14:33 / 07.01.2022
1 272

Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланганини эълон қилди

Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланганини эълон қилди
Фото: Getty Images
Қозоғистонда конституциявий тартибнинг катта қисми тикланган, бироқ «жангарилар»га қарши кураш давом этмоқда. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев терроризмга қарши кураш бўйича штаб йиғилишида маълум қилди.

«Қонун ва тартибни сақлаш кучлари қаттиқ ишламоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида конституциявий тартибнинг катта қисми тикланди. Маҳаллий ҳокимият идоралари вазиятни назорат қилмоқда», — деди у.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, қуролли шахслар ҳалигача Қозоғистон аҳолисининг мулкига зарар етказмоқда, шунинг учун уларга қарши охиригача курашиш керак. Хавфсизлик идоралари раҳбарлари президентга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучлари республикага келгани ҳақида ҳисобот берди. «Улар вазиятни ҳал қилишга ёрдам бермоқда», — дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.

«Хабар 24» давлат телеканали орқали Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги барча ҳокимликлар ва ички ишлар идоралари устидан назорат тикланганини эълон қилди. Вазирликнинг таъкидлашича, махсус операциялар давомида хавфсизлик кучлари 3 мингдан ортиқ қонунбузарни ҳибсга олган, 26 нафар «қуролли жиноятчи» ўлдирилган, яна 18 нафари ярадор қилинган.

Аввалроқ ИИВ тартибсизликлар чоғида 18 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлгани, яна 748 нафар полиция ва Миллий гвардия зобити яралангани ҳақида маълумот берган.

Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар, шунингдек, террорчилик актларини содир этиш бўйича тергов доирасида жиноий иш қўзғатди. Бу моддалар бўйича айбдор бўлганлар саккиз йилдан умрбодгача қамоқ жазоси билан ёки фуқароликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда давом этаётган норозилик намойишлари фонида аввалроқ президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликлар сабабларини ўрганувчи, айбдорларни аниқловчи ва жавобгарликка тортувчи тергов гуруҳини тузишни буюрган эди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тартибсизликлар иштирокчилари хорижда малака оширган.

Шу муносабат билан Тўқаев КХШТ мамлакатларига мурожаат қилиб, ёрдам сўраганди. Ташкилот чекланган муддатга республикага тинчликпарвар контингент юборди.

Маҳаллий Tengrinews нашрининг хабар беришича, Қозоғистон ҳудудида террорчилик хавфининг «юқори қизил» даражаси жорий этилган. Кейинроқ Миллий хавфсизлик қўмитасига таяниб, бу маълумотни Kazinform агентлиги тасдиқлади.

«Мамлакатнинг барча ҳудудларида аксилтеррор операция режими ўрнатилди», — дея қўшимча қилган қўмита.

Tengrinews хабарига кўра, бундай вазиятда махсус хизматларга шахсий буюмларни кўздан кечириш, транспорт воситаларини тинтув қилиш, шунингдек, уларнинг ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки тақиқлашга рухсат берилади.

Бундан ташқари, хавфсизлик кучларига «турар жой ва бошқа биноларга эркин киришга» рухсат берилган. Улар телекоммуникация тизимлари каналлари орқали узатиладиган музокаралар ёки бошқа маълумотларга кириши мумкин. Шунингдек, бу даврда барча махсус хизматларнинг тўлиқ сафарбарлиги ва жанговар тайёргарлиги назарда тутилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланганини эълон қилди