00:12 / 11.01.2022
1 866

Назарбоев сиёсий ислоҳотларни секинлаштириб турганди. Эксперт билан интервью

Назарбоев сиёсий ислоҳотларни секинлаштириб турганди. Эксперт билан интервью
Сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов
Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Қозоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишлари якуни билан мамлакатда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар бўйича бир неча хил сценарийларни тахмин қилди.

«Бу жуда катта ва мураккаб савол. Бу саволга ҳатто буюк олимлар ҳам аниқ жавоб беролмаса керак. Прогноз - бу жуда оғир иш.
Назаримда, энг биринчи ва шубҳа туғдирмайдиган хулоса – Назарбоевнинг даври тугади. Яъни Нурсултон Назарбоев сиёсий саҳнадан буткул ғойиб бўлди. Унинг Қозоғистондаги сояси йўқолди.

Иккинчидан, агар қозоқ биродарларимиз оқилона иш қилса, Қозоғистонга чекланган муддатга келган КХШТ кучлари у ерни тарк этади. Чунки уларга бошқа иш қолмайди.

Фикримча, қозоғистонликлар ҳам буни тушуниб турибди, вазиятни кескинлаштиришнинг кераги йўқ.

Учинчидан, Тўқаевнинг сиёсий қиёфаси, обрўси ва тақдири масаласи. Назарбоев кетгани билан амалда у анча-мунча қалтис ишларини қилишга улгурди (мамлакатга КХШТ кучларининг кириши назарда тутилмоқда – таҳр). Шу ишлардан кейин савол туғиладики, тинчлик, осойишталикни таъминлашда Тўқаевнинг хизмати бўлмабди-да?

Чунки мамлакатдаги миллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар билан тинчликни таъминлашга унинг қурби етмади. Москвага, КХШТга муҳтож бўлиб қолибди-да деган саволлар ўртага чиқаверади. Бу билан унинг сиёсий портретига ҳам айрим доғлар тушди. Энди унинг сиёсий портрети ҳақидаги саволлар кўтарилаверади.

Балки Тўқаев кейинги сайловгача президент бўлиб қолар, лекин унинг халқ олдидаги обрўйига сезиларли таъсир бўлди», дейди таҳлилчи.

Фарҳод Толиповнинг қўшимча қилишича, Қозоғистонда кутилаётган яна бир ўзгариш бу сиёсий транзитнинг (ислоҳотлар бориши) авж олиши билан боғлиқ.

«Агар шу пайтгача Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги сиёсий ислоҳотларни «тормоз» сифатида секинлаштириб турган бўлса, энди уларнинг тезлиги ошади.

Бу билан Тўқаев ўз сиёсий портретига тушган доғларни ўчиришга ҳаракат ҳам қилади. Чунки ўтган воқеалар Қозоғистонда сиёсий ислоҳотларга зарурат борлигини тўла кўрсатиб берди.

Балки эндиликда сиёсий мухолифатга ҳам йўл берилар. Ҳозир Қозоғистоннинг ягона мухолиф лидери Мухтор Аблязов қувғинда. Лекин уми, бошқасими сиёсий плюрализм ва демократик ислоҳотларнинг вақти келди.

Назарбоев бу ислоҳотлардан шу пайтгача авторитар тизими орқали қочиб келган бўлса, Тўқаев қочолмайди. У бунга мажбур, чунки халқи «пишди». Халқ онги сиёсий тафаккур ва ғоялар билан йўғрилди. Умуман, бу каби ғоялар уларда аввал ҳам бўлган, чунки бу қозоқларнинг биринчи бор чиқиш қилиши эмас. Яъни, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар даври келди», — дейди таҳлилчи.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоев сиёсий ислоҳотларни секинлаштириб турганди. Эксперт билан интервью