15:36 / 07.12.2021
1 890

Қирғизистонда фермерлар 3 йилга ер солиғидан озод қилинди

Қирғизистонда фермерлар 3 йилга ер солиғидан озод қилинди
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистонда фермерлар ва деҳқон хўжаликлари ер солиғини тўлашдан озод этилди. Мамлакат президенти Садир Жапаров тегишли фармонни имзолади. Бу ҳақда унинг ўзи Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

«Бу саъй-ҳаракат қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда, бу катта иш бўлмаса ҳам, юкингизни енгилроқ қилади. 2022 йил 1 январдан бошлаб суғориладиган ерлар, экин майдонлари, яйловлар ва пичанзорлар учун солиқ тўламайсиз. Сиз тўлайдиган солиқ республика бюджетидан қопланади», — дея фермерларга мурожаат қилган Жапаров.

Давлат раҳбари, шунингдек, улар учун йиллик 6 фоизли кредит берилишини ҳам эълон қилди. «Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, яқин 3-4 йил ичида барчангизни таъминлай оламиз», — дея қўшимча қилди у.

Жапаров Қирғизистонда «суғориладиган ернинг бир метрини ҳам» деҳқончилик экинларисиз қолдириб бўлмаслигини таъкидлади. «Бунинг учун маҳаллий ҳокимлик масъул бўлади», — дейилади хабарда.

«Биз озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида гапиряпмиз. Агар ерда деҳқончилик қилмасак, озиқ-овқат хавфсизлиги қаердан ҳам бўлсин? Ҳозир озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисмини четдан келтиряпмиз. Аксинча, экспорт қилишимиз керак. Экспорт қила олишингиз учун давлат барча имкониятларни ишга солади ва ҳар томонлама ёрдам беради. Ўз навбатида, сиз кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланишингиз ва давлатга ёрдам беришингиз керак», — деб ёзган Қирғизистон президенти.

Жапаров матбуот хизматининг аниқлик киритишича, фермерлар 2022—2024 йилларда ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга, ушбу солиқнинг бекор қилиниши билан боғлиқ маҳаллий бюджетдаги йўқотишларнинг ўрни ҳам қопланади.

Шунингдек, матбуот хизматида хабар берилишича, йиллик маблағ айланмаси 8 миллион сомгача (94 минг доллар) бўлган тадбиркорларни барча турдаги (даромад солиғи ва ижтимоий фондга ажратмалардан ташқари) солиқларни тўлашдан озод этиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди. Бунинг учун муайян талабларни бажариш керак бўлади: онлайн касса ва электрон ҳисоб-фактуралардан мажбурий фойдаланиш, импорт-экспорт операцияларида иштирок этмаслик.

Аввалроқ Садир Жапаров Юқори Кенгаш (парламент) депутатларининг маошини қисқартирган эди. Бундан ташқари парламент аъзоларинининг техник харажатлари ҳам қисқартирилди. Аввал Юқори Кенгаш халқ депутатларига уй-жой учун компенсация тўланар эди. Энди улар бекор қилинди, «мавжуд хизмат хонадонлари эса уй-жойи бўлмаган депутатлар ўртасида тақсимланади». Шунингдек, депутатларга хизмат автомобиллари ажратилмайдиган бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистонда фермерлар 3 йилга ер солиғидан озод қилинди