12:07 / 19.12.2021
1 724

Россия Очиқ осмон шартномасидан расман чиқди

Россия Очиқ осмон шартномасидан расман чиқди
Фото: Shutterstock
18 декабрь куни Россия Очиқ осмон шартномасида иштирок этувчи давлатлар гуруҳидан расман чиқди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

Россия ТИВ шартноманинг «барбод бўлиши»да АҚШни айблади ҳамда «шартнома режимининг таназзулга учраши» учун жавобгарликни Америка ҳукуматига юклади. ТИВ баёнотига кўра, АҚШ ва Россия иштирокисиз шартноманинг самарадорлиги кескин пасаяди, чунки энди ушбу келишув амал қиладиган майдон тахминан 80 фоизга қисқаради.

2020 йил 21 майда ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп ҳам АҚШ ушбу шартномадан чиқиб кетаётганини эълон қилганди. АҚШ ўз қарорини Россия шартнома шартларини бузгани, Москва, Калининград, Чеченистон, Абхазия ва Жанубий Осетия чегаралари яқинида кузатув парвозларини тақиқлагани билан изоҳлаган. Шартномага биноан томонлар бошқа давлатларнинг ҳудудлари бўйлаб текширув парвозларини амалга оширишга ҳақли ҳисобланади. 22 ноябрь куни АҚШ расмий равишда шартномадан чиқди.

Москва қонунбузарликлар юз берганини рад этган ва бу борада Вашингтонни айблаган.

2021 йил январь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Очиқ осмон шартномасидан чиқишга тайёргарлик бошланганини эълон қилди. 11 май куни Путин Россиянинг Очиқ осмон шартномасини денонсация (бекор) қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат Думасига тақдим этди. Қуйи палата 19 май куни чиқишни бир овоздан маъқуллади. 2 июнь куни Федерация Кенгаши қонунни тасдиқлади. 6 июнь куни эса Путин мазкур қонунга имзо чекди.

Маълумот учун, Очиқ осмон шартномаси 1992 йилда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 27 давлат вакиллари томонидан имзоланган. Бугунги кунга келиб шартномада 30 дан ортиқ давлат иштирок этмоқда. Шартнома мамлакатларга бир-бирларининг ҳудудлари бўйлаб кузатув парвозларини амалга оширишга, шунингдек, ушбу жараёнда фото ва видеотасвирлардан фойдаланишга имкон беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Очиқ осмон шартномасидан расман чиқди