Фото: Фото: AFP/Getty Images
Жорий йил 9-10 декабрь кунлари АҚШ ҳукумати «Демократия учун саммит» деб аталган йирик анжуман ташкил этди. Дунёнинг 110 давлат раҳбарлари виртуал оламда дийдорлашиб, демократия йўлида ғов бўлиб турган муҳим муаммоларни муҳокама қилдилар.
Ташкилотчи ва мезбон – АҚШ президенти Жо Байден ўз нутқида дунё бўйлаб эркинликларни ҳимоя қилишга қаратилган 5 банддан иборат салмоқли режани эълон қилди.
Эркин ва ҳур яшаш, бахтли ҳаётга интилиш инсонларга Яратган инъом этган дахлсиз ҳақ-ҳуқуқлар саналади. Аммо дунё бўйлаб мазкур ҳуқуқларга дахл қилувчи таҳдидлар ошиб бораётир. Президент Байден ҳам айни шу хавотирли жиҳатга эътибор қаратган.
«Демократия тасодиф туфайли вужудга келмайди. Биз авлодлар алмашуви билан уни янгилаб бормоғимиз лозим. Бу эса, назаримда, барчамиз учун ортга суриб бўлмайдиган вазифадир. Чунки қўлимиздаги мавжуд маълумотлар ҳаракат янглиш йўналишда кечаётганидан далолат бермоқда», – деди Ж.Байден.
Freedom House, Демократия ва сайловларга кўмак кўрсатиш халқаро институти тадқиқотларига қараганда, демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида дунё бўйлаб ёмонлашув тенденцияси кузатилмоқда.
АҚШ президентига кўра, автократик бошқарув йўлини танлаган ишбошилар қатағон сиёсатини юритиб, эркинликлар йўлига тўғаноқ бўлмоқда. Айни чоқда, демократик ҳукуматларнинг ўз фуқаролари талаб-эҳтиёжига мувофиқ сиёсат юрита олмаётганини ҳам рад этиб бўлмайди.
Оқ уй соҳибининг таъкидлашича, халқ ҳокимияти саналган демократия мустаҳкам тамал-тамойилларга эга, аммо у кези келганда ҳимояга муҳтож бўлади. Дунё ҳамжамияти ҳам ҳозирги шароитда халқларни бирлаштирувчи қадриятлар ҳимояси йўлида бир ёқадан бош чиқармоғи лозимдир.
«Биз адолат, қонун устуворлиги, сўз эркинлиги, йиғилиш эркинлиги, матбуот ва эътиқод эркинлиги, умуман, бизнинг дахлсиз ҳуқуқларимизни муҳофаза этмоғимиз шарт», ؘ– деди АҚШ раҳбари.
Ж.Байден демократик қадриятларни ҳимоя қилиш унинг асосий мақсадларидан бир эканини таъкидлаб, яқинда АҚШнинг гендер тенглиги, коррупцияга қарши кураш каби йўналишларда миллий стратегиялари қабул қилинганини ёдга олди.
АҚШ етакчиси бутун дунёда демократик янгиланиш ташаббусини илгари сурар экан, эркин ва мустақил ОАВни дастаклаш, коррупцияга қарши кураш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, технологияларни ривожлантириш, эркин ва ҳалол сайловларни ҳимоя қилиш мақсадида 424 млн доллар маблағ ажратилишини маълум қилди. Мазкур ташаббус доирасида Мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш халқаро жамғармаси таъсис этилиши кутилмоқда. Жамғарма дунё бўйлаб мушкул вазиятда қолган матбуот вакилларига кўмак кўрсатади. Бундан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамда Давлат департаменти хотин-қизларнинг сиёсий жараёндаги иштирокини ошириш бўйича дастурни амалга оширади.
Таъкидланишича, инсоният демократия ва эркинликлар борасида «ё ҳаёт, ё мамот» даврини бошдан кечираётир. Келгуси авлодлар учун эркин жамият қолдириш учун эса барча илғор фикрли мамлакатлар бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғи шарт.
«Демократия ва ҳақ-ҳуқуқларнинг бир четга сурилишига томошабин бўлиб турамизми ёки инсониятни яна тараққиёт сари бошлаш ва эркинликларни кенгайтириш йўлида муштарак саъй-ҳаракат ҳамда жасорат кўрсата биламизми?!» – дея жаҳон етакчиларини фаолликка чорлаган АҚШ президенти.
Икки кун давом этган анжуман давомида ҳукумат ва давлат раҳбарлари, фуқаролик жамияти вакиллари демократик янгиланиш борасида ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
«Демократик учун саммит» 10 декабрь – БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунда ташкил этилгани рамзий маъно касб этди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди