15:00 / 07.01.2022
1 926

Тўқаев «террорчиларга» қарши огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрди

Тўқаев «террорчиларга» қарши огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрди
Фото: Эфирдан кадр
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 7 январь куни республика телеканалларида халққа мурожаат йўллади. Бу унинг мамлакатда норозилик намойишлари бошланганидан кейинги учинчи мурожаати.

Тўқаев армия ва ҳуқуқ-тартибот идораларига Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этаётган «террорчилар»га қарата ўт очишни буюрганини айтди.

«Террорчилар давлат ва хусусий мулкка зарар етказиш, фуқароларга қарши қурол ишлатишда давом этмоқда. Мен ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армияга нишонга огоҳлантиришсиз ўт очиш ҳақида буйруқ бердим» — деди Тўқаев эфиридаги мурожаатида.

«Хорижликлар муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокаралар ўтказишга чақирмоқда. Қандай бемаънилик! Жиноятчилар, қотиллар билан қандай қилиб музокаралар олиб бориш мумкин», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Қозоғистон президентининг айтишича, полиция ва ҳарбийлар «қуролланган ва шуғуллантирилган босқинчилар» билан тўқнашди, улар орасида нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликлар ҳам бор.

«Уларни йўқ қилиш керак ва тез орада шундай қилинади ҳам... Жангарилар қуролларини ташламаган, улар жиноят қилишда ёки унга тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Уларга қарши охиригача курашиш зарур. Таслим бўлмаганлар йўқ қилинади», — дея ваъда берди Тўқаев. У «ҳуқуқ-тартибот идоралари»нинг махсус кучлар, махсус восита ва техникалар етишмаган тақдирда ҳам, топшириқни бажаришга тайёрлигини таъкидлади.

Аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартибнинг катта қисми тикланганини эълон қилганди. У «жангарилар»га қарши кураш давом этаётганини айтган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, махсус операциялар давомида хавфсизлик кучлари 3 мингдан ортиқ қонунбузарни ҳибсга олган, 26 нафар «қуролли жиноятчи» ўлдирилган, яна 18 нафари ярадор қилинган. Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар, шунингдек, террорчилик актларини содир этиш бўйича тергов доирасида жиноий иш қўзғатди. Мамлакат ҳудудида террорчилик хавфининг «юқори қизил» даражаси жорий этилган.

Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи кескин ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бошланиб, бир неча кундан сўнг улар полиция билан қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

ИИВ тартибсизликлар чоғида 18 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлгани, яна 748 нафар полиция ва Миллий гвардия зобити яралангани ҳақида маълумот берди.

Мамлакатдаги кескинлик муносабати билан Тўқаев КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)га мурожаат қилиб, ёрдам сўраганди. Ташкилот чекланган муддатга республикага тинчликпарвар контингент юборди.

Қозоғистондаги тартибсизликлардан кўрилган зарарнинг умумий миқдори, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 91 миллион долларни ташкил этмоқда, шундан 89,8 миллион доллари Олмаотага тўғри келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев «террорчиларга» қарши огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрди