23:05 / 23.01.2022
1 635

СССР уриб туширган корейс «Boeing»: Бу халқаро иқтисодий санкцияларга жавоб эдими?

СССР уриб туширган корейс «Boeing»: Бу халқаро иқтисодий санкцияларга жавоб эдими?
Фото: Wikipedia
38 йил аввал Жанубий Кореянинг Нью-Йорк–Сеул йўналишида учаётган Боинг-747 самолёти Узоқ Шарқда СССРнинг Су-15 қирувчи самолёти билан уриб туширилади. Самолёт бортидаги 246 нафар йўловчи ва 23 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

1983 йилда дунёдаги сиёсий вазият анча таранг эди. Бир тарафда совет армияси Афғонистонда «социалистик тузум душманларига қарши кураш» баҳонасида афғон халқига қарши жанг қиларди. Бошқа томондан шу уруш туфайли ғарб совет иттифоқига қарши халқаро иқтисодий санкциялар жорий этган, АҚШ ва СССР ўртасида «совуқ уруш» ҳолати авжи палласига чиққанди.

Мана шундай вазиятда, 1 сентябрь куни СССРнинг Су-15 қирувчи самолёти Узоқ Шарқда Жанубий Кореяга тегишли Боинг-747 йўловчи самолётини уриб туширади. Оқибатда, самолёт бортида бўлган 269 киши ҳалок бўлади.

Бу ҳодисадан сўнг дунёнинг кўплаб мамлакатларида СССРга қарши намойишлар бошланиб кетади.

СССР аввалига самолёт уриб туширилганини тан олмайди. Ҳолат исботлангач, Боинг-747 СССР ҳудудига ўтгани ва ҳарбий самолёт деб гумон қилиниб, уриб туширилгани айтилади. Халқаро ҳамжамият эса СССР ҳарбийлари самолётнинг фуқаро авиациясига тегишли эканини била туриб уриб туширган, деган хулосага келади.

Ўша пайтлар СССР ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилмаган эди. Ҳар икки давлат 1950–1953 йилларда Корея яриморолида содир бўлган фуқаролар урушидан кейин ўзаро душманчилик позициясида эди. Ўша уруш туфайли БМТ Жанубий Корея ва КХДРни ўз сафига қўшмай келаётганди.

Самолёт уриб туширилгач, ғарб мамлакатларининг СССР билан муносабатлари баттар совуқлашади: Аввалроқ эълон қилинган иқтисодий санкциялар янада кучайтирилади.

Korean Air Lines’га қарашли Боинг-747
Жанубий Корея авиакомпаниясига қарашли Боинг-747 1972 йилда ишлаб чиқарилган. Самолёт илк парвозини ўша йили 17 март куни амалга оширган ва 31 март куни ГФРнинг Condor Airlines авиакомпаниясига сотилган.

1979 йил 3 февралда самолётни кореяликлар сотиб олади. Самолёт Нью-Йорк-Сеул йўналишида KE007 рейси остида мунтазам парвозларга қўйилган. Уриб туширилган кунгача самолёт 9237 та учиш-қўнишни амалга оширган ва жами 38,7 минг километр масофани босиб ўтганди.

Боинг-747’нинг уриб туширилиши
1983 йил 31 август куни Боинг-747 Нью-Йоркдан ҳавога кўтарилади ва бир неча соатлик парвоздан сўнг ёнилғи қуйиш учун Аляскадаги Анкориж аэропортига қўнади. Самолёт 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 3:00да самога кўтарилади ва парвозни давом эттиради. Парвоз вақтида Боинг-747 учувчилари йўналишдан бироз чалғишади ва самолёт СССР ҳаво чегарасини бузиб, аввалига Камчатка ярим ороли, сўнг Сахалин оролининг жанубий қисми устидан учиб ўтади.

Фото: Wikipedia
Ўша куни соат 17:42 да Боинг-747 Камчатка ороли устидан учиб ўтаётганда СССРнинг Узоқ Шарқдаги 865-қирувчи авиаполкига қарашли Су-15 қирувчи самолёти Камчаткадаги Елизово аэродромидан ҳавога кўтарилади. Бироз ўтиб, Боинг-747 халқаро ҳаво ҳудудига киргач, Су-15 ортга қайтади.

Кўп ўтмай Боинг-747 яна ўз йўналишидан четга чиқиб, энди Сахалин оролининг жанубий қисми узра уча бошлайди. Ҳавога уни таъқиб этиш учун МиГ-23 ва Су-15 қирувчи самолётлари кўтарилади. Су-15 анча вақт Боинг-747’ни кузатиб боради ва ҳавога огоҳлантирувчи снарядлар отади. Аммо Боинг-747 экипажи бунга эътибор бермай, парвозда давом этади.

Соат 18:24 да совет қирувчи самолётларига ҳаво чегарасини бузиб кирган объектни йўқ қилиш топшириғи берилади. Су-15 Боинг-747’га 5 километр яқин бориб, иккита ракета учиради. Биринчи ракета самолётга тегмайди. Иккинчиси мўлжалга аниқ тегади ва Боинг-747 ҳавонинг ўзида портлаб кетади. Унинг бортида бўлган 246 нафар йўловчи ва 23 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

Кейинчалик маълум бўлишича, Жанубий Кореяга қарашли йўловчи самолётини уриб тушириш Узоқ Шарқ ҳарбий округи қўмондони Иван Третяк томонидан берилган. Шу тариқа буйруқ унвон поғоналари занжири билан Су-15 учувчиси подполковник Осиповичгача етган ва у самолётни уриб туширган.

Аммо кейинчалик, чегарани бузиб ўтган йўловчи самолётни уриб тушириш буйруғи Москвадан — Юрий Андропов томонидан берилган деган гаплар ҳам ўртага чиқади.

Ҳодиса оқибатлари
Самолёт уриб туширилгач, унинг бўлаклари Тинч океанининг Сахалин оролидан 37 километр жанубига, Лаперуз бўғозига қулаб тушади. Бу жой Сахалин ва Япониянинг Ҳоккайдо ороли ўртасида жойлашган эди. Табиийки, самолёт қулаган жой СССР ҳарбийлари томонидан ўраб олинади ва Боинг-747’нинг бўлаклари ва қора қутиси улар томонидан олиб кетилади.

Фото: Wikipedia
Ўшанда самолёт бортида жами 16 та давлат фуқаролари бўлган:
Жанубий Кореядан – 105 нафар (уларнинг 23 нафари экипаж аъзолари);
АҚШдан – 62 нафар;
Япониядан – 28 нафар;
Тайвандан – 23 нафар;
Филиппиндан – 16 нафар;
Ҳонгконгдан – 12 нафар;
Канададан – 8 нафар;
Тайланддан – 5 нафар;
Буюк Британиядан – 2 нафар;
Австралиядан – 2 нафар;
Доминикан, Ҳиндистон, Эрон, Малайзия, Швеция, Вьетнамдан 1 нафардан.

Ҳалок бўлганлар орасида бир қатор таниқли шахслар, жумладан, АҚШ Конгресси аъзоси Лоуренс Макдоналд ҳам бор эди. АҚШ ва Жанубий Корея СССРдан сувдан олиб чиқилган самолёт парчалари, жасадларнинг бўлаклари ва қора қутини талаб қилишади. Аммо Москва уларни бермайди.

Фото: Wikipedia
Ҳодиса ҳақида СССРнинг расмий баёноти
Ҳодиса содир бўлган пайтда Жанубий Корея расмийлари самолёт ноқулай об-ҳаво шароити туфайли мажбуран СССР ҳудудига қўнган, деб ўйлашади.

СССРда эса ҳодиса ҳақида маълумот берилмайди. Ўша кунларда давлат раҳбари Юрий Андроповнинг тоби қочганди ва совет расмийлари унинг рухсатисиз сукут сақлашни афзал кўришади.

Аммо ҳодиса ҳақида маълумот бериш учун турли режалар қилинган. Аввалига самолёт хатолик туфайли уриб туширилганини айтиб, узр сўрашмоқчи бўлишади. Сўнг самолёт разведка маълумотларини олиш учун чегарани бузиб кирганида уриб туширилгани айтилиши белгиланади.

Ҳодисадан уч кун ўтиб, 1983 йил 3 сентябрь куни ТАСС орқали СССР чегарасини номаълум учувчи объект бузиб киришга урингани ва огоҳлантиришлардан сўнг орқага қайтиб, радарлардан йўқолгани ҳақида хабар тарқатилади.

9 сентябрь куни Мудофаа вазирининг ўринбосари, СССР қуролли кучлари бош штаби бошлиғи маршал Николай Огарков иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Жанубий Кореяга қарашли самолёт разведка маълумотларини олиш учун давлат чегараларини бузиб кирганда йўқ қилингани айтилади.

Огарков вафот этганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, барча айбни АҚШ ҳарбий учувчиларига тўнкайди.

Боинг-747’нинг уриб туширилишига халқаро майдонда муносабат
СССРдан фарқли равишда АҚШ ҳодиса ҳақида энг биринчи бўлиб хабар тарқатади. АҚШ давлат котиби Жорж Шулц ҳодисадан саноқли соатлар ўтиб, фавқулодда матбуот анжумани ўтказади ва Боинг-747 СССР ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини маълум қилади. Ўша заҳоти бу хабар ОАВ орқали бутун дунёга тарқалади.

Боинг-747’нинг уриб туширилгани ҳақида хабар тарқалиши ортидан энг аввал самолёт бортида фуқаролари бўлган мамлакатларда совет иттифоқига қарши намойишлар бошланиб кетади.

СССР ҳарбийларининг ишидан, айниқса, Жанубий Корея аҳолиси дарғазаб бўлади. Мамлакатнинг барча шаҳарларида совет иттифоқига қарши кенг миқёсда намойишлар бўлиб ўтади ва уларда ўроқ-болға тасвири туширилган қизил байроқлар оммавий тарзда ёқилади.

Фото: прод.вс
Бундан ташқари, дунёнинг кўзга кўринган сиёсатчилари самолётнинг уриб туширилишини қоралашади. АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Роналд Рейган 5 сентябрь куни самолётнинг уриб туширилишини «Зулм салтанатининг инсониятга қарши жинояти» деб атайди.

Орадан бир кун ўтиб, АҚШнинг талаби билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ўтказилади ва қатнашчиларга совет ҳарбий учувчиларининг ўзаро суҳбати ёзилган махфий аудиоёзувлар ва самолёт қулаб тушган жойнинг харитаси кўрсатилади.

Боинг-747 уриб туширилган кун, 2 сентябрдан бошлаб АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси Нью-Йорк–Сеул йўналишида парвозларни тўхтатади. Орадан бир ой ўтиб, 1983 йил 2 ноябрь куни ушбу қатнов қайта тикланади.

Шунингдек, совет йўловчи самолётларининг АҚШга парвози ҳам тақиқланади.

Ҳодиса ҳақида суриштирувлар
Самолёт Охота денгизининг СССРга қарашли қисмига қулаб тушгани учун 1991 йилгача ҳодиса юзасидан халқаро суриштирувлар ўтказишнинг иложи бўлмайди. Боз устига, қора қути ҳам СССРда сақланади.

Ҳодисада ҳалок бўлган АҚШ фуқароларининг қариндошлари қора қутини халқаро комиссия ихтиёрига топширишни сўраб Горбачёвга мурожаат қилишади. Аммо у мурожаатларни эътиборсиз қолдиради.

Совет иттифоқи парчалангач, энди улар Россия президенти Борис Елцинга мурожаат қилишда давом этишади. 1992 йилда Елциннинг махсус фармони билан Боинг-747’га тегишли қора қути ва бошқа ашёвий далиллар Жанубий Кореяга топширилади. Шундан сўнг, ҳодиса ҳақида янги суриштирувлар бошланади.

«Бу қарорга келиш осон бўлмади, аммо уни қабул қилиш зарур эди. Афсуски, совет иттифоқининг раҳбарлари ҳодиса тафсилотларини яхши билган ҳолда уни халқаро ҳамжамиятдан яшириб келишди. Бундан афсусдамиз. Бу қароримиз инсонпарварлик қоидаларига асосланган. Қолаверса, «Совуқ уруш» давридаги бу даҳшатли ҳодиса тафсилотларини оммага ошкор қилишни ўз бурчимиз деб биламиз»,— деган эди Борис Елцин.

Самолётнинг уриб туширилгунгача бўлган муддатдаги овозлари эшитиб кўрилганда Боинг-747 автопилот ёрдамида мунтазам парвоз қилган магнит курси бўйича учгани маълум бўлади.

Иккинчи комиссия эса Боинг-747 учувчилари автопилотни ёққан пайтда нотўғри йўналиш белгилашгани ва шу сабабли самолёт СССР ҳудудига бироз ўтиб кетганини аниқлашади. Улар учувчилар бу ишни атайин содир этмаганини, ҳаммаси тасодифан рўй берганини, СССР ҳарбийлари самолётни уриб тушириб, катта хатога йўл қўйганини айтишган.

1993 йилда Сахалин оролидаги Невелск шаҳрида ҳодиса қурбонларига бағишлаб ёдгорлик ўрнатилади. Унинг очилишида дунёнинг кўплаб давлатлари фуқаролари, ҳодиса қурбонларининг қариндошлари қатнашади.

Товон пули
1988 йилда АҚШда Вашингтон округ суди самолётда учган АҚШлик йўловчиларнинг қариндошлари томонидан Korean Air Lines авиакомпаниясидан ундириладиган товон пулининг юқори чегарасини белгилаш ҳақидаги даъвосини рад этади.

Буни суд Боинг-747 учувчилари совет қирувчи самолётларининг ҳаракат услублари билан таниш бўлишлари лозим бўлган ҳолда, ўз мажбуриятларини бажаришда эътиборли бўлмагани билан тушунтирган.

Муқобил тадқиқотлар
1997 йилда япон разведкасининг юқори мартабали собиқ ходими Йосиро Танаканинг «Боинг-747 парвози ҳақида ҳақиқатлар» китоби чоп этилади. Ўз вақтида Йосиро СССРнинг Узоқ Шарқдаги ҳарбий объектларидаги радиосўзлашувларни яширинча эшитиш билан шуғулланган.

У ўз китобида Боинг-747 уриб туширилган куни самолёт учувчиларининг ўзаро суҳбатларини ҳам эшитганини ёзган. Унинг келтиришича, самолётнинг уриб туширилишига АҚШ ҳарбийлари айбдор. Кореялик учувчилар уларнинг фитнасига учиб, СССР ҳудудига кирган.

Бундан ташқари, Боинг-747’ни АҚШ разведка самолёти уриб туширган деган тахминлар ҳам билдирилган. Аммо собиқ совет ҳарбийлари 90-йилларда бу тахминлар реалликдан анча йироқлигини ва Боинг СССР ҳарбий самолёти томонидан уриб туширилганини айтишган.

Боинг-747 уриб туширилиши катта шов-шув келтириб чиқаргани учун мазкур ҳодисадан кейин СССР ҳарбий учувчиларига чегарани бузиб ўтган фуқаро авиациясига қарашли самолётларни уриб тушириш қатъиян тақиқланади.

Боинг-747’нинг уриб туширилиши ягона ҳолат эмас
Дунёда илк уриб туширилган фуқаро авиациясига тегишли самолёт China National Aviation Corporation авиакомпаниясига қарашли Douglas DC-2-221 самолёти бўлган. Бу самолёт Гонконг-Учжоу шаҳарлари орасида қатновларни амалга оширган. Уни 1938 йилда Япония қирувчи самолёти уриб туширган.

Энг сўнггиси, 2020 йил 8 январь куни Теҳрон яқинида «Украина халқаро ҳаво йўллари»га қарашли Boeing 737-800 самолёти Эрон ҳарбийлари томонидан уриб туширилади. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » СССР уриб туширган корейс «Boeing»: Бу халқаро иқтисодий санкцияларга жавоб эдими?