамлакат бўйлаб афғонлар «Толибон» уларнинг смартфонларидаги шахсий фотосуратлар, видеолар, контактлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини кўздан кечириши ҳақида гапирмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг сўзларига кўра «Толибон» жангарилари ахлоқий қоидаларга зид деб ҳисоблаган мусиқа ёки видеоларни олиб юрган одамларни кўпинча таъқиб қилади ва уларга нисбатан куч ишлатади. Аксарият ҳолларда қуролланган шахслар қурилмаларни мусодара қилган, синдирган ёки смартфонлардаги маълумотларни ўчириб ташлаган.

Афғонларнинг кўпчилиги шахсий маълумотларини бегона одамлар кўришини ҳақоратли деб ҳисобламоқда. Ясмина исмли аёл энди мобил телефонини жамоат жойларига олиб чиқмасликка қарор қилди. У амакиваччасининг смартфонидан «Толибон» жангарилари мусиқа топиб олган пайтда уни қандай калтаклагани кўз олдидан кетамаётганини айтди.

«Улар амакиваччамни дўстлари ва ўткинчиларнинг олдида намойишкорона калтаклади. Бундай муомала инсон қадр-қимматига қанчалик путур етказиши уларга аҳамиятсиз. «Толибон» экстремистик дунёқарашини одамлар онгига сингдиришга уринмоқда», — дейди аёл. У ҳам хавфсизлик нуқтаъйи назаридан ҳақиқий исмини ошкор этмаган.

«Толибон» ислом шариатининг фундаменталистик талқинига амал қилади. 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган даврда ҳам Афғонистонни бошқарган «Толибон» ўша пайтда мусиқа, мустақил оммавий ахборот воситалари ва кўплаб спорт турларини тақиқлаган. Аёлларга ишлаш, қизларга эса мактабга бориш ман этилган. «Толибон», шунингдек, эркакларни ибодат қилишга ва соқол ўстиришга мажбурлаган.

2021 йилнинг август ойида ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан сўнг «Толибон» ўзининг аввалги бошқарувига хос бўлган кўплаб репрессив қонунлар ва реаксион сиёсий чораларни қайтадан қабул қилди.

Кобуллик ҳуқуқ эксперти Субҳон Мисбаҳнинг айтишича, толибларнинг смартфонларни текшириш амалиёти улар ўзи тарғиб қилаётган ислом қонунларига зид. «Исломнинг шариат қонунлари бировнинг шахсий ҳаётига рухсатсиз аралашишни тақиқлайди. Агар кимдир жиноят содир этганликда гумон қилинса ёки айблансагина аралашишга рухсат берилади. Бундай фаолиятга алоқадор шахслар тергов остига олиниши керак», — деди у.

Айни пайтда «Толибон» аҳолининг смартфонлари жангарилар томонидан текширилганини рад этмоқда.

«Ҳеч кимга бировнинг мобил телефонини текшириш ҳуқуқи берилмаган. Биз бундай воқеалар ҳақида эшитмадик», — дейди «Толибон» вакили Аҳмадулла Восик «Озоди» радиосининг афғон хизматига.

Афғонистонликларнинг айтишларича, «Толибон»нинг ушбу ҳаракатлари янгилик эмас. 20 йил давомида «Толибон» жангарилари мунтазам равишда одамларни кутилмаганда тўхтатиб, уларнинг смартфонларини текшириб турарди. Кўпгина афғонлар смартфонлари олиб қўйилгандан сўнг қўрқитиш ёки таъқибга учраш ҳолатлари, айрим вақтларда эса телефон маълумотлари нусхалаб олинганини билдирган.

«Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳид 2020 йил октябрь ойида «Озоди» радиосининг афғон хизматиига юборган аудиомурожаатида жангарилар шубҳали одамларнинг телефонларини текширганини тан олганди.

«Биз ҳеч кимнинг телефонини суратлари ёки маълумотларини кўриш учун текширмаймиз. Фақат қўлимизда тўлиқ маълумотлар борлиги учун гумондорларнинг телефонларини кўриб чиқамиз. Уларни ҳибсга олишимиз керакми ёки йўқми, деган қарорга келиш учун уларнинг алоқалари ва бошқа маълумотларини ўрганамиз ҳамда шу асосда уларни қўшимча сўроқ қилиш учун олиб кетишни ҳал қиламиз», — деган эди Мужоҳид.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» аҳолининг смартфонларини текшириб, мусиқа ва видео олиб юрганларни калтаклаётгани хабар қилинди