08:44 / 07.01.2022
1 472

Қозоғистондаги тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар миқдори баҳоланди

Қозоғистондаги тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар миқдори баҳоланди
Фото: «ТАСС»
Қозоғистондаги тартибсизликлардан кўрилган зарарнинг умумий миқдори, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 91 миллион долларни ташкил этмоқда, шундан 89,8 миллион доллари Олмаотага тўғри келади. Бу ҳақда мамлакатдаги «Atameken» тадбиркорлар миллий палатаси маълум қилди.

«Зарар, асосан, бинолар фасади ва ички қисмининг шикастланишидан иборат, шунингдек, қимматбаҳо машиналар, жиҳозлар, интерьер буюмлари, товар захираларини ўғирлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар мавжуд», — дейилади хабарда.

Республика бўйича жами 300 га яқин зарар кўрган бизнес хўжалиги аниқланди, улар 43 та объектда жойлашган (шундан 12 таси савдо-кўнгилочар марказлар ва савдо уйларида). Энг кўп зарар савдо, умумий овқатланиш, транспорт, хизмат кўрсатиш ва молия секторида (банкоматлар) фаолият юритувчи корхоналарга етказилган.

«Корамсак» қурол ассоциацияси маълумотларига кўра, Олмаотада олтита қурол дўкони талон-тарож қилинган. Ташкилот тартибсизликлар давом этаётгани туфайли етказилган зарарнинг барчасини баҳолаш қийинлигини таъкидлаган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 6 январь куни тартибсизликлар оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш, маъмурий бинолар, ижтимоий объектлар, турар жой биноларини тиклашни бошлаш, жабрланган кичик ва ўрта бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берган эди.

Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи кескин ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бошланиб, бир неча кундан сўнг улар тартибсизликларга айланди.

Олмаотада намойишчилар хавфсизлик ходимлари билан тўқнашди. 5 январь куни тартибсизликлар иштирокчилари шаҳар ҳокимлиги биносига бостириб кирган, кейинроқ у ерда ва бош прокуратура биносида ёнғин бошланган. Сўнг улар полиция бошқармалари ва Миллий хавфсизлик қўмитасига ҳужум қилган.

Полиция маълумотларига кўра, тартибсизликлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўндан ортиқ ходими ҳалок бўлган. Қозоғистонда жами мингдан ортиқ одам жароҳатланган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарида.

Шу фонда Тўқаев бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистондаги тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар миқдори баҳоланди