10:19 / 03.12.2021
2 499

Туркманистонда Ўзбекистондан қайтган талабалардан карантин харажатлари учун пул йиғиб олинган

Туркманистонда Ўзбекистондан қайтган талабалардан карантин харажатлари учун пул йиғиб олинган
Фото: Depositphotos
26 ноябрь куни Ўзбекистон—Туркманистон чегарасидаги иккита «Хожайли—Куня-Урганч» ва «Шовот—Тошҳовуз» назорат-ўтказиш пунктларининг иши қайта тикланди. Бунинг шарофати билан Ўзбекистондаги бир гуруҳ туркманистонлик талабалар ватанига қайтишга муваффақ бўлди, деб ёзади «Хроника Туркменистана».

Туркманистонлик шифокорлар чегарани кесиб ўтган талабаларда коронавирус тестини ўтказган, натижаси салбий чиққанлар уйга жўнатилган.

Шу билан бирга, «Хроника Туркенистана» мухбирларининг хабар беришича, Ўзбекистондан туркманистонлик талабаларнинг биринчи гуруҳи 9 ноябрь куни «Шовот» назорат-ўтказиш пункти орқали ватанига қайтган эди.

Бу гуруҳ Тошҳовуз ва Лебап вилоятидан бўлган 12 нафар талабадан иборат эди. Коронавирус тести манфий чиққанига қарамай, улар карантинга олинган. Карантинда қолиши учун талабаларнинг ота-онасидан озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ва санитария-гигиена буюмларига деб 4100 манат (давлат курси бўйича 1171 доллар ёки «қора бозор»нинг амалдаги курси бўйича 170 доллар) талаб қилинган.

Ота-оналарнинг сўзларига кўра, фарзандларининг ниҳоят уйга қайтганидан хурсанд бўлгани учун улар қаршилик кўрсатмаган. Тўловлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг расмий ҳисоб рақамига ўтказилган.

Тошкентдаги Туркманистон элчихонаси томонидан тузилган рўйхатлар бўйича талабалар гуруҳларга бўлинган ҳолда чегара пунктларидан ўтиши мумкин. Агар гуруҳда Лебап вилоятининг маҳаллий аҳолиси кўпроқ бўлса, ўтиш «Фароб» пункти орқали амалга оширилади, агар Тошҳовуздан талабалар кўпроқ бўлса, у ҳолда «Шоват» орқали ўтилади.

Талабаларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Туркманистон фуқаролари ҳали анча. Кўпчиликнинг паспортларида амал қилиш муддати ўтган, лекин Туркманистон консуллиги уларнинг муддатини узайтиришга ўз вақтида эътибор бермаган. Бу масала ҳал қилинмагунча, улар Туркманистонга қайтиб кета олмайди.

Ваҳоланки, уйга қайтиш эмас, балки Ўзбекистонда қолиш имкониятини излаётганлар ҳам бор. Масалан, айрим туркманистонликлар Ўзбекистон фуқаролари билан оила қурмоқда, деб ёзади «Хроника Туркменистана».

«Туркманистонда иш йўқ, у ердан бирор жойга кетишнинг ҳам иложи йўқ. Бу борада Ўзбекистон анча яхши», — дейди Бухорода ўқиган талабалардан бири.

Шунингдек, у ватанига қайта олмаётган ёки қайтишни истамайдиган туркманистонлик йигит-қизлар Ўзбекистон бозорларида кўпинча фаррош, идиш ювувчи, официант, хамир ёювчи бўлиб ишлаётгани ҳақида гапирди.

Июль ойида Туркманистон чегарачилари Ўзбекистондан қайтаётган туркман талабаларини мамлакатга киритмагани ҳақида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистонда Ўзбекистондан қайтган талабалардан карантин харажатлари учун пул йиғиб олинган