Фото: AFP
Германия флоти қўмондони, вице-адмирал Кай-Аҳим Шёнбаҳ Ҳиндистондаги конференция чоғида Путин ҳурмат талаб этаётгани ва бунга муносиб эканини, шунингдек, Қрим ҳеч қачон Украина таркибига қайтмаслигини айтди, бир кун ўтиб, бу ҳақда Германиядагилар хабар топганида ўз сўзларини хатолик деб атади ва истеъфо берди.
Мудофаа вазири Кристин Ламбреҳтга истеъфо ҳақида ариза ёзгани ва бу ариза қабул қилингани ҳақида вице-адмирал Шёнбаҳ шанба куни кечқурун флот матбуот хизмати орқали маълум қилди.
«Мен томонимдан Ҳиндистонда ўйламай билдирилган баёнот вазирликка оғир юк бўлиб тушмоқда. Мен бу қарорни Германия флоти, бундесвер ва бутун Германия Федератив республикасини мен туфайли келадиган зарардан эҳтиёт қилиш учун зарур деб биламан», дея Шёнбаҳнинг баёнотидан иқтибос келтиради немис матбуоти.
Немис флоти раҳбари жума куни Деҳлидаги Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлиллари институтидаги конференцияда қилган чиқишида Путин ва Қрим ҳақида гапирганди.
«Аслида у [Путин] уни ҳурмат қилишларини истайди [...] Худойим, кимгадир ҳурмат кўрсатиш қимматга тушадиган иш эмас, бу умуман арзимас иш. У талаб этаётган ва у лойиқ бўлган ҳурматни кўрсатиш жуда осон», деганди Шёнбаҳ.
Россиянинг Украинага нисбатан ҳаракатларини муҳокама қилар экан, Шёнбаҳ қандайдир тарзда реакция қилиш кераклигини тан олган ҳолда, Қрим ҳеч қачон Украина таркибига қайтмаслигини ва бу фактни тан олиш кераклигини қўшимча қилган.
Шанба куни, вице-адмирал Шёнбаҳнинг чиқиши немис матбуоти томонидан Youtube саҳифаларида тарқатилганидан сўнг мудофаа вазирлиги бу сўзлар Германия расмий позициясини ифода этмаслигини маълум қилди, флот қўмондонининг ўзи эса твиттерда айбига иқрор бўлди.
«Ҳиндистондаги таҳлилий институтда хавфсизлик сиёсати бобидаги муҳокамадаги сўзларим менинг ўша жой ва ўша вақтдаги шахсий мулоҳазаларимдир. Бу сўзлар ҳеч қанақасига бундесвер расмий позициясини ифода этмайди [...]
Мен бундай қилмаслигим керак эди, бу очиқчасига хато фикр бўлди», дея ёзди вице-адмирал Шёнбаҳ. Бир неча соатдан кейин у истеъфога чиқди.
Германия мудофаа вазирлиги ҳам вице-адмиралнинг сўзлари мамлакат расмий позициясини акс эттирмаслигини билдирган. «Ушбу баёнотлар мазмун ва шакл жиҳатидан вазирлик позициясига ҳеч қанақасига мос келмайди», деган вазирлик вакили. Унинг қўшимча қилишича, Шёнбаҳга бундесвер бош инспектори Эберҳард Зорн олдида «мулоҳаза билдириш имкони берилади».
Шёнбаҳнинг чиқиши Германия Болтиқ бўйи давлатларига улардаги немис гаубицаларини (замбарак) Украинага етказиб беришга тақиқ қўйиши билан бир вақтга тўғри келди.
Украина норози
Украина ТИВ Германия ҳукуматининг бу қарорини ҳам, немис флоти қўмондонининг сўзларини ҳам қоралади.
Украина Германия ҳукуматидан ҳарбий-денгиз кучлари раҳбарининг сўзларини рад этишни талаб қилди. Вазирлик матбуот котиби Олег Николенко бу «Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳамда Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни юмшатиш ҳаракатларига путур етказиши»ни таъкидлади.
Германиянинг Киевдаги элчиси Анка Фелдгузен Украина ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, вазир Дмитрий Кулеба твиттер орқали ўз позициясини қисқача ифодалади.
«Германиянинг Украинага мудофаа қуролларини етказиб бериш имконсизлиги, жумладан учинчи давлат орқали етказишга рухсат йўқлиги бўйича қарори, Қримни қайтаришнинг истиқболи йўқлиги ҳақидаги баёнот, Россияни SWIFT тизимидан узиш масаласидаги иккиланиш - муносабатларимиз даражасига ва ҳозирги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга тўғри келмайди», дея ёзган украиналик вазир. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда