23:47 / 30.12.2021
1 560

Путин ва Байденнинг навбатдаги телефон суҳбатидан мақсад — муроса

Путин ва Байденнинг навбатдаги телефон суҳбатидан мақсад — муроса
Фото: «РИА Новости»
Россия ва АҚШ етакчилари Владимир Путин ва Жо Байден ўртасидаги телефон суҳбати «принципиал позицияларни ҳисобга олган ҳолда» муросага келиш учун зарур. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, «РБК» хабар берди.

Аввалроқ Оқ уй икки давлат раҳбарлари ўртасида 30 декабрь куни навбатдаги телефон суҳбати бўлиб ўтишини эълон қилган. Қайд этилишича, янги суҳбатнинг ташаббускори — Россия президенти.

«Ҳар қандай музокаралар ягона мақсад – принципиал позицияларни ҳисобга олган ҳолда муросага эришиш учун олиб борилади», — деди Песков. Икки давлат раҳбарларининг аввалги суҳбатидан кейин сезиларли ўзгаришлар бўлди, қўшимча қилди у.

«Кун тартибига киритилган масалалар — жуда мураккаб субстанциялар. Сўнгги суҳбатдан бери Россия томони ўз позициясини шакллантирди», — деди Кремль вакили. Президентлар ўртасидаги музокаралардан сўнг январга режалаштирилган маслаҳатлашувлар бўлиб ўтмаслиги мумкинми, деган саволга Песков «мумкин эмас», деб жавоб берди.

Оқ уйнинг Россия томонидан кескинликни пасайтиришга уринишлар кузатилмагани ҳақидаги баёнотларига Песков Россия ҳеч қачон кескинликнинг бош манбаси бўлмаганини айтиб, изоҳ берди.

«Россия хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган қадамлар ва чораларни кўради», — деди Путиннинг матбуот котиби.

Песков, шунингдек, давлат раҳбарларининг Москва вақти билан 23:30 га (Тошкент вақти билан 01:30) режалаштирилган телефон суҳбати кеч экани Путинга муаммо бўлмаслигини айтди. «Вақтлар ўртасидаги тафовутни ҳисобга олсак, бу жуда нормал соат. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Биласизми, вақтнинг алламаҳаллиги Россия президенти учун ҳеч қачон муаммо бўлмаган», — деди матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, президентлар аввалги, 7 декабрь куни бўлиб ўтган онлайн музокараларида кун тартибига киритилган масалалар муҳокамасини давом эттириш ниятида. Песков музокаралар ўтказишни Путин таклиф қилганини тасдиқлади.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Эмили Хорн Байден 30 декабрь, пайшанба куни Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказиши ҳақида маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари хавфсизлик кафолатлари бўйича бўлажак музокараларни ҳам муҳокама қилади. Хорннинг таъкидлашича, Путин суҳбат ўтказишни таклиф қилган, Байден эса буни қабул қилган, чунки «Америка раҳбари Россия ҳақида гап кетганда, етакчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди» деган фикрни илгари суради.

Хорннинг таъкидлашича, Байден «агар президент Путин бундан манфаатдор бўлса», кескинликни дипломатик йўл билан юмшатишга чақирмоқчи. Томонлар Москва декабрь ойи ўрталарида Вашингтонга тақдим этган хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш ниятида. Улар орасида собиқ СССР давлатларини НАТОга қабул қилмаслик талаби ҳам бор эди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 22 декабрь куни Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларини шарҳлар экан, улар орасида очиқдан очиқ қабул қилиб бўлмайдиганлари ва муҳокамани талаб этадиганлари борлигини айтганди.

Владимир Путин АҚШ ва НАТОнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларни кўриб чиқишдан бош тортишига Россиянинг ҳарбий-техник жавоби «бутунлай бошқача» бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ва Байденнинг навбатдаги телефон суҳбатидан мақсад — муроса