20:00 / 14.12.2021
3 277

Москвада ёғган кучли қор 32 йиллик рекордни янгилади

Москвада ёғган кучли қор 32 йиллик рекордни янгилади
Фото: «ТАСС»
Москвада бир суткада бир ойлик ёғингарчилик меъёрининг 20 фоизи ёғди. Россия пойтахтида ёғган кучли қор 32 йиллик рекордни янгилади, деб ёзади «Коммерсантъ» мамлакатдаги «Фобос» об-ҳаво марказининг етакчи ходими Евгений Тишковецга таяниб. Шаҳарда 30 дан ортиқ авиарейс кечиктирилган ёки бекор қилинган.

Тишковецнинг айтишича, ВДНХ (Москва шаҳридаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси комплекси)даги базавий метеорология станциясида 9 мм, Балчугда 11 мм, Тушинода эса 10 мм ёғингарчилик қайд этилган. «1989 йилдан бери ВДНХ метеорология станциясида бу куни бундай кучли қор ёғиши кузатилмаган эди, ўша йили метеорологлар 9,9 мм қайд этган», — деб ёзган синоптик Instagram’да.

Унинг сўзларига кўра, энг кўп қор ёғиши Янги Москва (Михайловское) ва Подмоскведаги Долгопруднийда кузатилган — 12 мм. Евгений Тишковецнинг таъкидлашича, декабрь ойи учун ёғингарчилик меёри 56 мм.

Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатидаги маълумотларга кўра, Москва аэропортларида 36 та рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган. Шереметьевода 16 та рейс бекор қилинган, бештаси кечиктирилган. Домодедовога 11 рейс, Внуковога 4 та рейс кечиктирилган.

Россия гидрометеорология маркази Москва ва Подмоскведа об-ҳавонинг сариқ даражадаги хавфидан огоҳлантириш муддатини узайтирди. Туман тушиш хавфидан огоҳлантириш 14 декабрь соат 11:00 гача, музлаш хавфидан огоҳлантириш эса 16 декабргача амал қилади.

Ноябрь охирида Хитой шимоли-шарқидаги провинцияларга кучли қор бўрони ёпирилганди. Баъзи шаҳарларда мактаб ва боғчалар вақтинча ёпилган. Ундан аввал эса Хитой пойтахти Пекинда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани, шаҳарда одатдаги вақтдан деярли бир ой олдин қор ёғгани тўғрисида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада ёғган кучли қор 32 йиллик рекордни янгилади